Филиппиликлар 4
4
4–БОБ
Турли панд–насиҳатлар
1Шундай қилиб, севимли биродарларим, сизларга айтганларим бўйича, Раббимиз Исо билан бўлган муносабатингизда маҳкам туринглар. Азизларим, мен сизларни жуда соғиндим. Сизлар менинг қувончимсиз, фахримсиз!
2Эводия ва Синтиха, сизлардан илтимос қиламан, Раббимиз ҳақи якдил бўлинглар. 3Эй вафодор ҳамкорим, сендан ҳам ўтинаман, бу аёлларга ёрдам бер, чунки улар мен билан бирга, Климент ҳамда исмлари ҳаёт китобида#4:3 ҳаёт китоби — Худо Ўзига тегишли бўлганларнинг исмларини ёзиб қўйган китоб (Ваҳий 20:11-15 га қаранг). ёзилган бошқа ҳамкорларим қатори Хушхабарни тарғиб этишда тер тўкдилар.
4Ҳар доим Раббимиз Исо туфайли шодланинг! Яна бир бор айтаман, шодланинг! 5Ҳаммага нисбатан мулойим бўлинг. Раббимиз яқинда келади#4:5 Раббимиз яқинда келади — ёки Раббимиз яқин.. 6Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар. Аксинча, ҳар қандай шароитда ибодат ва илтижода бўлиб, ҳар бир муҳтожлигингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар. 7Шунда Худо берадиган, инсон хаёлига сиғмайдиган тинчлик Исо Масиҳ орқали сизларнинг юракларингизни ва ўй–хаёлларингизни қўриқлайди.
8Энди эса, эй биродарларим, фикр–зикрингиз ҳақиқий, шарафли, тўғри, пок, ёқимли, таҳсинга сазовор нарсаларда бўлсин. Ҳа, олқишга лойиқ, аъло нарсалар ҳақида фикр юритинглар. 9Таълимотимни қабул қилдингиз. Энди мендан ўрганганларингизнинг, кўрган–эшитганларингизнинг ҳаммасини бажаринглар. Шунда тинчлик берадиган Худо сизлар билан бирга бўлади.
Павлуснинг миннатдорчилиги
10Сизлар мен учун яна ғамхўрлик қилаётганингиздан жуда хурсанд бўлиб, Раббимиз Исога шукур қиляпман. Албатта, сизлар олдин ҳам мен учун ғамхўрлик қилардингиз, лекин буни кўрсатишга имкониятингиз бўлмаган эди. 11Буларни муҳтожликдан айтаётганим йўқ, чунки мен ҳар қандай шароитда борига қаноат қилишга ўрганганман. 12Ҳар қандай шароитда ва ҳар ерда ҳам тўқ бўлиш, ҳам оч қолиш, мўл–кўлчилигу муҳтожликда яшаш сирларини ўрганганман. Мен танқисликда ҳам, мўл–кўлчиликда ҳам қандай ҳаёт кечиришни биламан. 13Менга куч–қувват берадиган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан. 14Нима бўлишидан қатъи назар, сизлар қийинчиликларимга шерик бўлиб яхши қилдингизлар.
15Ахир, сиз, Филиппиликлар, ўзларингиз биласизлар–ку, мен сизларга Хушхабарни айтган пайтимдан#4:15 …мен сизларга Хушхабарни айтган пайтимдан бошлаб… — Ҳаворийлар 16:12-40 га қаранг. бошлаб, Македониядан кетганимдан кейин ҳам фақат сизлар менга моддий жиҳатдан ёрдам берардингиз. Сизлардан бошқа ҳеч бир жамоат бундай қилмади. 16Ҳатто Салоникада#4:16 Салоника — Рим империясига қарашли бўлган Македония вилоятининг пойтахти. бўлганимда ҳам сизлар бир–икки марта менга ёрдам бериб, эҳтиёжимни қондирдингиз. 17Мен сизлардан бирор нарса ундириб олиш ниятида гапираётганим йўқ. Аксинча, сизларнинг фойдангиз кўпайишини кўзлаяпман. 18Ҳозир менда керакли ҳамма нарса бор, ҳатто ортиғи билан бор. Эпафродитусдан бериб юборган ҳадяларингизни олдим. Энди ҳеч бир муҳтожлигим қолмади. Бу ҳадяларингиз хушбўй назрдай, Худога маъқул бўладиган ёқимли қурбонлик кабидир. 19Худойим Ўзининг ажойиб бойлиги билан Исо Масиҳ орқали сизларнинг ҳар бир эҳтиёжингизни қондиради. 20Отамиз Худога абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.
Сўнгги саломлар
21Исо Масиҳга тегишли бўлганларнинг ҳаммасига салом айтиб қўйинг. Ёнимдаги биродарлар ҳам сизларга салом айтяпти. 22Худонинг азизлари бўлганларнинг ҳаммаси, айниқса Қайсар#4:22 Қайсар — барча Рим императорларига берилган унвон. хизматида бўлганлар#4:22 Қайсар хизматида бўлганлар — 1:13 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг., сизларга салом йўллаяптилар.
23Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин!#4:23 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўз оятга қўшимча қилинган: омин.
Currently Selected:
Филиппиликлар 4: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020