YouVersion Logo
Search Icon

Чиқиш 22

22
22–БОБ
Мулкни ҳимоя қилиш тўғрисида қонун–қоидалар
1Бирортаси мол ёки қўйни ўғирлаб, сўйса ёки сотса, молнинг эвазига ўғри бешта мол, қўйнинг эвазига тўртта қўй тўласин. 2-4Ўғирланган ҳайвонни ўғри қайтариши керак бўлса–ю, лекин товон тўлай олмаса, у ўғирлаган ҳайвон эвазига қул қилиб сотилсин. Ўғирланган ҳайвон тириклайин ўғрининг қўлида топилса, топилган ҳайвон мол бўладими ё эшак ёки қўй бўладими, икки баравар қилиб товон тўласин.
Бирортаси кечаси девор тешаётган ўғрини кўриб қолиб, ўғрини уриб ўлдириб қўйса, ўғрини ўлдирган одам айбдор эмас. Агар ўғрилик кундузи содир бўлса, қон тўккан одам айбдор бўлади.
5Агар бирортаси бировнинг даласига ёки узумзорига чорвасини ўтлатгани қўйиб юборса, чорва экинзорни ёки узумзорни пайҳон қилса, чорва эгаси ўзининг даласидан ёки узумзоридан яхши ҳосилини даланинг эгасига қайтариб бериши лозим.
6Агар бирортаси олов ёқса, олов чангалзор бўйлаб бировнинг даласига ўтиб, ўсаётган донни ёки ўриб, боғлаб қўйилган ғаллани ёндириб юборса, олов ёққан одам ҳамма зарарни қоплаши лозим.
7Бирортаси пулини ёки буюмини қўшнисига сақлаш учун берса, аммо шулар қўшнисининг уйидан ўғирланиб, ўғри топилса, ўғри икки баравар қилиб тўлаши керак. 8Ўғри топилмаса, уй эгаси ҳакамлар ҳузурига#22:8 …ҳакамлар ҳузурига… — ёки …Менинг ҳузуримга…. 21:6 нинг биринчи изоҳига қаранг. келиб:
— Қўшнимнинг мулкига қўлимни теккизмаганман, — деб қасам ичсин.
9Кимдир йўқотиб қўйган бирор буюми, моли, эшаги, қўйи, кийими тўғрисида қўшниси билан жанжаллашиб қолса, бу меники, деб даъво қилса, иккови ҳам, ажрим қиламиз деб, ҳакамлар ҳузурига борсин. Ҳакамлар#22:9 …ҳакамлар ҳузурига…Ҳакамлар… — ёки …Менинг ҳузуримга…Мен…. 21:6 нинг биринчи изоҳига қаранг. айбдор деб топган одам буюм эгасига икки баравар товон тўлаши керак.
10Бирортаси қўшнисига эшагини ё молини ёки қўйини ёхуд бошқа ҳайвонини қараб тургани берса–ю, ўша ҳайвон ўлиб қолса, ёки шикастланса, ёки ўғирлаб олиб кетилган бўлса, лекин гувоҳ бўлмаса#22:10 …ўғирлаб олиб кетилган бўлса, лекин гувоҳ бўлмаса… — бу ўринда мол яйловда ўтлаб юрган пайтда босқинчилар томонидан олиб кетилгани назарда тутилган. Молнинг ўғирлаб кетилганига гувоҳ бўлмаса, молга қараган одам ўзининг айбсизлиги ҳақида онт ичсин, бу жиноятда у айбдор ҳисобланмайди., 11олган одам ҳайвон эгасига: «Худо ҳақи, айбим йўқ», деб қасам ичсин. Ҳайвон эгаси қасамга ишонсин, қўшниси товон тўламасин. 12Борди–ю, ўша ҳайвон қўшнисининг айби билан ўғирланган бўлса, қўшниси ҳайвон эгасига товон тўласин. 13Агарда ҳайвонни бирор йиртқич тилка–пора қилган бўлса, далил қилиб бурдаларини кўрсатсин. Бурдаланган бўлаклари учун у товон тўламайди.
14Бирортаси бошқасининг ҳайвонини сўраб олган бўлса–ю, ҳайвон шикастланса ёки ўлса, лекин ўша пайтда эгаси ҳайвоннинг олдида бўлмаса, сўраб олган одам ҳайвон учун товон тўласин. 15Агар ўшанда эгаси ўз ҳайвони ёнида бўлса, товон тўламасин. Агар ҳайвон ёллаб олинган бўлса, ёлланган баҳоси тўлансин.
Ахлоқ ва дин тўғрисида қонун–қоидалар
16Кимки вояга етган ва унаштирилмаган қизни зўрлаб, у билан ётса, ўша одам у қиз учун қалин берсин, ўша қизга уйлансин. 17Агар отаси қизни ўша одамга беришга рози бўлмаса, ўша одам вояга етган қизларга бериладиган миқдордаги пулни қизнинг оиласига тўласин.
18Жодугарларни тирик қолдирманглар.
19Ҳайвон билан жинсий алоқа қилган одамнинг жазоси ўлимдир.
20Фақат Мен, Эгангизгагина қурбонлик келтиринглар. Мендан бошқа худоларга қурбонлик келтирган одамни ўлимга ҳукм қилинглар.
21Мусофирни эзиб, унга зулм ўтказманглар. Ўзларингиз ҳам Мисрда мусофир бўлган эдингизлар.
22Беваларга ва етимларга жабр қилманглар. 23Агар шундай қилсангиз, улар Менга ёлворадилар. Мен уларнинг нолаларини эшитаман. 24Мен қаттиқ ғазабланиб, эркакларингизга қирғин келтираман. Оқибатда хотинларингиз бева, болаларингиз етим бўлиб қолади.
25Менинг халқимдан бирорта камбағалга қарз берсангиз, қарз берувчи сифатида уни сиқувга олманглар, ундан фоиз талаб қилманглар. 26Агар қўшнингизнинг тўнини гаровга олган бўлсангиз, кун ботмасдан олдин тўнини қайтариб беринг. 27Ўша тўн қўшнингизнинг биттаю битта ёпинчиғидир. Бўлмаса, қўшнингиз нимани ёпиниб ухлайди?! У Менга ёлворганда, эшитаман. Мен раҳмдилман.
28Мен, Худойингизни#22:28 Мен, Худойингизни… — ёки Ҳакамларингизни…. Бу ўриндаги ибронийча сўз Худога, илоҳий зотларга ёки инсоний ҳукмдору ҳакамларга ишора қилган бўлиши мумкин. хўрламанглар, оқсоқолларингиздан биронтасини ҳам қарғаманглар.
29Хирмонингизнинг ҳосилидан, зайтун мойи ва шаробдан Менга назр қилишни кечиктирманглар.
Тўнғич ўғилларингизни Менга бағишланглар#22:29 Тўнғич ўғилларингизни Менга бағишланглар — 13:2, 11-16 ва Саҳрода 18:15-16 га қаранг.. 30Мол ва қўй–эчкиларингизнинг биринчи эркак боласини ҳам Менга бағишланглар. Улар етти кун онаси билан бўлсин, саккизинчи куни эса уларни Менга назр қилинглар.
31Сизлар Менинг муқаддас халқим бўлинглар. Далада йиртқич тилка–пора қилган ҳайвоннинг гўштини ўзларингиз еманглар, итларга беринглар.

Currently Selected:

Чиқиш 22: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in