YouVersion Logo
Search Icon

Қонунлар 4

4
4–БОБ
Мусо Исроил халқини Худога итоат қилишга ундайди
1Энди, эй Исроил, мен сизларга фармонлар ва қонун–қоидаларни ўргатаман. Уларга риоя қилинглар. Шунда яшайсизлар, ота–боболарингизнинг Худоси — Эгангиз сизларга бераётган ерни мулк қилиб оласизлар. 2Мен сизларга айтаётган амрларга ҳеч нарса қўшманглар, ҳеч нарса олиб ҳам ташламанглар. Мен сизларга бераётган Эгангиз Худонинг амрларига риоя қилинглар. 3Эгамиз Пиёр тоғида нималар қилганини#4:3 Эгамиз Пиёр тоғида нималар қилганини… — Саҳрода 25:1-9 га қаранг. ўз кўзларингиз билан кўрдингизлар. Пиёрдаги Баалга сажда қилган ҳаммани Эгангиз Худо йўқ қилган эди. 4Эгангиз Худога содиқ бўлганлар эса бугун ҳам тирикдир.
5Эгам Худо амр қилгандай, сизларга фармонларни ва қонун–қоидаларни ўргатдим. Мулк қилиб олаётган ўша юртда буларга риоя қилинглар. 6Мана шу фармонлар ва қонун–қоидаларни битта қолдирмай бажаринглар, токи сизларнинг ақл–идрокингизни бошқа халқлар кўрсин. Улар бу қонунлар ҳақида эшитиб: “Ҳа, ҳақиқатан бу буюк халқ доно, ақл–идроклидир”, деб айтсин.
7Эгамиз Худога ҳар сафар илтижо қилганимизда У бизга яқиндир. Қайси буюк халқнинг шундай худоси бор?! 8Бугун мен сизларга фармонлар ва қонун–қоидалар беряпман. Қайси буюк халқнинг шундай адолатли қонун–қоидалари бор?! 9Фақат ҳушёр бўлинглар. Кўзларингиз билан кўрганларингизни унутмай, бир умр юрагингизда сақланглар. Буларни ўғилларингизга, невара–чевараларингизга ҳам айтиб беринглар. 10Сизлар Синай тоғида#4:10 Синай тоғи — ибронийча матнда Хорев тоғи, Синай тоғининг яна бир номи (шу бобнинг 15–оятида ҳам бор)., Эгангиз Худо олдида турган кунингизни эсланглар. Ўша куни Эгамиз менга айтганди: “Менинг ҳузуримга халқни йиғ. Улар сўзларимни эшитиб, ер юзида бутун умрлари давомида Мендан қўрқишни ўргансинлар, болаларига ҳам ўргатсинлар.”
11Сизлар яқин келиб, тоғнинг этагида турдингизлар. Тоғ эса осмонгача кўтарилган оловга бурканиб, қоп–қора булутлар билан қопланган эди. 12Эгамиз олов ичидан сизларга гапирди. Сизлар Унинг сўзларини эшитдингизлар, қиёфасини эса кўрмадингизлар. Фақат Эгамизнинг овози эшитилар эди, холос. 13У Ўз аҳдини сизларга аён қилиб, бу аҳдни — ўнта амрни бажаринглар, деб фармон берди. Эгамиз уларни икки тош лавҳага ёзди. 14Иорданни кечиб, мулк қилиб оладиган юртда бажаришингиз керак бўлган фармонлар ва қонун–қоидаларни мен сизларга ўргатишимни Эгамиз буюрди.
