YouVersion Logo
Search Icon

Титус 1

1
1–БОБ
Дуойи салом
1Худонинг қули ва Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен — Павлусдан салом! Худонинг танланган одамлари имонда собит бўлсинлар ва художўйликка чорловчи ҳақиқатни билиб олсинлар деб, Худо мени бу хизматга тайинлади. 2Ҳаворий сифатида мен уларни абадий ҳаётдан умидвор бўлишга даъват этаман. Зеро, Худо абадий ҳаётни азалданоқ ваъда қилган. У ҳеч қачон ёлғон ваъдалар бермайди. 3Белгиланган пайтда Худо абадий ҳаётга чорловчи Хушхабарни бизнинг воизлигимиз орқали аён этди. Нажоткоримиз Худо бу Хушхабарни менга топшириб, уни эълон қилишимни буюрди. 4Қадрдоним Титус#1:4 Титус — Павлуснинг ҳамкори ва ёрдамчиси (2 Коринфликлар 8:23, Галатияликлар 2:1 га қаранг)., бизнинг эътиқодимиз бир, сен менга ўз ўғлимдай бўлиб қолгансан. Отамиз Худо ва нажоткоримиз Исо Масиҳ сенга иноят ва тинчлик ато қилсин.
Титуснинг Крит оролидаги вазифалари
5Қолган ишларни битиришинг учун мен сени Крит оролида қолдирган эдим. Сенга буюрганимдек, оролнинг ҳар бир шаҳридаги имонлилар жамоати устидан оқсоқоллар тайинлагин. 6Жамоат оқсоқоли яхши ном чиқарган бўлиши шарт. У ўз хотинига вафодор#1:6 …ўз хотинига вафодор… — юнонча матндан сўзма–сўз таржимаси …бир аёлнинг эри…. 1 Тимўтий 3:2 изоҳига қаранг. бўлсин. Унинг фарзандлари имонли бўлиб, шалоқлик ва итоатсизлик айбидан холи бўлишсин. 7Зеро, жамоат етакчиси Худонинг хонадонини бошқарувчи сифатида камчиликсиз бўлиши лозим, яъни у такаббур, жаҳлдор, майхўр, зўравон ёки пулпараст эмас, 8балки меҳмондўст, яхшиликни севадиган, вазмин, одил, оқ кўнгил ва нафсини тийган одам бўлсин. 9Ҳақиқатга ўргатилган, Хушхабар ақидаларига қатъий риоя қиладиган инсон бўлсин. Шунда у бошқаларга ҳам соғлом таълимот билан насиҳат қила олади, қаршилик қилувчиларни эса фош эта олади.
10Ахир, ҳеч кимга итоат қилмайдиган, қуруқ гап сотадиган ёлғончи биродарлар бор, айниқса суннатлилар#1:10 суннатлилар — Павлус бу ўринда Худога манзур бўлиш учун суннат қилиниш керак, деб ўйлаган одамларга ишора қилади. Павлуснинг ўзи суннатга қарши бўлмаган, аммо нажот топиш учун суннат қилиниш керак, деган таълимотга қатъиян қарши эди (Ҳаворийлар 15:1-2 га қаранг). орасида бундайлар кўп. 11Уларнинг сафсаталарини тўхтатиш керак. Зеро, улар пул ишлаш ниятида сохта таълимотлар ўргатиб, бутун оилаларни тўғри йўлдан оздирмоқдалар. 12Мана, улардан чиққан бир мутафаккир ўз юртдошлари ҳақида шундай деган:
“Критликлар доимо ёлғон гапиришади,
Улар ебтўймас дангасалардир,
Гўёки йиртқич ҳайвонлардир.”
13Бу гапда жон бор. Шунинг учун бебошларга қаттиқ танбеҳ бер, токи улар ҳақ имонга қайтсинлар. 14Яҳудийларнинг афсоналарига ва ҳақиқатдан юз ўгирган одамларнинг кўрсатмаларига қулоқ солмасинлар. 15Қалби пок одамлар учун ҳамма нарса ҳалолдир. Бузуқ ва имонсизларнинг назарида эса ҳамма нарса ҳаромдир. Бундайларнинг ақли ҳам, виждони ҳам булғанган. 16Улар, Худони биламиз, дейдилар–у, ўз қилмишлари билан Уни инкор этадилар. Бундай қабиҳ, ўзбошимча одамлар ҳеч бир хайрли ишга ярамайдилар.

Currently Selected:

Титус 1: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in