YouVersion Logo
Search Icon

Марк 6

6
6–БОБ
Исо Носира шаҳрида рад қилинади
1Исо у ердан жўнаб, она шаҳрига#6:1 она шаҳри — яъни Носира. борди. Шогирдлари ҳам Унинг ортидан эргашдилар.
2Шаббат куни Исо синагогада таълим берди. Уни тинглаётганларнинг кўпчилиги ҳайратга тушиб:
— Бу Одам шунча нарсани қаердан ўрганди экан–а? — деб сўрардилар. — Унга бундай доноликни ким берди? У бундай мўъжизаларни қандай қиляпти? 3Ие, У Марямнинг дурадгор ўғли–ку! Ёқуб, Юсуф, Яҳудо ва Шимўннинг акаси эмасми бу?! Унинг сингиллари ҳам орамизда яшайди–ку!
Одамлар Исодан қаттиқ хафа бўлдилар. 4Исо уларга шундай деди:
— Пайғамбар она шаҳридан, ўз қариндош–уруғлари ва уйидан бошқа ҳамма ерда иззатланади.
5Исо у ерда ҳеч қандай мўъжиза кўрсата олмади. Фақатгина бирмунча беморларга қўл теккизиб, уларни соғайтирди. 6Исо одамларнинг ишончсизлигига ҳайрон қолди.
Исо ўн икки ҳаворийни хизматга юборади
Шундан сўнг Исо атрофдаги қишлоқларда кезиб юриб, таълим берарди. 7Ўн икки ҳаворийни ёнига чақириб, иккита–иккитадан қилиб жўната бошлади. Уларга ёвуз руҳлар устидан ҳокимият берди. 8Уларга буюриб деди: “Йўл учун ёлғиз ҳассадан бошқа ҳеч нарса — нон ҳам, тўрва ҳам, белбоғларингизга мис чақа ҳам қистириб олманглар, 9оёғингизга чориқ кийиб, устингизга қўшимча кийим олманглар.”
10Исо яна деди: “Бирор ерга бориб, биронта уйга кирганингизда, то ўша жойни тарк этгунингизгача, шу уйда туринглар. 11Агар бирор жойнинг одамлари сизни қабул қилмаса ва сизга қулоқ солмаса, у ердан чиқиб кетаётганингизда уларни огоҳлантириш тариқасида оёқларингизнинг чангини қоқиб кетинглар#6:11 …уларни огоҳлантириш тариқасида оёқларингизнинг чангини қоқиб кетинглар — одамлар Худонинг элчиларини рад этганлари учун, ҳаворийлар оёқларидаги чангни қоқиб кетардилар. Ҳаворий Павлус ҳам шунга ўхшаш ҳаракатни ишлатган (Ҳаворийлар 18:6 га қаранг). Бу ҳаракат ўша одамларнинг аянчли қисматини, яъни Худо томонидан рад этилишини ва Унинг шоҳлигидан бенасиб қолиш хавфини англатарди..”#6:11 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Сизга чинини айтаман: қиёмат кунида ўша шаҳарнинг ҳоли Садўм ва Ғамўра шаҳарларининг ҳолидан ҳам баттар бўлади.
12Шундай қилиб, ҳаворийлар йўл юриб, тавба қилинглар, деб ҳаммани даъват қилишди. 13Улар кўп жинларни қувиб чиқаришди ва кўп хасталарга зайтун мойи суртиб#6:13 …кўп хасталарга зайтун мойи суртиб… — зайтун мойи қадимги пайтларда малҳам сифатида ишлатиларди. У оғриқ қолдириб, терини қуриб кетишдан сақлар эди (Ишаё 1:6, Луқо 10:34 га қаранг). Бу ўринда Худонинг шифо бериш қудрати рамзи сифатида касал одамга озгина мой суртилган бўлса керак (Ёқуб 5:14 га қаранг). уларни соғайтиришди.
