YouVersion Logo
Search Icon

Саҳрода 25

25
25–БОБ
Исроил халқи Пиёр тоғидаги Баалга сажда қилади
1Исроил халқи Шитимда#25:1 Шитим — Ўлик денгизнинг шимоли–шарқида, Мўаб текислигида жойлашган. ўрнашганда, Исроил эркаклари Мўаб аёллари билан зино қила бошлашди. 2Мўаб аёллари уларни ўз худоларига бағишланган қурбонлик зиёфатларига таклиф этишди. Исроил халқи уларнинг қурбонлигидан тановул қилиб, худоларига ҳам сажда этди. 3Исроил халқи Пиёр тоғидаги Баалга қаттиқ боғланиб қолгани учун, Эгамиз улардан ғазабланди. 4У Мусога шундай деди:
— Бу халқнинг бошлиқларини ушла, уларни куппа–кундузи Мен, Эгангизнинг ҳузурида қатл қил, жасадларини эса тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтир. Шунда Мен Исроил халқидан қаҳр–ғазабимни қайтараман.
5Мусо Исроил ҳакамларига#25:5 ҳакамлар — махсус йўлбошчилар. Эҳтимол, улар бутун қабилага ёки қабиланинг бир қисмига жавобгар бўлган.:
— Пиёрдаги Баалга сажда қилган ҳар бир одамингизни ўлдиринглар, — деб буйруқ берди.
6Шу пайт Исроил халқидан биттаси Мусонинг ва бутун Исроил жамоасининг кўзи олдида қароргоҳга Мидиёнлик#25:6 Мидиёнлик — мазкур оятда бу ном Иордан дарёсининг шарқ томонида яшайдиган, Мўаб халқи билан аралашиб кетган бир халққа ишора қилади. Уларнинг устидан Мўаб шоҳи ҳукмронлик қилган бўлиши мумкин (22:1-7 га қаранг). бир аёлни бошлаб келиб қолди. Жамоа Учрашув чодирига кираверишда йиғлаб турган эди. 7Руҳоний Ҳоруннинг набираси — Элазар ўғли Финхаз буни кўрди–ю, ўрнидан туриб, жамоа орасидан чиқиб кетди. У найзасини олиб, 8Исроил халқидан бўлган ўша одамнинг орқасидан чодирга кирди–да, найзаси билан икковини ҳам ўлдирди. Финхазнинг санчган найзаси ўша одамнинг баданини тешиб ўтиб, аёлнинг қорнига кирган эди. Шундан кейингина Исроил халқи орасидаги ўлат тўхтади. 9Лекин ўлатдан 24.000 одам ўлиб бўлган эди.
10Шунда Эгамиз Мусога:
11— Руҳоний Ҳоруннинг набираси — Элазар ўғли Финхаз Менинг қаҳр–ғазабимни Исроил халқидан қайтарди, — деди. — Исроил халқи орасида у Менга жон куйдиргани учун, Мен ғазаб устида уларга қирғин келтирмадим. 12Сен унга айт: Мен Финхаз билан алоҳида тинчлик аҳдимни тузаман. 13Бу аҳдга мувофиқ, Финхазнинг ўзи ва унинг авлоди то абад руҳоний бўлишади, чунки у ўз Худосига — Менга жон куйдириб, қилган иши билан Исроил халқидан Менинг ғазабимни қайтарди.
14Мидиёнлик аёл билан бирга ўлдирилган Исроил одамининг исми Зимри бўлиб, Шимўн қабиласининг уруғбошиси Солунинг ўғли эди. 15Ўлдирилган аёлнинг исми эса Хозби эди, у Мидиёнликларнинг уруғбошиси Зурнинг қизи эди.
16Эгамиз Мусога:
17— Мидиён халқини душман деб билинглар, уларни қириб ташланглар! — деди. 18— Чунки улар сизларга душманлик қилиб, Пиёрдаги воқеа орқали сизларни йўлдан оздиришди. Бундан ташқари, Пиёрда ўлат ҳукмронлик қилган куни ўлган Мидиёнлик йўлбошчининг қизи Хозби орқали сизларни алдашди.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in