YouVersion Logo
Search Icon

Чиқиш 32

32
32–БОБ
Олтин буқа
1Мусо тоғда узоқ қолиб кетди#32:1 Мусо тоғда узоқ қолиб кетди — 24:18 га қаранг.. Халқ Мусонинг тоғдан қайтиб тушавермаганини кўргач, Ҳоруннинг ёнига йиғилишиб, унга айтишди:
— Қани, бизга худо ясаб бер, у бизни йўлда бошлаб борсин. Бизни Мисрдан олиб чиққан ўша одамга — Мусога нима бўлганини билолмаяпмиз.
2Шунда Ҳорун одамларга:
— Хотинингиз ва ўғил–қизларингиз қулоқларидаги олтин сирғаларни ечиб олиб, менга келтиринглар, — деди.
3Шундан кейин жамики халқ қулоқларидаги олтин сирғаларни ечиб, Ҳорунга олиб келди. 4Ҳорун буқа ясади. Халқдан олган олтин сирғаларни эритиб, асбоб ёрдамида буқани олтин билан қоплади#32:4 …буқа ясади…буқани олтин билан қоплади — қадимги пайтларда кўпинча бутларни ёғочдан ясаб, устини олтин билан қоплашар эди. Шу сингари, бу парчада айтиб ўтилган буқа ҳам бутунлай олтиндан ясалмаган бўлиши мумкин (яна шу бобнинг 20–оятига қаранг, ўша оятда Мусо буқани оловда ёққани, сўнг уни эзиб, кукун қилгани ёзилган).. Шунда одамлар дедилар:
— Эй Исроил! Мана бизни Мисрдан олиб чиққан худойимиз!
5Ҳорун буни кўргач, олтин буқанинг олдига қурбонгоҳ қурди. Кейин: “Эртага Эгангизга бағишланган байрам бўлади”, деб эълон қилди. 6Эртаси куни халқ саҳарда туриб, куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини келтирди. Ўтириб еб–ичишганидан кейин кўнгилхушлик қилишди.
7Шунда Эгамиз Мусога айтди:
— Ҳозироқ туш! Ўзинг Мисрдан олиб чиққан халқинг йўлдан озди. 8Улар Мен амр этган йўлдан дарров оғдилар. Ўзларига буқанинг тасвирини ясаб, унга сажда қилиб, қурбонликлар келтириб: “Эй Исроил! Мана бизни Мисрдан олиб чиққан худойимиз!” — дедилар.
9Эгамиз Мусога яна гапирди:
— Ўша халқнинг нақадар ўжарлигини кўриб турибман. 10Энди Мени тўхтатаман деб овора бўлма, бу халққа шунақанги ғазабимни сочаманки, уларни қириб ташлайман. Эй Мусо, уларнинг ўрнига сендан буюк халқ яратаман.
11Шунда Мусо Эгаси Худога:
— Эй Эгам! — деб ёлворди, — ахир, бу халқни буюк куч–қудратинг билан Мисрдан Ўзинг олиб чиққансан–ку! Ўз халқингга Ўзинг ғазабингни сочмагин! 12Мисрликлар: “Эгаси уларни ёмон ният билан — тоғларда ўлдириш учун, ер юзидан қириб ташлаш учун бу ердан олиб чиққан экан”, деб айтишмасин! Қўйгин, бу ниятингдан қайтгин, ғазабингни сочиб, Ўз халқингни қириб ташламагин. 13Ўз қулларинг Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга#32:13 Ёқуб — ибронийча матнда Исроил, Ёқубнинг яна бир исми (Ибтидо 32:27-28 га қаранг). айтганларингни ёдингда тутгин. Сен уларга: “Сизларнинг наслингизни осмондаги юлдузлар сингари кўпайтираман, Мен ваъда қилган ҳамма ерни наслингизга бераман, улар ўша юртга то абад эгалик қиладилар”, деб Ўз номинг билан онт ичган эдинг–ку!
14Шундай қилиб, Эгамиз ниятини ўзгартириб, айтган кулфатларни Ўз халқининг бошига келтирмайдиган бўлди.
15Мусо тоғдан қайтиб тушди. У қўлига аҳднинг#32:15 аҳд — ибронийча матнда гувоҳлик. 25:16 изоҳига қаранг. иккита тош лавҳасини кўтариб олган эди. Лавҳаларнинг иккала томонига ҳам амр ва қонунлар битилганди. 16Бу лавҳалар Худонинг ижоди бўлиб, лавҳалардаги ёзувни Худо ўйиб битган эди. 17Ёшуа халқнинг шовқин–суронини эшитиб, Мусога: “Қароргоҳда уруш шовқин–сурони эшитиляпти”, деб айтди. 18Шунда Мусо деди:
