YouVersion Logo
Search Icon

Филиппиликлар 1

1
1–БОБ
Дуойи салом
1Исо Масиҳнинг қуллари Павлус ва Тимўтийдан#1:1 Тимўтий — илк жамоатнинг етакчиси бўлиб, ҳаворий Павлуснинг ҳамкори (Ҳаворийлар 16:1-3 га қаранг). Филиппи шаҳридаги Исо Масиҳнинг барча азизларига ҳамда жамоат етакчилари ва хизматчиларига салом! 2Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.
Павлуснинг Филиппилик имонлилар учун шукронаси ва ибодати
3Ҳар сафар сизлар ҳақингизда ўйлаганимда Худойимга шукурлар айтаман. 4Ҳаммангиз учун ибодат қилганимда, ҳар доим шодлик билан ибодат қиламан, 5чунки сизлар Хушхабарга ишонганингиздан бошлаб, то ҳозирга қадар ўша Хушхабарни ёйишда мен билан бирга иштирок этиб келмоқдасизлар. 6Худо сизларнинг ҳаётингизда бошлаган эзгу ишини Исо Масиҳ келадиган кунгача битиришига аминман. 7Сизларни яхши кўрганим учун ҳаммангиз ҳақингизда шундай фикр қилишим ўринлидир. Ахир, қамоқдалигимда ҳам, Хушхабар ҳақиқат эканлигини ҳимоя қилиш ва таъкидлашимда ҳам Худо берган иноятда сизлар менга шериксизлар. 8Мана, Худо шоҳид: мен сизларни роса соғинганман, чунки сизларни Исо Масиҳникидай бўлган меҳр–муҳаббат билан яхши кўраман.
9Сизларнинг муҳаббатингиз янада ошиб, билим ва ақл–идрок билан бойисин, деб ибодат қиляпман, 10чунки мен сизларнинг аъло нарсаларни танлашингизни, Масиҳ келадиган кунда пок ва айбсиз бўлишингизни истайман. 11Токи сизларнинг ҳаётингиз Исо Масиҳ кучи орқали солиҳлик самарасига тўлиб, Худога шараф ва мақтов келтирсин.
Хушхабар ёйилаётганидан Павлус хурсанд
12Эй биродарлар, шуни билишингизни истайманки, бошимга тушганларнинг ҳаммаси Хушхабарнинг янада кўпроқ ёйилишига туртки бўлди. 13Масиҳ туфайли қамалганим бутун сарой қўриқчиларига#1:13 сарой қўриқчилари — Рим императорига хизмат қилган алоҳида бир гуруҳ сипоҳлар. Мактуб ёзилган пайтда Павлус Римда, ижарага олган уйда яшаган бўлиши мумкин. Императорнинг баъзи сипоҳлари Павлусни ўша ерда қўриқлар эди (Ҳаворийлар 28:16, 30 га қаранг). Эҳтимол, Павлус мана шу сипоҳларнинг кўпчилиги билан мулоқотда бўлгандир, чунки улар кечаю кундуз навбат билан Павлусни қўриқлардилар. ва бу ердагиларнинг ҳаммасига маълум бўлди. 14Менинг қамоқдаги вазиятим кўп биродарларнинг Раббимиз Исога бўлган ишончини оширди, шунинг учун улар қўрқмасдан, катта жасорат билан Масиҳ ҳақидаги хабарни тарғиб қилмоқдалар.
15Тўғри, Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни баъзилар бахиллик ва ҳасадгўйлик билан, баъзилар эса яхши ният билан тарғиб қиляптилар. 16Яхши ният билан тарғиб қилаётганлар мени яхши кўрганлари учун ва мен Хушхабарни ҳимоя қилишга тайинланганимни билиб шундай қиляптилар. 17Қолганлар эса Хушхабарни рақобат руҳи билан тарғиб қиляптилар. Улар пок ниятда эмас, балки менинг қамоқда тортаётган азобларим кўпайсин деб, шундай қиляптилар#1:17 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида шу бобнинг 16-17–оятлари ўрни алмаштирилган ҳолда келтирилган.. 18Аммо нима фарқи бор? Ёмон ниятдами, яхши ниятдами, муҳими, Масиҳ ҳақидаги Хушхабар тарғиб қилинмоқда. Мана шу мени хурсанд қилади.
Павлус Масиҳни улуғлашни истайди
Мен хурсанд бўлишда давом этавераман, 19чунки биламан, сизларнинг ибодатларингиз орқали ва Исо Масиҳ Руҳининг ёрдами билан мана шуларнинг ҳаммаси менинг озод бўлишимга олиб келади. 20Ишонч билан умид қиламан: иснодга қолмайман, аксинча, жасорат кўрсатаман. Ҳа, умидим шуки, ҳозир ҳам олдингидай, ўлсам ҳам, яшасам ҳам менинг танам орқали Масиҳ улуғланади. 21Зотан, мен учун ҳаёт Масиҳдир, ўлим эса ютуқдир. 22Ахир, тирик қоладиган бўлсам, самарали ишлар қилавераман, шундай экан, нимани танлашни ҳам билмайман. 23Икки йўлнинг қай бирини танлашни билмай, бошим қотиб қолди. Менинг истагим бу дунёдан кетиб, Масиҳ билан бирга бўлишдир. Шундай бўлса жуда яхши бўларди. 24Аммо тирик қолишим сизлар учун зарурроқдир. 25Бунга ишончим комил, шунинг учун тирик қолишимни биламан. Сизларнинг имонингиз мустаҳкамланиб, қувончингиз ошиб боравериши учун мен сизлар билан бирга қоламан. 26Шундай қилиб, мен яна сизларнинг олдингизга келганимда, мен туфайли Исо Масиҳдан янада кўпроқ фахрланасиз.
Ҳаётни Масиҳга бағишлаб яшаш
27Нима бўлишидан қатъи назар, Масиҳ Хушхабарига лойиқ тарзда ҳаёт кечиришингиз керак. Шундай яшангларки, мен сизларни кўришга борганимда, Хушхабарнинг самараси бўлган имон учун якдиллик билан курашиб, бир руҳда мустаҳкам турганингизни кўрай! Аммо сизларни кўришга боролмасам, шундай хабар эшитай. 28Сизларга қаршилик кўрсатаётганлардан ҳеч ҳайиқманглар. Сизларнинг қатъиятингиз уларнинг ҳалок бўлишидан, сизларнинг эса нажот топишингиздан далолат беради. Бу Худонинг ишидир. 29Зотан, Худо сизларга нафақат Масиҳга ишониш, балки Унинг учун азоб–уқубат тортиш шарафини ато қилган. 30Ахир, сизлар азоб–уқубатларимни кўрдингиз, ҳозир ҳам азият чекаётганим ҳақида эшитяпсиз. Энди мана шу курашда сизлар менинг шерикларимсиз.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in

YouVersion uses cookies to personalize your experience. By using our website, you accept our use of cookies as described in our Privacy Policy