Филиппиликлар 2
2
2–БОБ
Масиҳдан ўрнак олинг
1Масиҳга тегишли бўлганингиз сизларга далда беряпти, Унинг севгисидан тасалли топяпсиз, Муқаддас Руҳ билан мулоқотдасиз, юракларингиз меҳр–шафқатга тўла. 2Шундай экан, менинг шодлигимга шодлик қўшиб, бир хил фикр қилинг, бир–бирингизга меҳр–муҳаббат кўрсатинг, якдиллик билан ҳамфикр бўлинг. 3Ҳеч бир ишни худбин ниятда қилманг, шуҳратпараст бўлманг, аксинча, камтарлик билан бошқаларни ўзингиздан юқори деб билинг. 4Фақат ўзингизнинг эмас, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланг.
5Фикр–зикрингиз Исо Масиҳникидай бўлсин. 6Исо Масиҳ Худонинг табиатига эга эди, шунда ҳам У Худо билан тенглигини маҳкам тутмади. 7Аксинча, У бу улуғворликдан воз кечиб, қул табиатига кирди, инсон бўлиб туғилди. У инсон қиёфасида яшаб, 8Ўзини паст тутди. Итоаткор бўлиб, ҳатто ўлимга, хочдаги ўлимга ҳам рози бўлди. 9Шунинг учун Худо Уни энг юқорига юксалтирди ва Унга ҳар қандай исмдан юқори исмни ато этди. 10Токи Исонинг олдида еру осмондаги ва ер остидаги борлиқ жон тиз чўксин, 11ҳар бир тил Исо Масиҳни Раббий деб тан олиб, Отамиз Худога шараф келтирсин.
Нажотингиз ёрқин кўриниб турсин
12Эй азизларим, мана шуларни ёдда тутиб, ҳар доимгидай итоаткор бўлишда давом этаверинглар. Фақатгина сизлар билан бўлганимда эмас, ҳатто ёнингизда бўлмасам ҳам, Худонинг олдида қўрқув ва титроқ билан шундай яшангларки, нажот топганингиз ёрқин кўриниб турсин. 13Зотан, Худо Ўзини хушнуд қиладиган ишларни қилишингиз учун сизларга куч ва хоҳиш беради.
14-16Мана шу бузуқ ва эгри насл орасида Худонинг нуқсонсиз, айбсиз ва пок фарзандлари бўлишингиз учун ҳамма нарсани нолимай, баҳслашмай қилинглар. Ҳаётбахш хабарни маҳкам тутар экансиз, ўша бузуқ ва эгри насл орасида самодаги юлдузлар каби порлайсизлар. Шунда Масиҳ келган куни, меҳнатим зое бўлмаганидан, қилган ишларим беҳуда кетмаганидан фахрланаман. 17Сиз имонингизга асосланиб, хизмат қилиб келяпсиз, шу сизнинг қурбонлигингиздир. Агарда менинг жоним фидо бўлиб, ҳаётим сизнинг қурбонлигингиз устига тўкиладиган шароб назридай#2:17 шароб назри — қурбонгоҳда куйдириладиган баъзи бир қурбонликлар устига қуйиладиган назр. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги НАЗР ибораси остида берилган ШАРОБ НАЗРИ сўзига қаранг. бўлиб қолса ҳам, хурсанд бўламан, ҳаммангиз билан бирга шодланаман. 18Худди шунингдек, сизлар ҳам хурсанд бўлинглар ва мен билан бирга шодланинглар.
Павлус Тимўтийни ва Эпафродитусни Филиппига жўнатмоқчи
19Раббимиз Исонинг иродаси билан яқинда Тимўтийни сизларнинг олдингизга юбораман, деб умид қиламан. Шунда аҳволингиздан хабардор бўлиб, кўнглим таскин топади. 20Тимўтийни юборишимнинг сабаби шуки, сизлар учун худди мендай чин кўнгилдан жон куйдирадиган бошқа ҳеч ким йўқ. 21Қолганлар Исо Масиҳга хизмат қилишни эмас, балки ўз манфаатини кўзлайди. 22Ўзларингиз биласизлар, биз Хушхабарни ёйишда Тимўтий билан бирга ота–ўғилдай хизмат қилдик. У ўзининг ҳурматга лойиқ эканлигини кўрсатди. 23Шунинг учун тақдирим аниқ бўлиши биланоқ Тимўтийни сизларнинг олдингизга юбораман, деб умид қиламан. 24Ўзим ҳам яқинда олдингизга бораман. Бу ҳақда Раббимизнинг Ўзи менда ишонч ҳосил қилди.
25Ҳозир эса Эпафродитусни#2:25 Эпафродитус — Филиппилик имонлилар Павлусга шу одам орқали ҳадя юборишган (4:18 га қаранг). Эпафродитус Филиппига қайтиб кетаётганда, Павлус ушбу мактубини у орқали бериб юборган эди. ёнингизга юборишни лозим кўрдим. У сизларнинг юборган элчингиз, муҳтожлигимда менга мадад берган биродарим, ҳамкорим ва сафдошимдир. 26Эпафродитус сизларни жуда соғинган. Унинг касаллиги ҳақида эшитганингизни ҳам билиб қаттиқ қайғуряпти. 27Ҳақиқатан ҳам у ўлар ҳолатда касал эди, аммо Худо унга раҳм–шафқат кўрсатди. Бу билан Худо фақат унга эмас, балки ғамимга ғам қўшилмасин деб, менга ҳам шафқат қилди. 28Шундай қилиб, яна Эпафродитусни кўриб, севининглар деган ниятда уни тез орада олдингизга юбораман. Шундай қилсам, ғамим анча енгиллашади. 29Раббимиз Исога ишонганлар бир–бирларини қандай кутиб олсалар, сизлар ҳам Эпафродитусни худди шундай қилиб, катта қувонч билан кутиб олинглар. Бундай инсонларга муносиб бўлган иззат–ҳурматни унга кўрсатинглар. 30Ахир, у Масиҳга хизмат қилиш йўлида бир ўлимдан қолди. Сизларнинг ўрнингизга ҳам менга хизмат қилиб, ўз жонини аямади.
Currently Selected:
Филиппиликлар 2: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020