YouVersion Logo
Search Icon

Филиппиликлар Кириш

Кириш
Мазкур мактуб муаллифи ҳаворий Павлусдир. Павлус бу мактубини қамоқда бўлган пайтда#…қамоқда бўлган пайтда… — 1:13 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. Филиппи шаҳридаги имонлилар жамоатига ёзган. Филиппи Рим империясининг Македония вилоятида жойлашган бўлиб, бой шаҳар эди. Павлус Европада Хушхабарни тарғиб қилишни айнан шу шаҳардан бошлаган эди. Павлуснинг фаолияти натижасида Филиппи шаҳрида имонлилар жамоати вужудга келди.
Павлус бу мактубини Филиппиликлар юборган ҳадялар ва уларнинг ибодатлари учун ўз миннатдорчилигини билдириш ҳамда уларга бўлган меҳр–муҳаббатини изҳор этиш ниятида ёзган. Ушбу мактубида у Масиҳ учун ҳатто жонини фидо қилишга ҳам тайёрлигини ёзади, аммо Хушхабарни тарғиб қилиш ва жамоатни ўстириш мақсадида тирик қолишига ишончи комил эканлигини таъкидлайди. Павлус мазкур мактубини ёзар экан, жамоатдаги ёлғон таълимотлар туфайли кўп азият чекаётганини баён қилади. Баъзи одамлар, масиҳийлар Мусонинг қонунига амал қилмасалар, нажот топмайдилар, деб таълим бераётган эдилар. Павлус мана шундай одамлардан эҳтиёт бўлишни ва уларнинг таълимотларига қулоқ тутмасликни маслаҳат беради, чунки бу таълимотлар Павлус тарғиб қилган Хушхабарга мутлақо зид эди.
Мактуб сатрларида Павлуснинг жўшқин имони ва чексиз қувончи ёрқин акс этган. Ўзи қийин аҳволда бўлса ҳам, Павлус фурсатдан фойдаланиб, Филиппилик имонлиларга тасалли беради. Ўзининг ҳаётидаги ва уларнинг бошига тушган қийинчиликларга қарамай, уларни имонда собит қолишга ва жасоратли бўлишга ундайди. Улар қонунга амал қилиш орқали эмас, балки Худонинг инояти туфайли Исо Масиҳга тегишли эканликларини эслатади. У Исо Масиҳга ишониб яшаганларга Худо шодлик ва тинчлик бериши ҳақида ҳам ёзади. Худонинг халқи аҳил яшаши кераклигини эслатади. Уларга, худбинлик ва мағрурлик ихтиёрида бўлманглар, балки Исо Масиҳга ўхшаб, камтарин бўлинглар, деб ёлворади.
Ушбу мактуб замирида қувонч, ишонч, бирлик ва имонда собитлик каби мавзулар ётади. Мактубни ўқир эканмиз, Павлуснинг Филиппидаги жамоатга бўлган ўзгача меҳрини сезамиз.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in

YouVersion uses cookies to personalize your experience. By using our website, you accept our use of cookies as described in our Privacy Policy