YouVersion Logo
Search Icon

Забур 9

9
9–САНО
1Ижрочилар раҳбарига. “Қизлар#9:1 Қизлар — ёки Ўғилнинг ўлими.” куйига айтиладиган Довуд саноси.
2Бутун юрагимдан, эй Эгам, Сенга шукур айтаман,
Барча ажойиб ишларингни сўйлайман.
3Сен туфайли шодланиб, қувонаман.
Қўшиқ айтиб, Сени мадҳ этаман,
Эй Худойи Таоло!
4Душманларим чекиниб қочганларида,
Қоқилиб, нобуд бўлди Сенинг ҳузурингда.
5Сен адолат ила ҳукм қилиб тахтга ўтирдинг,
Мени ҳукм этиб, юзимни ёруғ қилдинг.
6Халқларни Сен ваҳимага солдинг,
Қабиҳларни қириб ташладинг.
Уларнинг номини бир умрга ўчирдинг.
7Вайроналар ичра душманимиз то абад ғойиб бўлди,
Уларнинг шаҳрини Сен вайрон этдинг,
Уларнинг хотираси тамоман ўчди.
8Эгамиз эса то абад Ўз тахтида ўтиради,
У тахтини ҳукм қилиш учун қургандир.
9У оламни адолат билан бошқаради,
Халқларни одилона ҳукм қилади.
10Мазлум учун Эгамиз қалъадай бўлади,
Ҳа, қайғули дамларда У паноҳ бўлади.
11Эй Эгам, Сени танийдиганлар
Ўзингга умид боғлайди.
Сенга юз бурганларни тарк этмайсан.
12Ҳамду сано куйланг Қуддусда#9:12 Қуддус — ибронийча матнда Сион (шу санонинг 15–оятида ҳам бор). 2:6 изоҳига қаранг. тахт қурган Эгамизга!
Унинг ишларини эълон қилинг халқлар орасида!
13Қасоскор Эгамиз мазлумларни ёдида тутади,
Жафокашлар фарёдини У унутмайди.
14Раҳм қил менга, эй Эгам, қара!
Мендан нафратланган ғанимларим азоб бермоқда!
Ўлим оғзидан мени қайтарадиган Сенсан!
15Шу боис гўзал Қуддус дарвозалари олдида
Сенга ҳамду сано айтайин,
Менга нажот берган Сенсан,
Шу боис ҳам қувонайин.
16Халқлар ўзлари қазиган чуқурга ўзлари йиқилди#9:16 Халқлар ўзлари қазиган чуқурга ўзлари йиқилди… — 7:16-17 га қаранг.,
Яширган тўрларига оёқларидан илинди.
17Эгамиз адолатли ҳукми ила
Ўзининг кимлигини кўрсатди.
Қабиҳлар ўзлари қўйган тузоққа илинди.
18Қабиҳлар ва Худони унутган жамики халқлар
Ўликлар диёрига#9:18 Ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. 6:6 изоҳига қаранг. тушар.
19Муҳтожни Худо бир умрга унутмас,
Бечораҳолнинг умидини то абад йўққа чиқармас.
20Қани, эй Эгам! Инсон зоти ғолиб чиқмасин,
Халқлар ҳузурингда ҳукм қилинсин.
21Уларни қўрқувга сол, эй Эгам!
Халқлар инсон зоти эканлигини билсин.
22Нечун, эй Эгам, узоқда турибсан?
Қайғули дамларда Ўзингни яширасан?
23Такаббур қабиҳлар бечорани таъқиб қилади,
Тўқиган иғволари ўзларининг бошига етсин.
24Қабиҳлар ёвуз эҳтирослари билан мақтанади,
Очкўзлар Эгамизни лаънатлайди, Ундан нафратланади.
25Худога интилмайди ўзига бино қўйган қабиҳлар,
“Худо йўқдир”, деб доим ўйлайди улар.
26Қабиҳларнинг доим иши юришади,
Худонинг амрларини улар тушунмайди,
Душманларини писанд қилмайди.
27Улар ўз кўнглида ўйлайдилар:
“Биз ҳеч қачон қоқилмаймиз,
Ҳеч қачон кулфатларга дуч келмаймиз.”
28Қабиҳларнинг оғзидан лаънат, ҳийла, пўписа чиқади,
Сўзлари билан улар одамларни яралаб, барбод қилади.
29Улар қишлоқларда яшириниб олади,
Бегуноҳ инсонни пойлаб ўлдиради.
Кўзлари ожиз қурбонни қидиради.
30Шерга ўхшаб панада кутиб туради,
Бечорани ушлайман деб, писиб ётади,
Заифни ўз сиртмоғига илинтириб, ушлаб олади.
31Қабиҳлар ўз кучи билан заифни йиқитади,
Уни ётқизиб, эзиб ташлайди.
32Улар ўз кўнгилларида: “Худо қилмишларимизни унутган,
У кўзларини юмиб олган, ҳеч нарсани кўрмайди”, деб ўйлайди.
33Қани, эй Эгам! Ургин қабиҳларни,
Эй Худо! Унутмагин мазлумларни!
34Нечун қабиҳлар Сендан нафратланади?
Нечун ўз кўнглида улар:
“Худо Мендан ҳисоб сўрамайди”, деб айтади?
35Сен эса кўриб турасан,
Билиб турасан кулфату азобда қолганларни.
Қўлларингни уларга узатасан,
Ожиз ўзини Сенинг паноҳингга топширади,
Сен етимга доим ёрдам бергансан.
36Қабиҳлару ёвузларнинг қўлини қирққин,
Қилмишлари учун улардан ҳисоб сўра,
Токи улар бошқа ёвузлик қилмасин.
37Эгамиз Шоҳдир то абад,
Ўзга халқлар йўқ бўлади Унинг юртидан.
38Эй Эгам, мазлумларнинг истакларига қулоқ соласан,
Уларнинг юракларига далда берасан.
Етиму мазлумнинг додини Сен эшитиб,
39Ер юзида банда уларни ваҳимага солмасин дея,
Уларга Сен адолат қиласан.

Currently Selected:

Забур 9: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in