Чиқиш 23
23
23–БОБ
Адолатли ҳукм тўғрисида қонун–қоидалар
1Ёлғон хабарлар тарқатманглар. Ёлғон гувоҳлик бериш орқали фосиқ одамларга қўшилманглар. 2Кўпчилик нотўғри иш қилганда ёки адолатдан четга чиқиб гувоҳлик берганда, уларга эргашманглар. 3Камбағални ҳукм қилаётганда ҳам, камбағал, деб унинг тарафини олманг.
4Агар душманингизнинг йўқолиб қолган ҳўкизини ёки эшагини топиб олсангиз, эгасига олиб бориб беринг. 5Душманингизнинг эшаги юк оғирлигидан йиқилиб қолса, сиз уни кўрган бўлсангиз, душманингизни ташлаб кетманг. Унга ёрдам беринг.
6Ҳукмда камбағалга қарши адолатдан кўз юмманг. 7Туҳматчилардан узоқ туринглар, айбсиз, тўғри одамни ўлимга ҳукм қилманглар. Мен бундай иш қилган айбдорларни ҳукмда оқламайман. 8Пора олманглар. Пора туфайли кўзи очиқларнинг кўзини ёғ босади. Пора ҳар доим тўғри одамларнинг ишига зарар етказади.
9Мусофирга зулм қилманглар. Ўзларингиз Мисрда мусофир бўлган эдингизлар, шу боис мусофирнинг аҳволини биласизлар.
Еттинчи йил ва еттинчи кун тўғрисида қонун–қоидалар
10Олти йил далангизга уруғ сепиб, ҳосилини йиғиштириб олинг. 11Еттинчи йили#23:11 Еттинчи йили — Левилар 25:1-7 га қаранг. эса ерингизни бўш қолдиринг, дам беринг. Халқингиз орасидаги камбағаллар ерингиздан ўсиб чиқадиган ҳосилдан бирон егулик топиб есин. Улардан қолганини эса дашт ҳайвонлари есин. Узумзорингизни ва зайтунзорингизни ҳам шундай қилинглар.
12Олти кун иш қилинглар, еттинчи куни эса ишламанглар, токи ҳўкизларингиз, эшакларингиз ҳам ишдан тинсин, қулларингиз, мусофирлар ҳам ором олсин.
13Мен сизларга берган амрларимга риоя қилинглар. Бошқа худоларга илтижо қилманглар. Уларнинг номларини ҳатто тилга ҳам олманглар.
Йилда қилинадиган байрамлар тўғрисида қонун–қоидалар
14Менга атаб йилда уч марта байрам қилинглар:
15Абиб ойининг#23:15 Абиб ойи — иброний календарининг биринчи ойи (Абиб ойи Нисон ойи деб ҳам аталади). Ҳозирги календарга кўра, бу ой тахминан мартнинг ўртасидан бошланади. белгиланган вақтида хамиртурушсиз нон байрамини нишонланглар. Сизлар ўша ойда Мисрдан чиққансизлар. Мен сизларга амр этганимдай#23:15 Абиб ойининг белгиланган вақтида…Мен сизларга амр этганимдай… — 12:14-20 га қаранг., етти кун хамиртурушсиз нон енглар. Ҳар ким Менинг ҳузуримга муносиб назрлар олиб келиши лозим.
16Буғдой ўримини йиғиштиришни бошлаганингизда, далангизга эккан уруғнинг илк ҳосилидан назр қилинглар. Шу орқали Ҳосил байрамини нишонланглар.
Кузда даладаги ҳамма ҳосилингизни йиғиштириб бўлганингизда, Чайла байрамини#23:16 Чайла байрами — ибронийча матнда Йиғиш байрами, Чайла байрамининг яна бир номи. нишонланглар.
17Ҳамма эркаклар ҳар йили шу учала байрамда Мен, Эгангиз Раббийнинг ҳузурига келиб сажда қилсин.
18Менга қилинган қурбонликнинг қонини хамиртуруш қўшилган нон билан бирга назр қилманглар. Қилинган қурбонликнинг ёғини эрталабга қолдирмай куйдиринглар.
19Ерингиздан олган илк ҳосилнинг энг яхшисини Мен, Эгангиз Худонинг уйига олиб келинглар.
