YouVersion Logo
Search Icon

Саҳрода 16

16
16–БОБ
Кўрах, Датан ва Абурамнинг исёни
1-2Бир куни Леви қабиласининг Қоҳот уруғидан бўлган Изхор ўғли Кўрах Мусога қарши исён кўтарди. У Рубен қабиласидан Элиёбнинг ўғиллари Датан ва Абурамни ҳамда Палаф ўғли Онни ёнига қўшиб олди. Исроил халқининг 250 йўлбошчиси ҳам уларга қўшилди. Бу йўлбошчилар жамоа кенгашининг тайинланган аъзоларидан бўлиб, обрўли кишилар эди.
3Улар Мусо билан Ҳорунга қарши йиғилишиб, икковига шундай дейишди:
— Сизлар ҳаддингиздан ошиб кетдингиз! Ахир, бутун жамоа ва унинг ҳар бир аъзоси Эгамизга тегишли–ку! Эгамиз ҳаммамиз билан биргадир. Нимага энди сизлар ўзингизни Эгамизнинг жамоасидан устун қўйяпсизлар?!
4Мусо бу гапни эшитиб, мук тушди#16:4 …мук тушди — бу ҳолат Мусо Худога жон–жаҳди билан ибодат қилиб, мадад сўраётганини билдиради.. 5Сўнг Кўрах ва унинг шерикларига шундай деди:
— Эртага эрталаб Эгамиз Ўзиникиларни кўрсатади. Ўзига тегишли бўлган одамини аён қилади. Ким Худонинг танлангани бўлса, Эгамиз ўшани Ўзига яқинлаштиради. 6Сен, Кўрах, ҳамтовоқларинг билан бирга оловкуракларингизни олиб, 7эртага Эгамиз олдида ўша оловкуракларингизда тутатқи тутатинглар. Ўшанда Эгамиз кимни танлаб олганини, ким Унга тегишли эканлигини кўрамиз#16:7 Ўшанда Эгамиз кимни танлаб олганини, ким Унга тегишли эканлигини кўрамиз — фақат руҳонийлар Муқаддас чодирда хушбўй тутатқи назр қилишлари мумкин эди. Тутатқи назр қилган бошқа одам ўлар эди. Тутатқи назр қилиб тирик қолган одам Худонинг танлагани эди.. Эй левилар, сизлар ҳаддингиздан ошиб кетдингизлар!
8Кейин Мусо:
— Эй левилар, эшитиб олинглар! — деди Кўрахга. 9— Исроил халқининг Худоси сизларни Исроил жамоасидан ажратиб олди. Эгамизнинг Муқаддас чодиридаги юмушларни бажаришингиз учун сизларни Ўзига яқинлаштирди. Жамоа вакили сифатида бутун халққа хизмат қилишингиз учун сизларни танлаб олди. Наҳотки шуниси сизларга камлик қилса?! 10Эгамиз сизларни, ҳамма леви биродарларингизни Ўзига яқинлаштирган бўлса, яна руҳонийликни ҳам талаб қилишингиз нимаси? 11Ҳорун ким бўптики, сизлар ундан минғирлаб нолисангиз? Сизлар асли Ҳорунга эмас, Эгамизга қарши йиғилгансиз!
12Мусо Элиёбнинг ўғиллари Датан ва Абурамни чақириб келгани одам юборди. Лекин улар:
— Бормаймиз! — деб айтиб юборишди. 13— Эй Мусо, сен бизни сут ва асал оқиб ётган юртдан#16:13 сут ва асал оқиб ётган юрт — 13:28 изоҳига қаранг. олиб чиқиб, саҳрода ҳалок қилмоқчи бўлдинг. Шуниси етмагандай, энди бизга хон бўлмоқчимисан?! 14Сен бизни сут ва асал оқиб ётган юртга олиб кирмадинг, мулк қилиб далалару узумзорларни бермадинг. Шу пайтгача бизни лақиллатиб келяпсан. Йўқ, олдингга бормаймиз!
15Буларни эшитган Мусо қаттиқ ғазабланиб, Эгамизга айтди:
— Уларнинг назрларини қабул қилма. Мен уларнинг бирортасига ёмонлик қилмадим–ку, уларнинг биронтасидан ҳатто эшагини ҳам олмадим–ку!
16Сўнг Мусо Кўрахга айтди:
— Эртага ўзинг ҳам, ҳамма шерикларинг ҳам Эгамиз олдида ҳозир бўлинглар. Ҳорун ҳам шу ерда бўлади. 17250 нафар йўлбошчининг ҳаммаси оловкуракларига тутатқи солиб, Эгамизнинг ҳузурига олиб келишсин. Сен ҳам оловкурагингни олиб кел, Ҳорун ҳам ўзиникини олиб келади.
18Шундай қилиб, эртаси куни ҳар бир одам ўз оловкурагини олди. Оловкуракка чўғ солиб, чўғ устига тутатқи ташлади. Улар Мусо ва Ҳорун билан бирга Учрашув чодири кираверишига келиб туришди. 19Кўрах бутун жамоани Учрашув чодири киравериши олдига — Мусо ва Ҳоруннинг рўпарасига тўплагач, Эгамиз улуғворлигини бутун жамоага зоҳир қилди.
20Кейин Эгамиз Мусо билан Ҳорунга:
21— Бу жамоадан нари туринглар, — деди. — Мен уларни бир зумда йўқ қилиб юбораман.
22Иккови эса мук тушиб:
— Эй Худойим! Эй одамзод руҳларининг Худоси! — деб илтижо қилишди. — Гуноҳ қилган битта одам–ку, Сен эса бутун жамоадан ғазабланяпсанми?!
23Эгамиз Мусога деди:
24— Жамоага айт, улар Кўрах, Датан ва Абурамнинг чодирларидан узоқроқ туришсин.
