YouVersion Logo
Search Icon

Закариё 9

9
9–БОБ
Исроилнинг душманлари устидан чиқарилган ҳукм
1Башорат. Эгамизнинг сўзи Хадрах юртига#9:1 Хадрах юрти — Дамашқ ва Хомат шаҳарларидан шарқда жойлашган. қаршидир.
Дамашқ шаҳрига қаратилгандир.
Эгамиз барча Исроил қабилаларини кузатиб тургандай,
Бутун инсониятни ҳам кузатади#9:1 Эгамиз барча Исроил қабилаларини кузатиб тургандай, Бутун инсониятни ҳам кузатади — ёки Барча Исроил қабилаларининг ҳамда инсониятнинг кўзлари Эгамиздадир..
2Хадрахга чегарадош бўлган Хомат#9:2 Хомат — ҳозирги Суриянинг шимолида жойлашган шаҳар. ҳам,
Доноларга тўла бўлган Тир ва Сидон#9:2 Тир ва Сидон — Финикияда муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳарлар. Бу шаҳарлар Исроилдан шимолда, Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган эди. Бугунги кунда бу ер Ливан мамлакатининг жанубий қисмини ташкил қилади. Филистлар бу шаҳарлар билан иттифоқ тузган эдилар. ҳам Эгамизнинг кўзи остидадир#9:2 …Эгамизнинг кўзи остидадир — ёки …Эгамизга кўз тиккан..
3Тир шаҳри ўзига қалъа қуриб олган,
Шунчалик кўп кумуш ва олтин йиққанки,
Улар кўчадаги чанг ва лойдайдир.
4Лекин энди Раббий уларнинг мулкини тортиб олади,
Бойликларини денгизга улоқтиради.
Шаҳарнинг ўзи эса оловга ем бўлади.
5Ашқалон шаҳри#9:5 Ашқалон шаҳри — Филист халқи қуйидаги бешта шаҳар–давлатни барпо қилган эди: Ғазо, Ашдод, Ашқалон, Эхрон ва Гат. Бу шаҳарлар Филистияда, Ўрта ер денгизи яқинида жойлашган эди. буни кўриб, қўрқувга тушади,
Ғазо ҳам даҳшатга тушиб қалтирайди,
Умиди пучга чиққан
Эхрон ҳам шу аҳволга тушади.
Ғазонинг шоҳи ҳалок бўлади,
Ашқалонда эса ҳеч бир зот қолмайди.
6Эгамиз шундай дейди:
“Ашдодда насли бузилган халқлар яшайди.
Ҳа, Мен Филистларнинг такаббурлигига чек қўяман.
7Мен Филистларнинг оғзидаги қонли гўштни,
Тишларидаги ҳаром овқатни#9:7 …қонли гўшт…ҳаром овқат… — Филистлар Худонинг халқи қаторига кирадилар, шундан кейин тақиқланган овқатларни емайдиган бўладилар (Ибтидо 9:4, Левилар 11:1-23 га қаранг). олиб ташлайман.
Филистларнинг тирик қолганлари Менга тегишли бўлади,
Улар Яҳудонинг авлодидай бўлиб қолади.
Эхрон ҳам Ёбус халқидай#9:7 Ёбус халқи — Қуддуснинг туб аҳолиси. Шоҳ Довуд шаҳарни босиб олгандан кейин улар ҳам Худонинг халқи қаторига кирди (2 Шоҳлар 5:6-10, 24:16 га қаранг).
Ўз халқимнинг бир қисми бўлади.
8Босқинчилардан асрай деб
Мен Ўзим уйимни қўриқлайман.
Халқимнинг юртини ҳеч ким босиб ололмас,
Ҳа, Мен ҳаммасини кўриб турибман.
Бўлажак шоҳ
9Хурсанд бўлиб, қувонинг,
Эй Қуддус халқи!
Шодлик ила ҳайқиринг,
Эй Сион аҳолиси!
Мана, шоҳингиз келяпти.
У зафар қозонган ғолибдир.
Шунга қарамай,
Камтариндир шоҳингиз,
У эшакнинг устида,
Ҳа, эшакнинг боласини —
Хўтикни миниб келяпти.
10Мен Эфрайимнинг#9:10 Эфрайим — Эфрайим қабиласи Исроилнинг шимолий қисмидаги энг катта ва нуфузли қабила бўлгани боис, Эски Аҳднинг баъзи ўринларида Эфрайим деган ном Исроилга, яъни шимолий шоҳликка нисбатан ишлатилган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ЭФРАЙИМ сўзига қаранг. жанг араваларини йўқотаман,
Қуддуснинг#9:10 …Эфрайим…Қуддус… — бу ўринда Закариё Худонинг халқига тегишли бўлган, қайта тикланган, бирлашган жанубий ва шимолий шоҳликка ишора қиляпти. Ҳизқиёл 37:15-28 га қаранг. жанг отларини тортиб оламан.
Уруш камонлари ҳам йўқ қилинади,
Шоҳингиз халқларга тинчлик келтиради.
Мен бир денгиздан иккинчисига қадар,
Фурот дарёсидан тортиб
Ер юзининг тўрт томонига ҳукмронлик қиламан.
Худо Ўз халқини қайта тиклайди
11Мен сизлар билан қилган,
Қурбонлик қони билан тасдиқланган аҳдим#9:11 Қурбонлик қони билан тасдиқланган аҳдим — Чиқиш 24:1-8 га қаранг. туфайли,
Асирларингизни сувсиз чуқурликдан озод қиламан.
12Эй умидвор асирлар,
Ўз қалъангизга қайтинг.
Бугун Мен айтяпман,
Йўқотганларингизни икки баробар қилиб тиклайман.
13Мен Яҳудони Ўз камонимдек қайирдим,
Эфрайимни#9:13 …Яҳудо…Эфрайим… — шу бобнинг 10–оятига берилган изоҳларга қаранг. эса камоним ўқи қилдим.
Эй Сион#9:13 Сион — 1:14 изоҳига қаранг., Мен сенинг ўғилларингни
Юнон#9:13 Юнон — ибронийча матнда Ёвон, ўша вақтда Юнон халқи шу ном билан ҳам аталарди. ўғилларига қарши қўзғатаман.
Менинг қўлимда жангчининг қиличидай ўйнайсан.”
Эгамиз Ўз халқини ҳимоя қилади
14Шундан кейин Эгамиз Ўз халқи узра зоҳир бўлади,
Унинг ўқи яшиндай отилади.
Эгамиз Раббий бурғуни чалиб,
Жанубдан келган қуюнлар орасида ҳужум қилади.
15Сарвари Олам Ўз халқини ҳимоя қилади,
Улар душманларини қириб,
Ёв палахмонларини оёқ ости қилиб ташлайдилар.
Қурбонлик сўйгандай ёв қонини тўкадилар,
Қурбонгоҳ шохлари қонга белангандай,
Улар душманларининг қонига беланадилар.
Шаробу май билан ғалабани нишонлайдилар,
Хурсандлигидан маст одамдай ҳайқирадилар.
16Ўша куни уларнинг Эгаси Худо
Ўз халқини қутқаради.
Ахир, улар Эгамизнинг сурувидир.
Эгамизнинг юртида улар
Тож гавҳарларидай порлайдилар.
17Унинг халқи қандай гўзал ва ажойиб!
Янги шаробу донлар
Йигит–қизларни бақувват қилар.

Currently Selected:

Закариё 9: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in