— Бу ғолибларнинг ҳайқириғи эмас, мағлубларнинг фарёди ҳам эмас, эшитганим — ишратпарастлар қўшиғи.
19Мусо қароргоҳга яқинлашиб, буқани, одамларнинг кўнгилхушлигини кўрди. Шунда у ғазабланиб, тоғ этагида қўлидаги лавҳаларни улоқтирган эди, лавҳалар чилпарчин бўлди. 20Мусо Исроил халқи ясаган буқани олиб, оловда ёқди. Уни эзиб, кукун қилди–да, сувга сочди#32:20 сувга сочди — Қонунлар 9:21 га қаранг.. Сувни Исроил халқига ичирди. 21Мусо Ҳорунга:
— Бу халқ сенга нима қилган эдики, уларни оғир гуноҳга ботирибсан? — деди.
22— Ғазабланманг, ҳазратим, — деди Ҳорун унга. — Бу халқнинг ёмонлик қилишга мойиллигини биласиз–ку! 23Улар менга: “Бизга худо ясаб бер, у бизни йўлда бошлаб борсин, чунки бизни Мисрдан олиб чиққан ўша одамга — Мусога нима бўлганини билолмаяпмиз”, деб айтишди. 24Мен эса уларга: “Кимнинг олтин сирғалари бўлса, уларни менга олиб келинглар”, деган эдим, улар олтин сирғаларини олиб, менга келтирдилар. Олтинларни оловга ташлаганимда, олов ичидан мана шу буқа келиб чиқди.
25Мусо кўрдики, Ҳорун халқни назорат қилмай, душманлари олдида ўзларини масхара қилишларига йўл қўйиб берган эди. 26Мусо қароргоҳнинг кираверишига келиб:
— Ким Эгамиз томонда бўлса, менинг ёнимга келсин! — деб буюрди. Левилар унинг ёнига тўпланди. 27Мусо уларга деди:
— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Ҳар бирингиз қиличингизни олинг. Қароргоҳнинг ҳамма ёғини айланиб, биродарингизни, қўшнингизни ва яқин қариндошингизни ўлдиринг#32:27 …биродарингизни, қўшнингизни ва яқин қариндошингизни ўлдиринг — бу амр, исённинг йўлбошчиларини ўлдиринг, деган маънони билдириши мумкин. Ўша йўлбошчилар ака–ука, қўшни ёки яқин қариндошдан бўлса ҳам, ўлдирилиши керак эди. Бутун халқни қирғиндан асраб қолиш учун айбдор одамлар ўлдирилиши шарт эди..”
28Левилар Мусонинг буйруғини бажардилар. Шу куни Исроил халқидан тахминан уч мингта одам ҳалок бўлди. 29Мусо левиларга:
— Бугун Эгам сизларга марҳамат қилиб, сизларни Ўзининг хизматига тайинлади, — деди. — Ҳатто ўғилларингизни, ака–укаларингизни ўлдиришга тўғри келган бўлса ҳам, сизлар Унга итоат этдингиз.
30Эртаси куни Мусо халққа деди:
— Сизлар оғир гуноҳ қилдингизлар. Энди мен тоққа Эгамизнинг олдига чиқаман, балки сизларни гуноҳларингиздан покларман.
31Мусо Эгамизнинг олдига қайтиб бориб, шундай деди:
— Эвоҳ! Бу халқ оғир гуноҳ қилибди: ўзларига олтиндан худо ясабди. 32Аммо энди, уларнинг гуноҳини кечиргин, деб Сенга илтижо қиламан. Агар кечирмасанг, Ўзинг ёзган китобдан менинг номимни ўчириб ташлагин.
33Шунда Эгамиз Мусога айтди:
— Ким Менга қарши гуноҳ қилган бўлса, ўшанинг номини Ўзимнинг китобимдан ўчириб ташлайман. 34Энди бор, бу халқни Мен сенга айтган жойга бошла. Менинг фариштам сендан олдинда боради. Шунга қарамай, Ўзим белгилаган кунда Мен уларни қилган гуноҳи учун жазолайман.
35Шундай қилиб, Эгамиз уларнинг бошига кулфат юборди, чунки Исроил халқи Ҳорунга, бизга буқа ясаб бер, деб талаб қилган эдилар. Ҳорун уларнинг талабини бажарганди.

Currently Selected:

Чиқиш 32: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in