Бутпарастлик ҳақида огоҳлантириш
15Синай тоғида Эгамиз олов ичидан сизларга гапирганда, сизлар бирон қиёфа кўрмадингизлар. Шунинг учун эҳтиёт бўлинглар. 16Яна йўлдан озиб, ўзингизга эркак ё аёл қиёфасидаги бутни, 17ерда яшайдиган жонивор ё осмонда учиб юрувчи қуш қиёфасидаги бутни, 18ерда судралиб юрувчи жонивор ёки сувдаги балиқ қиёфасидаги ҳеч қандай бутни ясаманглар. 19Шунингдек, осмонга қараб, қуёш, ой ва юлдузларни, жамики самовий жисмларни кўриб васвасага тушманглар, уларга сиғинманглар, хизмат қилманглар. Ахир, Эгамиз Худо буларни дунёда яшовчи барча халқлар учун берди. 20Сизларни эса Эгамиз Ўзи учун танлаб олди. Бугунгидай Унинг халқи бўлишингиз учун сизларни Мисрдан — темир ўчоқ ичидан олиб чиқди. 21Эгамиз сизларнинг дастингиздан мендан ғазабланди#4:21 Эгамиз сизларнинг дастингиздан мендан ғазабланди… — Саҳрода 20:2-13, 27:12-14 га қаранг.: “Мен Исроил халқига мулк қилиб берадиган Иорданнинг нариги томонидаги ўша ҳосилдор юртга сен кирмайсан”, — деб қасам ичди. 22Мен Иорданнинг нариги томонига ўтолмайман, мана шу ерда вафот этаман. Сизлар эса Иордандан ўтиб, ўша ҳосилдор юртни мулк қилиб оласизлар. 23Шундай экан, эҳтиёт бўлинглар, Эгангиз Худо сизлар билан қилган аҳдни эсдан чиқарманглар. У тақиқлаган қиёфадаги бирорта бутни ўзларингизга ясаманглар. 24Ахир, Эгангиз Худо ямламай ютадиган оловдир, У рашкчи Худодир#4:24 …У рашкчи Худодир — Чиқиш 34:13-14 га қаранг..
25Ўша юртда кўп яшайсизлар, болаларингиз, набираларингиз туғилади. Агар ўшанда йўлдан озсангиз, Эгангиз Худонинг олдида қабиҳлик қилиб, ўзингизга турли қиёфадаги бутларни ясасангиз, У ғазабланади. 26Бугун сизларга қарши еру осмонни гувоҳ қиламан: агар менга итоатсизлик қилсангиз, юртдан тез орада бутунлай қирилиб кетасизлар. Иорданни кечиб, мулк қилиб оладиган юртда узоқ яшамайсизлар. Биттангиз қолмай ҳалок бўласизлар. 27Эгамиз сизларни бошқа халқларнинг орасига тарқатиб юборади. Ўша халқлар орасида айримларингиз омон қоласизлар. 28У ерда инсон қўли билан ясалган ёғоч ва тош худоларга хизмат қиласизлар. У худолар кўролмайди, эшитолмайди, овқат ея олмайди, ҳид билмайди. 29Аммо у ерда Эгангиз Худога юз бурсангиз, бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан Уни изласангиз, топасизлар. 30Кулфатда қолганингизда, бошингизга кўргиликлар тушганда, охири Эгангиз Худога қайтасизлар, Унинг сўзига қулоқ соласизлар. 31Ўшанда У сизларни тарк этмайди, йўқ қилмайди, ота–боболарингиз билан қасам ичиб қилган аҳдини унутмайди. Эгангиз Худо раҳмдил Худодир.
