YouVersion Logo
Search Icon

Чиқиш 31

31
31–БОБ
Эгамиз Муқаддас чодирни ясаш учун моҳир усталарни танлайди
1Эгамиз Мусога яна гапирди: 2“Ана, Мен Яҳудо қабиласидан Урининг ўғли, Хурнинг набираси Базалилни танладим. 3Мен уни Руҳим билан тўлдириб, ҳунармандчиликнинг ҳамма тури бўйича моҳир ва идрокли қилдим, қобилият ато этдим. 4У ажойиб бадиий безаклар қилишга, безакларга олтин, кумуш ва бронза билан ишлов беришга, 5қимматбаҳо тошларни ўйишга, уларга ишлов бериб жиҳозлашга, ёғоч ўймакорлигига, бадиий ҳунармандчиликка лаёқатлидир. 6Дан қабиласидан Охисамах ўғли Охолиёвни унга ёрдамчи қилиб танладим. Мен ҳамма ҳунармандларга лозим даражада қобилият ато қилганман. Мен сенга амр берган қуйидаги ашёларни улар ясайдилар ва тикадилар:
7Учрашув чодирини,
Аҳд сандиғи#31:7 Аҳд сандиғи — ибронийча матнда Гувоҳлик сандиғи, Аҳд сандиғининг яна бир номи. 16:34 изоҳига қаранг. ва Сандиқнинг қопқоғини,
Чодирнинг бошқа ҳамма жиҳозлари 8— хонтахта, хонтахтанинг буюмлари, тоза олтиндан чироқпоя ва чироқпоянинг ҳамма буюмларини, тутатқи қурбонгоҳини, 9қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ ва қурбонгоҳнинг ҳамма буюмларини, қўлювгич ва қўлювгичнинг таглигини,
10руҳоний Ҳорун учун ажойиб қилиб тикилган муқаддас либосларни, унинг ўғиллари руҳоний бўлиб хизмат қилганларида киядиган либосларни,
11муқаддас қиладиган мой#31:11 муқаддас қиладиган мой — 25:6 изоҳига қаранг. ва Муқаддас хона учун хушбўй тутатқини.
Мен сенга қандай амр этган бўлсам, улар худди шундай қилиб бажаришсин.”
Шаббат куни тўғрисидаги амр
12Сўнгра Эгамиз Мусога айтди:
13— Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Менга бағишланган Шаббат кунига риоя қилиб юринглар. Авлодларингиз оша Шаббат куни Мен билан сизларнинг орангизда аломат бўлиб хизмат қилади. Шу орқали Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Сизларни Мен муқаддас қилиб бошқалардан ажратаман. 14Шаббат кунига риоя қилиб юринглар, бу кунни муқаддас деб билинглар. Кимки бу кунни иззат қилмаса, ўша одамнинг жазоси ўлимдир. Кимки ўша куни ишласа, у Исроил халқи орасидан йўқ қилинади. 15Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. Еттинчи кун — Шаббат куни эса ҳамма ишлардан тиниб, Мен, Эгангизга атаб ажратилган кундир. Ким Шаббат куни ишласа, ўшанинг жазоси ўлимдир. 16Исроил халқи авлодлар оша Шаббат қонун–қоидаларига итоат этиш орқали бу кунга риоя қилиб юришлари лозим. 17Бу сен билан Менинг ўртамиздаги аҳднинг доимий аломатидир, Мен, Эгангиз, олти кун давомида ер ва осмонни яратиб, еттинчи куни тиниб, ором олганимни доимо эслатиб туради.”
18Шундай қилиб, Худо Синай тоғида Мусо билан гапини тугатиб#31:18 …Худо Синай тоғида Мусо билан гапини тугатиб… — Эгамиз тоғда Мусога берган барча кўрсатмалар 25:1-31:17 да қайд этилган (24:18 га қаранг)., унга иккита тош лавҳани берди. Лавҳаларга битилган аҳднинг#31:18 аҳд — ибронийча матнда гувоҳлик. 25:16 изоҳига қаранг. амр ва қонунларини Худонинг Ўзи ёзган эди.

Currently Selected:

Чиқиш 31: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in