25Мусо ўрнидан туриб, Датан билан Абурамнинг олдига кетди. Исроил оқсоқоллари ҳам Мусога эргашишди. 26Мусо жамоага деди:
— Бу қабиҳ одамларнинг чодирларидан узоқроқ туринглар. Уларнинг бирор нарсасига ҳам тегманглар. Акс ҳолда, уларнинг ҳамма гуноҳлари учун сизлар нобуд бўласизлар.
27Жамоа Кўрах, Датан ва Абурамнинг чодирларидан узоқроққа бориб туришди. Датан ва Абурам эса хотинлари, бола–чақалари билан чодирларининг кираверишига чиқиб турган эдилар.
28— Бу ишларнинг ҳаммасини адо этишим учун мени Эгамиз юборганини, буларни ўзимча қилмаганимни шундан биласизлар, — деди Мусо. 29— Агар Кўрах ва унинг шериклари ўз ажали билан, ҳамма одамлар каби, ўлишса, мени Эгамиз жўнатмаган бўлади. 30Борди–ю, Эгамиз фавқулодда бир нарса қилса — ер ёрилиб уларни бор нарсаси билан ютиб юборса, улар ўликлар диёрига#16:30 ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. Қадимда Исроил халқи Шеўлни ер остидаги тубсиз чуқурлик, марҳумлар борадиган қоронғи жой деб тушунарди (шу бобнинг 33–оятида ҳам бор). тириклайин кириб кетишса, билингларки, ўша одамлар Эгамизни хўрлаган бўлади.
31Мусо гапини энди тугатган ҳам эдики, ўша одамларнинг оёғи остидаги ер ёрилиб кетди. 32Ернинг оғзи катта очилиб, уларни оила аъзолари, Кўрахнинг ҳамма шериклари, мол–мулки билан бирга ютиб юборди. 33Шундай қилиб, улар жамики мол–мулки билан бирга тириклайин ўликлар диёрига кириб кетишди. Ер ёпилиб, уларни жамоа орасидан ғойиб қилди. 34Уларнинг фарёдидан атрофда турган Исроил халқи: “Бизни ҳам ер ютиб юбормасин!” деб бақирганча тумтарақай бўлди. 35Шу пайт Эгамиз аланга юбориб, тутатқи тутатган 250 нафар одамни куйдириб юборди.
Оловкураклар
36Эгамиз яна Мусога деди:
37-38— Ҳоруннинг ўғли руҳоний Элазарга айт. У гуноҳлари учун ўлдирилганларнинг оловкуракларини ёнғин орасидан йиғиштириб олсин. Оловкураклардаги чўғларни бир четга чиқариб ташласин, чунки оловкураклар муқаддасдир. Бу оловкураклар Менга назр қилиш учун фойдаланилганда, муқаддас бўлган. Бу оловкуракларни ёйиб, қурбонгоҳни қоплаш учун тунука қилинглар. Булар Исроил халқини огоҳлантирувчи бир белги бўлади.
39Руҳоний Элазар куйиб ўлганларнинг тутатқи тутатган бронза оловкуракларини йиғиштириб олди. Сўнг у оловкуракларни ёйиб, қурбонгоҳни қоплаш учун тунука ҳолига келтирди. 40Ҳоруннинг наслидан бўлмаган бирорта одам Эгамизнинг олдида тутатқи тутатиб, Кўрах ва унинг шериклари каби ҳалок бўлмаслиги учун, бу тунука Исроил халқини огоҳ қилиб турарди. Шундай қилиб, Эгамизнинг Мусо орқали берган кўрсатмалари амалга оширилди.
Ҳорун халқни қутқаради
41Эртасига жамики Исроил жамоаси Мусо билан Ҳорундан норози бўлиб: “Эгамизнинг халқини сизлар ўлдирдингизлар”, деб минғирлай бошлади. 42Жамоа уларга қарши йиғилган пайтда Мусо билан Ҳорун Учрашув чодири томон қарашса, Чодирни булут қоплаб олган, Эгамиз улуғворлигини зоҳир қилган экан. 43Улар Учрашув чодирининг олд томонига бориб туришганда, 44Эгамиз Мусога деди:
45— Бу жамоадан нари тур, Мен уларни ҳозирнинг ўзидаёқ йўқ қилиб юбораман.
Аммо Мусо билан Ҳорун ерга мук тушди. 46Мусо Ҳорунга деди:
— Қани, бўл, оловкурагингни ол! Қурбонгоҳдан оловкуракка чўғ солиб, устига тутатқи ташла–да, тезроқ жамоанинг олдига бор. Уларни гуноҳларидан покла. Эгамиз ғазабини сочди, одамлар ўлатдан нобуд бўляпти.
47Ҳорун Мусо буюргандай қилиб, жамоанинг орасига югуриб борди. Одамлар ҳақиқатан ҳам ўлатдан нобуд бўлишаётган эди. Ҳорун тутатқи тутатиб, Исроил халқини гуноҳларидан поклади. 48У тириклар билан марҳумларнинг ўртасига турган эди, ўлат тўхтади. 49Лекин ўлатдан 14.700 киши нобуд бўлган эди. Кўрахнинг қилмиши туфайли ўлганлар бу ҳисобга кирмасди. 50Ўлат тўхтагандан кейин Ҳорун Учрашув чодирининг кираверишида турган Мусонинг ёнига қайтиб келди.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in

Video for Саҳрода 16