Қонунлар 3
3
3–БОБ
Исроил халқи шоҳ Ўгни мағлуб қилади
1Кейин биз Башан ўлкасига йўл олдик. Башан шоҳи Ўг ўзининг жамики лашкарини бошлаб, Эдрей шаҳри яқинида биз билан жанг қилгани чиқди. 2Шунда Эгамиз менга деди: “Ўгдан қўрқма. Мен унинг ўзини, лашкарини ва бутун юртини сенинг қўлингга берганман. Сен Ўгнинг бошига Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўннинг кунини соласан.”
3Эгамиз Худо Башан шоҳи Ўгни ва унинг бутун лашкарини бизнинг қўлимизга берди. Биз уларнинг ҳаммасини битта қолдирмай қириб ташладик. 4Унинг ҳамма шаҳарларини — олтмишта шаҳрини олдик. Башандаги Ўгнинг шоҳлигига кирган бутун Аргоб ҳудудини қўлга киритдик, биз олмаган бирорта ҳам шаҳар қолмади. 5Бу мустаҳкам шаҳарларнинг ҳаммаси баланд деворлар билан ўралган, дарвозалари тамбаланган эди. Булардан ташқари, девор билан ўралмаган кўп қишлоқлар ҳам бор эди. 6Биз Хашбон шоҳи Сихўннинг шаҳарларини қандай вайрон қилган бўлсак, Ўгнинг шаҳарларини ҳам шундай вайрон қилдик. Бу шаҳарларни эркагу аёллари ва болалари билан бирга йўқ қилдик. 7Ҳамма чорва ва шаҳарлардаги ўлжани ўзимизга олдик.
8Шундай қилиб, ўшанда биз Иордан дарёсининг шарқ томонида ҳукмронлик қилган иккала Амор шоҳини мағлуб қилдик. Жанубдаги Арнон сойлигидан#3:8 Арнон сойлиги — 2:24 изоҳига қаранг. то шимолдаги Хермон тоғигача#3:8 Хермон тоғи — Жалила кўлидан қарийб 60 километр шимоли–шарқда жойлашган. чўзилган ерларини қўлга киритдик. 9(Хермон тоғини Сидонликлар — “Сириён”, Амор халқи — “Санир” деб аташади.) 10Биз Башанда ҳукмронлик қилган шоҳ Ўгнинг бутун шоҳлигини, ясси тепаликдаги ҳамма шаҳарларини, шарқдаги Салко ва Эдрейгача бўлган бутун Гилад ва Башан ўлкаларини қўлга киритдик.
11(Рафа халқидан#3:11 Рафа халқи — 2:11 изоҳига қаранг. биргина Башан шоҳи Ўг тирик қолган эди. Унинг ётадиган ўрни#3:11 Унинг ётадиган ўрни — ёки Унинг тобути. темирдан#3:11 темир — ёки тош. ясалган бўлиб, одатдаги ўлчам бўйича узунлиги тўққиз тирсак, кенглиги эса тўрт тирсак#3:11 …узунлиги тўққиз тирсак, кенглиги эса тўрт тирсак… — узунлиги тахминан 4,1 метрга, кенглиги тахминан 1,8 метрга тўғри келади. эди. Унинг ўрни ҳозир ҳам#3:11 Унинг ўрни ҳозир ҳам… — яъни шу китоб ёзилган вақтда. Оммон юртининг Рабба шаҳридадир.)
Иордан дарёсидан шарққа ўрнашган қабилалар
12Биз ўша ерларни қўлга киритдик. Шунда мен Рубен ва Гад қабилаларига Арнон сойлиги бўйидаги Арор шаҳрининг шимолидаги ҳудудни, Гилад қирларининг ярмисини ва атрофдаги қишлоқларни бердим. 13Манаше қабиласининг ярмига#3:13 Манаше қабиласининг ярми — Иордан дарёсининг шарқ томонида ўрнашган қабиланинг ярми назарда тутилган (Ёшуа 13:8, 29-31 га қаранг). Қабиланинг иккинчи ярми Иордан дарёсининг ғарб томонидаги Канъон юртида ўрнашган эди (Ёшуа 22:7 га қаранг). эса Гиладнинг қолган қисмини ва Ўгнинг шоҳлиги бўлган бутун Башанни бердим. (Башан ўлкасидаги Аргоб ҳудуди Рафа халқининг юрти ҳисобланарди. 14Манаше қабиласидан бўлган Ёвир бутун Аргоб ҳудудини қўлга киритди. Бу ҳудуд Гашур ва Махо юртларигача чўзилган эди. Ёвир бу жойга ўзининг номини берди. Ўша жойлар бугунгача#3:14 бугунгача — шу китоб ёзилган вақтга ишора. Ёвир қишлоқлари#3:14 Ёвир қишлоқлари — ибронийча матнда Хавот–Ёвир, маъноси Ёвир шаҳарлари. деб аталади.)
