Филиппиликлар 3
3
3–БОБ
Масиҳни таниб–билишдан афзалроқ ҳеч нарса йўқ
1Энди эса, эй биродарларим, Раббимиз Исо туфайли шодланинг! Сизларга бир хил нарсаларни ёзаверсам ҳам зерикмайман, ёзганларим сизларни ҳар хил балолардан асрайди. 2Итдай бўлганлардан, ёвузлик қиладиганлардан, танасини кесадиганлардан#3:2 Итдай бўлганлар…танасини кесадиганлар… — Павлус бу ўринда Худога манзур бўлиш учун суннат қилиниш керак, деб ўргатган одамларга ишора қилади. Павлуснинг ўзи суннатга қарши бўлмаган, аммо нажот топиш учун суннат қилиниш керак, деган таълимотга қатъиян қарши эди (Ҳаворийлар 15:1-2 га қаранг). эҳтиёт бўлинглар! 3Ахир, улар эмас, биз ҳақиқий суннат қилинганмиз, чунки биз Худонинг Руҳи ёрдамида сажда қиламиз. Биз Исо Масиҳ билан мақтанамиз, инсоний хусусиятларимизга ишонмаймиз.
4Ваҳоланки, мен ўз хусусиятларимга ишонсам бўлади. Ахир, бундай қилишга менда ҳамманикидан ҳам кўра, кўпроқ сабаб бор. 5Мен саккиз кунлигимда суннат қилинганман#3:5 Мен саккиз кунлигимда суннат қилинганман… — суннат Худонинг Иброҳим ва унинг авлоди билан қилган аҳд белгиси эди (Ибтидо 17:9-14 га қаранг). Суннат яҳудийларнинг Худога содиқлигини ва Унинг танлаган халқига тегишли эканини кўрсатади., Исроил авлодидан, Бенямин қабиласиданман. Мен ҳақиқий ибронийман. Фарзий#3:5 Фарзий — яҳудийларнинг муҳим бир диний мазҳаби. Фарзийлар Таврот қонунларига қатъий риоя қилардилар, оғзаки равишда тарқалган урф–одатларга ҳамда покланиш удумларига изчил амал қилардилар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ФАРЗИЙ сўзига қаранг. бўлиб, Худонинг қонунига сўзсиз риоя қилардим. 6Жон–жаҳдим билан жамоатни қувғин қилардим. Қонунларга риоя қилишга асосланган солиҳликка келганда, айбсиз эдим. 7Аммо мен учун фойда бўлган буларнинг ҳаммасини энди Масиҳ туфайли зарар деб ҳисоблайман. 8-9Ҳа, ҳамма нарса қадрсиздир, чунки Раббим Исо Масиҳни таниб–билишдан афзалроқ ҳеч нарса йўқ деб ҳисоблайман. Уни деб, мен ҳамма нарсадан воз кечдим. Масиҳга сазовор бўлиш, бутунлай Унга тегишли бўлиш учун ҳамма нарсани ахлат деб билдим. Энди қонунга риоя қилиш орқали солиҳликка эришишга умид қилмайман, аксинча, Масиҳга бўлган имоним билан солиҳликка эришишга интиламан. Ҳа, бу солиҳликни Худо имон туфайли беради. 10Мақсадим шуки, Исо Масиҳни билай, Уни тирилтирган қудрат менинг ҳаётимда ҳам ўз кучини кўрсатсин, Масиҳнинг азобларига шерик бўлай. Унинг ўлим пайтидаги фикр–зикри менинг ҳаёт тарзим намунаси бўлсин. 11Бир кун келиб, мен ўликдан тирилишга эришаман, деб умид қиламан.
Ютуқ томон интилиш
12Мен мақсадимга етдим ёки камолотга эришдим, деб айтолмайман. Аммо мен унга етишай, деб интиламан, чунки Исо Масиҳ айнан шу мақсад учун мени Ўзиники қилиб олган. 13Биродарлар, мен ўзимни ўша мақсадга етишганман деб ҳисобламайман. Ортда қолганларни унутиб, олдинга интиламан. Фақатгина 14ўша мақсадни кўзлайман–да, Худо мени Исо Масиҳ орқали чақириб, менга ато қиладиган самовий ютуқ томон интилмоқдаман. 15Биз ҳаммамиз, имон жиҳатидан етукликка эришганлар, шундай ўйлашимиз керак. Агар сизлар бирор нарса ҳақида бошқача фикрда бўлсангиз, Худо сизларга ноҳақ эканлигингизни аён қилади. 16Нима бўлишидан қатъи назар, қай даражага эришган бўлсак, энди шу бўйича яшашда давом этаверайлик#3:16 …шу бўйича яшашда давом этаверайлик — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида шунга яраша фикр қилишимиз ва ўша қоида бўйича яшашимиз керак..
17Биродарларим, мендан ўрнак олаётганларга қўшилинглар. Бизнинг намунамиз бўйича яшаётганларга эътибор бериб, улардан ўрганинглар. 18Ахир, мен сизларга олдин кўп марта айтганман, ҳозир ҳам кўзларимга ёш тўлиб, қайтаряпман: Масиҳ хочининг душмани бўлиб яшаётганлар кўп. 19Уларнинг охири — ҳалокат, уларнинг худоси нафсдир. Уятсиз қилиқларидан фахрланадилар. Уларнинг ўй–хаёллари фоний дунёдаги нарсаларга берилган. 20Бизнинг ватанимиз эса самодадир. Бизлар нажоткоримиз бўлган Раббимиз Исо Масиҳнинг ўша ердан келишини интизорлик билан кутяпмиз. 21Раббимиз бутун борлиқни Ўзига бўйсундириш кучига эгадир. Мана шу куч билан У бизнинг ожиз, фоний танамизни Ўзининг улуғвор танасига ўхшатиб ўзгартиради.
Currently Selected:
Филиппиликлар 3: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020