YouVersion Logo
Search Icon

Титус 3

3
3–БОБ
Хайрли ишларга бел боғланг
1Сен жамоатдагиларга эслатиб тур: улар давлат бошлиқларию ҳокимларга бўйсунсинлар, итоат этиб, ҳар қандай хайрли ишга тайёр бўлсинлар. 2Ҳеч кимни ёмонламасинлар, жанжаллашмасинлар, бошқаларга нисбатан доим мулойим ва меҳрибон бўлсинлар.
3Бир вақтлар бизлар ҳам фаҳмсиз, итоатсиз, адашган одамлар эдик, ҳар хил завқу эҳтиросларнинг қули бўлиб, гина–кудурат ва ҳасадгўйлик билан кун кечирардик, бир–биримиздан нафратланадиган разил одамлар эдик. 4Аммо нажоткоримиз Худо бизга бўлган эзгулиги ва меҳр–муҳаббатини кўрсатди. 5Савоб ишларимиз туфайли эмас, балки Ўзининг раҳм–шафқати туфайли У бизни қутқарди. Муқаддас Руҳ орқали гуноҳларимизни ювди, бизни янгидан туғдириб, янги ҳаёт ато этди. 6Нажоткоримиз Исо Масиҳ орқали Худо бизнинг устимизга Муқаддас Руҳини мўл–кўл қилиб ёғдирди. 7Биз Исонинг инояти билан оқландик, энди абадий ҳаётга умид боғлаб, Худо ваъда қилган баракалардан баҳраманд бўла оламиз. 8Бу гапларнинг ҳаммаси тўғри ва асослидир.
Ушбу таълимотнинг фойдаси катта. Жамоатдагиларга яхшилаб уқтир, улар ўргатганларимнинг ҳаммасига риоя қилсинлар. Худога ишонганлар хайрли ишларга астойдил бел боғласинлар.
9Сен эса аҳмоқона баҳслардан, шажаралар#3:9 шажаралар — 1 Тимўтий 1:4 изоҳига қаранг. ҳамда Таврот қонунлари борасидаги мунозараю жанжаллардан ўзингни олиб қоч#3:9 …аҳмоқона баҳслардан…ўзингни олиб қоч — 1 Тимўтий 1:3-7, 4:7 га қаранг.. Булар фойдасиз ва беҳудадир. 10Орангизга низо уруғини сепаётган одамни бир–икки марта огоҳлантир, агар гапингга кирмаса, у билан алоқани уз. 11Ўзинг биласан–ку, бундай одамнинг фикри бузуқ. Унинг қилаётган гуноҳлари ўзини маҳкум этади.
Сўнгги кўрсатмалар ва саломлар
12Артемас ёки Тихикусни сенинг ёнингга юборганимдан кейин, Никополис шаҳрига#3:12 Никополис шаҳри — Рим империясига қарашли Ахая вилоятининг ғарбида, Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган., менинг олдимга тезроқ келишга ҳаракат қил. Чунки мен қишни шу ерда ўтказишга қарор қилдим. 13Қўлингиздан келганча қонуншунос Зинас ва Аполлосга#3:13 Аполлос — Ҳаворийлар 18:24-19:1, 1 Коринфликлар 3:1-9 га қаранг. ёрдам қилинглар, сафарга чиқишлари учун керакли ҳамма нарсани уларга бекаму кўст қилиб етказиб беринглар. 14Токи жамоатдагилар ҳам хайрли ишларга астойдил бел боғлашга одатлансинлар, бошқаларнинг зарурий эҳтиёжларини қондирсинлар, шунда ҳаётлари самарасиз бўлмайди.
15Ёнимдагиларнинг ҳаммаси сенга салом йўллаяптилар. Бизни яхши кўрадиган имондаги биродарларимизга салом айтгин.
Худонинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин#3:15 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўз оятга қўшимча қилинган: омин..

Currently Selected:

Титус 3: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in