15Манаше қабиласининг Мохир уруғига Гиладни бердим. 16Рубен ва Гад қабилаларига Гиладдан то Арнон сойлигигача чўзилган ерларни бердим. Арнон сойлигининг ўртаси иккала қабиланинг чегараси эди. Уларнинг ери Оммон юртининг чегарасини ташкил қилган Явоқ дарёсигача#3:16 Явоқ дарёси — Оммон юртининг ғарбий чегарасини ташкил қилган дарёнинг бош қисмига ишора. Явоқ дарёси жанубдан шимолга қараб оқарди, сўнг ғарб томонга бурилиб, Иордан дарёсига қуйиларди. чўзилган эди. 17Уларнинг ғарбдаги ерлари эса Иордан дарёси бўйлаб, шимолдаги Жалила кўлидан#3:17 Жалила кўли — ибронийча матнда Кенерет, ўша вақтда Жалила кўли ва унинг атрофидаги ерлар шу ном билан ҳам аталарди. то жанубдаги Ўлик денгизгача#3:17 Ўлик денгиз — ибронийча матнда Туз денгизи. ва шарқдаги Фисгах тоғ тизмасининг ён бағирларигача чўзилган эди.
18Ўшанда сизларга шундай буюрдим: “Эгангиз Худо бу ерни сизларга мулк қилиб берди. Ҳамма сипоҳларингиз қуролланиб, дарёдан кечиб ўтсин. Улар биродарларингиз бўлган Исроил халқини бошлаб борсин. 19Фақат хотинларингиз ва фарзандларингиз мен сизларга берган шаҳарларда қолсин. Биламан, молларингиз жуда кўп, улар ҳам шаҳарларингизда қолаверсин. 20Эгамиз сизларга тинчлик ато қилгандай, биродарларингизга ҳам тинчлик ато қилгандан кейин, улар Иорданнинг нариги томонидаги, Эгангиз Худо бераётган ерни эгаллаб олгандан кейин, ҳаммангиз мен сизларга берган мана шу ерга қайтиб келсангиз бўлади.”
21Ўшанда Ёшуага айтдим: “Эганг Худо ўша иккала шоҳни нима қилганини ўз кўзинг билан кўрдинг. Сен босиб ўтадиган барча шоҳликларни ҳам Эгамиз худди шундай аҳволга солади. 22Улардан қўрқма. Сизлар учун жанг қиладиган Эганг Худодир.”
Мусога Худо Канъон юртига кириш учун ижозат бермайди
23Шундан кейин мен Эгамга ёлвордим: 24“Ё Эгам Раббий! Мен, қулингга Ўз буюклигинг ва қудратингни эндигина кўрсата бошладинг. Самода ҳам, ерда ҳам Сенинг ажойиботларингни, буюк ишларингни қила оладиган бошқа худо йўқ! 25Ижозат бер, мен Иордан дарёсидан ўтай. Дарёнинг нариги томонидаги ҳосилдор юртни, ўша чиройли қирларни ва Лубнонни кўрай.”
26Лекин Эгамиз сизлар туфайли мендан ғазаблангани учун#3:26 …Эгамиз сизлар туфайли мендан ғазаблангани учун… — Саҳрода 20:2-13, 27:12-14 га қаранг. илтижоларимга қулоқ солмади. У менга шундай деди: “Бўлди қил! Менга бу ҳақда бошқа гапирма. 27Фисгах тоғ тизмасининг чўққисига#3:27 Фисгах тоғ тизмасининг чўққиси — Ўлик денгизнинг шимолий қирғоғидан қарийб 15 километр шарқда жойлашган. Фисгах деб, Мўаб текислигидан то ғарбдаги Аборим тоғларигача чўзилган тоғ тизмасига нисбатан айтилган бўлиши мумкин. Бу тизманинг энг баланд нуқтаси Наво тоғининг чўққиси эди (34:1 га қаранг). чиқ, ғарбга, шимолга, жанубга ва шарққа қара. Яхшилаб қараб ол, чунки сен мана шу Иордан дарёсидан кечиб ўтмайсан. 28Ёшуани хизматга тайинла. Унга далда бериб, руҳлантир. Бу халқни дарёнинг нариги томонига Ёшуа бошлаб боради. Унинг бошчилигида бу халқ сен кўрадиган ўша ерни эгаллайди.”
29Шундай қилиб, биз Байт–Пиёр қаршисидаги водийда тўхтадик.
Currently Selected:
Қонунлар 3: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020