Саҳрода 12
12
12–БОБ
Марям жазоланади
1Мусо Ҳабашистонлик#12:1 Ҳабашистонлик — ибронийча матнда Кушлик. Куш деган жой Мисрдан жанубда бўлиб, ҳозирги Судан ва Эфиопия мамлакатларининг бир қисмини ўз ичига олган эди. аёлга уйлангани учун Марям ва Ҳорун Мусога қарши гапирдилар. 2Иккови: “Эгамиз ёлғиз Мусо орқали гапирибдими?! У биз орқали ҳам гапирмаганми?!” дейишди. Эгамиз уларнинг бу гапини эшитди. 3Мусо жуда камтар одам эди, ер юзида камтарликда унга тенг келадигани йўқ эди.
4Эгамиз бирдан Мусо, Ҳорун ва Марямга:
— Учовингиз ҳам Учрашув чодирига келинглар! — деб амр берди.
Шундан сўнг учовлари Учрашув чодирига келишди. 5Эгамиз устун шаклидаги булутда тушиб, Чодирга кираверишда турди ва Ҳорун билан Марямни чақирди. Иккови олдинга чиқди. 6Эгамиз уларга деди:
— Менинг сўзларимни эшитиб олинглар. Орангизда пайғамбар бўлганда, Мен, Эгангиз, Ўзимни уларга ваҳийда аён қиламан, улар билан тушларида гаплашаман. 7Лекин қулим Мусо билан бошқача гаплашаман. Менинг бутун халқим орасида ишончлиси Мусодир#12:7 Менинг бутун халқим орасида ишончлиси Мусодир — ёки Халқимни бошқариш учун ишониб топширган одамим Мусодир.. 8Мен у билан жумбоқли башоратлар орқали эмас, балки юзма–юз, очиқ–ойдин гаплашаман. Мусо Мен, Эгангизнинг шарпасини кўради. Наҳотки сизлар Менинг қулим Мусога қарши гапиришдан қўрқмадингизлар?!
9Эгамиз улардан қаттиқ ғазабланиб, узоқлашди.
10Булут Чодир тепасидан кетиши биланоқ, Марям тери касаллигига#12:10 тери касаллиги — бу ибора ибронийчада ҳар хил тери касалликларига нисбатан ишлатилган сўзнинг таржимасидир. 5:2 изоҳига қаранг. чалиниб, қордай оппоқ бўлиб қолди. Ҳорун буни кўриб, 11Мусога ёлворди:
— Эй ҳазратим, биз аҳмоқлик қилиб қўйдик! Ўтинаман, гуноҳимиздан ўтинг! 12Марям она қорнидаёқ чирий бошлаган ўлик чақалоққа ўхшаб қолмасин!
13Шунда Мусо Эгамизга илтижо қилиб:
— Эй Худо, унга шифо бер! — деб ёлворди. 14Эгамиз эса Мусога шундай жавоб берди:
— Агар Марямнинг ўз отаси унинг юзига тупурганда, у етти кун шарманда бўлиб юрмасмиди?! Марямни қароргоҳдан чиқариб юборинглар, у етти кундан кейингина қароргоҳга қайтиб келиши мумкин.
15Шундай қилиб, Марям қароргоҳдан ҳайдаб чиқарилди. У етти кун қароргоҳдан ташқарида бўлди. У қайтиб келмагунча халқ йўлга чиқмай турди.
Currently Selected:
Саҳрода 12: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020