Улоқчани онасининг сутида қайнатманглар#23:19 Улоқчани онасининг сутида қайнатманглар — Канъондаги халқлар байрам маросимида бундай таомни тайёрлаб, ўз худоларидан яхши ҳосил беришини сўрар эдилар. Шу сабабдан Исроил халқига бундай таомни тайёрлаш ман этилган бўлиши мумкин. Худо Исроил халқига Канъон халқларининг одатларига эргашишни қатъиян тақиқлаган эди (шу бобнинг 32-33–оятларига ва 34:11-16 га қаранг)..
Ваъда ва огоҳлантиришлар
20Сизларни йўлда муҳофаза этсин, сизларни Мен тайёрлаган ерга олиб борсин деб, олдингизда фариштани юборяпман. 21Менинг номимдан келадиган қудрату ҳокимият унга берилган. Шунинг учун унга ўжарлик қилманглар, акс ҳолда, у ўжарлигингизни кечирмайди. 22Агар фариштамнинг айтганларига диққат билан қулоқ солсангиз, Менинг амрларимга итоат этсангиз, душманларингизга душман, рақибингизга рақиб бўламан. 23Фариштам олдингизда бориб, сизларни Амор, Хет, Париз, Канъон, Хив ва Ёбус халқларининг ерларига бошлаб боради. Мен ўша халқларни йўқ қиламан. 24Уларнинг худоларига сажда қилманглар, хизмат қилманглар. Бу халқларнинг одатларига тақлид қилманглар. Уларнинг худоларини йўқ қилинглар, бутсимон тошларини синдириб ташланглар. 25Фақат Мен, Эгангиз Худогагина хизмат қилинглар. Шунда Мен ош–сувингизни баракали қиламан, орангиздан хасталикларни йўқ қиламан. 26Юртингизда ҳомиласи тушиб қолган ёки бефарзанд аёл бўлмайди. Мен умрингизни узоқ қиламан.
27Сизларга қарши бўлган халқларни Мендан қўрқадиган қиламан. Сизларга қарши жанг қиладиган халқларни саросимага соламан. Душманларингизнинг ҳаммасини олдингиздан қочираман. 28Мен Хив, Канъон ва Хет халқларини ваҳимага соламан–да, олдингиздан қувиб юбораман#23:28 Мен Хив, Канъон ва Хет халқларини…қувиб юбораман — ёки Мен Хив, Канъон ва Хет халқларини қувиш учун сизлардан олдин қовоқ ариларни юбораман.. 29Лекин Мен бир йил ичидаёқ уларни олдингиздан ҳайдаб юбормайман. Агар бир йилнинг ичида уларни ҳайдасам, ўша юрт бўм–бўш бўлиб қолади, дашт ҳайвонлари кўпайиб, сизга хавф солади. 30Шунинг учун сизлар кўпайиб, ўша юртни бутунлай эгаллаб олмагунингизча, у ернинг халқларини оз–оздан олдингиздан ҳайдайман. 31Чегараларингизни Қизил денгиздан#23:31 Қизил денгиз — ибронийча матнда Ём–Суф, маъноси Қамиш денгизи. Бу оятдаги мана шу ном ҳозирги Ақаба қўлтиғига (яъни Қизил денгизнинг шимоли–шарқидаги қўлтиғига) ишора қилади. Ақаба қўлтиғи Исроил юртининг жануби–шарқий чегарасини ташкил қилар эди. Ўрта ер денгизигача#23:31 Ўрта ер денгизи — ибронийча матнда Филист халқининг денгизи. Ўрта ер денгизи Исроил юртининг ғарбий чегарасини ташкил қилар эди., саҳродан Фурот дарёсигача#23:31 …саҳродан Фурот дарёсигача… — Синай ярим оролининг шимоли–шарқидаги бу саҳро Исроил юртининг жанубий чегарасини, Фурот дарёси эса шимоли–шарқий чегарасини ташкил қилар эди. кенгайтираман. Шу юртнинг халқларини қўлларингизга бераман. Сизлар уларни олдингиздан қувасизлар. 32Уларнинг ўзлари билан ҳам, худолари билан ҳам аҳд қилманглар. 33У халқлар сизнинг юртингизда яшамасин. Бўлмаса улар сизни ўзларининг худоларига сажда қилдириб, Менга қарши гуноҳга бошлайди. Бу йўл билан сизларни тузоғига илинтириб олади.”
Currently Selected:
Чиқиш 23: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020