32Энди сизлар дунёга келмасдан олдинги узоқ ўтмишни, Худо ер юзида одамни яратган даврдан шу кунгача бўлган даврни суриштириб кўринглар. Дунёнинг бу четидан у четигача сўранглар–чи, шу қадар муҳим воқеа бўлганми ёки шунга ўхшаш нарса ҳақида бирортаси эшитганми?! 33Сизларга ўхшаб олов ичидан гапирган Худонинг овозини эшитиб, тирик қолган бирорта халқ борми?! 34Эгангиз Худо сизлар учун Мисрда нималар қилганини ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Қайси худо синовлар, аломату мўъжизалар орқали, уруш, қудратию ажойиботлари ва даҳшатли воқеалар орқали бир халқни Ўзи учун бошқа халқ орасидан олиб чиққан?! 35“Эгамиз Худодир, Ундан бошқа Худо йўқ”, деб англашингиз учун бу воқеалар сизларга аён қилинган. 36У сизларга йўл–йўриқ кўрсатиш учун самодан овоз берди. Ер юзида олов устуни орқали сизларга зоҳир бўлди. Сизлар ўша буюк олов ичидан Унинг овозини эшитдингизлар. 37Эгамиз Худо ота–боболарингизни севар эди. Шунинг учун ўзларидан кейин уларнинг авлодларини танлади. Эгамиз зоҳир бўлиб, Ўзининг буюк қудрати билан сизларни Мисрдан олиб чиқди. 38Эгамиз сизлардан каттароқ ва кучлироқ халқларни олдингиздан ҳайдаб, уларнинг юртига сизларни киритмоқчи эди, худди бугунгидай, мулк қилиб оладиган ерларингизни сизларга бермоқчи эди.
39Эгамиз еру самодаги Худодир, Ундан бошқа Худо йўқдир. Шуни бугун тан олиб, доимо юрагингизда сақланг.
40Бугун мен сизларга Эгамизнинг фармонлари ва амрларини айтяпман, шуларга риоя қилинглар. Шунда ўзларингиз ҳам, наслингиз ҳам фаровон ҳаёт кечирасизлар. Эгангиз Худо абадий қилиб бераётган ўша юртда узоқ яшайсизлар.
Иорданнинг шарқидаги паноҳ шаҳарлар
41Шундан кейин Мусо Иордан дарёсининг шарқ томонида учта шаҳарни ажратди. 42Агар кимдир биронта одамни бехосдан, адоват қилмай ўлдирган бўлса, ўша шаҳарлардан бирига қочиб бориб, жонини қутқариши мумкин#4:42 …ўша шаҳарлардан бирига қочиб бориб, жонини қутқариши мумкин — 19:1-13 га қаранг.. 43Бу шаҳарлар қуйидагилар эди: Рубен қабиласи учун ясси тепаликдаги Базер шаҳри, Гад қабиласи учун Гиладдаги Рамўт шаҳри, Манаше қабиласи учун Башандаги Гўлон шаҳри.
Мусо Исроил халқига қонунларни баён қила бошлайди
44Мусо Исроил халқига қуйидаги қонунларни берди. 45Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин, Мусо шу шартлар, фармонлар ва қонун–қоидаларни айтди. 46Мусо буларни Иордан дарёсининг шарқий қирғоғида, Байт–Пиёр рўпарасидаги водийда баён қилди. Бу ер илгари Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўнга қарашли эди. Мусо билан Исроил халқи Мисрдан чиққанларида, Сихўнни мағлуб қилган эдилар. 47Исроил халқи Иордан дарёсининг шарқида яшаган иккала Амор шоҳининг юртларини, яъни шоҳ Сихўннинг ва Башан шоҳи Ўгнинг юртини босиб олган эди. 48Бу жойлар Арнон сойлиги этагидаги Арор шаҳридан Сириён#4:48 Сириён — ибронийча матнда бу номнинг бошқа варианти Сиён. Унинг Сириён деган шакли 3:9 дан олинган. тоғигача, яъни Хермон тоғигача чўзилган эди. 49Шунингдек, Фисгах тоғ тизмасининг этагидаги Ўлик денгизгача чўзилиб, Иордан дарёсининг шарқ томонидаги бутун Иордан водийсини#4:49 …Ўлик денгиз…Иордан водийси… — ибронийча матнда …Араба денгизи…Араба…. Араба умумий географик ном бўлиб, бу оятда Ўлик денгиз жойлашган чўлни ҳамда Ўлик денгизнинг шимолидаги Иордан водийсини билдиради. ҳам ўз ичига олган эди.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in