Яҳё чўмдирувчининг ўлими
14Исонинг номи эл оғзига тушиб қолган эди. Шоҳ Ҳироднинг#6:14 Ҳирод — Антипас исми билан ҳам танилган бўлиб, Буюк Ҳироднинг ўғли эди. Антипас Жалила ва Перея ҳудудларида ҳукмронлик қилган. қулоғига ҳам миш–мишлар етиб борди. Баъзи одамлар: “Яҳё чўмдирувчи тирилиб келибди. Шунинг учун У мўъжизалар кўрсатиш қудратига эга”, дейишарди#6:14 Баъзи одамлар…дейишарди — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Ҳирод…дерди.. 15Бошқалар эса: “Бу Илёс#6:15 Илёс — Эски Аҳд даврида яшаган энг буюк пайғамбарлардан бири. Яҳудийлар Илёснинг қайтиб келишини интизорлик билан кутишарди (Малаки 4:5-6 га қаранг).”, деб айтишарди. Яна бошқа бировлари: “Қадимги пайғамбарларга ўхшаган бир пайғамбар бу”, деб айтардилар. 16Ҳирод буларни эшитиб: “Мен бошини олдирган Яҳё тирилиб келибди”, деди.
17-18Ҳирод ўз укаси Филипнинг хотини Ҳиродияга уйланган эди. Яҳё эса Ҳиродга: “Сиз укангизнинг хотинига уйлана олмайсиз, бу қонунга зид”, деб айтар эди. Шунинг учун Ҳирод Яҳёни қўлга олиб, зиндонга қаматиб қўйган эди. 19Ҳиродиянинг ҳам Яҳёда қасди бор эди. У Яҳёни ўлдирмоқчи бўларди, аммо бу ниятига ета олмаётган эди. 20Негаки Ҳирод Яҳёнинг солиҳ ва муқаддас киши эканини билиб, ундан қўрқар ва уни ҳимоя қилар эди. Унинг сўзлари Ҳиродни гангитиб қўярди, шунга қарамай, Ҳирод уни эшитишни хуш кўрарди#6:20 Унинг сўзлари Ҳиродни гангитиб қўярди, шунга қарамай, Ҳирод уни эшитишни хуш кўрарди — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Ҳирод кўп ишларни унинг маслаҳати билан қиларди ва уни эшитишни хуш кўрарди..
21Бир куни қулай фурсат туғилиб қолди. Ҳирод ўзининг туғилган куни муносабати билан амалдорларига, лашкарбошиларига ва Жалила ҳудудининг йўлбошчиларига зиёфат берди. 22Ҳиродиянинг қизи#6:22 Ҳиродиянинг қизи — баъзи юнон қўлёзмаларидан (яна Матто 14:3-6 га қаранг). Юнонча матнда Ҳироднинг қизи Ҳиродия. кириб, рақс тушди ва Ҳирод билан улфатларининг кўнглини топди. Шоҳ қизга:
— Тила тилагингни, тилаган нарсангни бераман, — деди. 23Унга ҳатто қасам ичиб:
— Мендан нима сўрасанг, бераман, шоҳлигимнинг ярмигача бўлса ҳам, бераман, — деди.
24Қиз ташқарига чиқиб онасига:
— Нима сўрай? — деди.
— Яҳё чўмдирувчининг бошини сўра! — деди онаси.
25Қиз шу онда шоҳ ҳузурига югуриб бориб:
— Менга ҳозироқ Яҳё чўмдирувчининг бошини лаганда келтириб беришингизни сўрайман, — деди.
26Шоҳ жуда хафа бўлди. Аммо меҳмонлари олдида қасам ичгани учун қизнинг илтимосини рад этишни истамади. 27У ўша заҳоти жаллодни юбориб, Яҳёнинг бошини келтиришни буюрди. 28Жаллод зиндонга бориб, Яҳёнинг бошини танидан жудо қилди. Кейин унинг бошини лаганда келтириб, қизга берди. Қиз эса онасига берди. 29Яҳёнинг шогирдлари юз берган ҳодисани эшитиб, унинг жасадини олгани боришди ва уни дафн этишди.
Исо 5000 кишини тўйдиради
30Ҳаворийлар Исонинг олдига йиғилиб, қилган ҳамма ишларини, халққа нималар ўргатишганини айтиб бердилар#6:30 Ҳаворийлар…айтиб бердилар — шу бобнинг 7, 12-13–оятларига қаранг.. 31Исо уларга:
— Келинглар, ёлғиз ўзимиз кимсасиз жойга борайлик, бир оз дам олинглар, — деди. Чунки келиб–кетувчилар кўплигидан уларнинг овқат ейишга ҳам вақти йўқ эди.
32Исо билан шогирдлари қайиққа тушиб#6:32 …қайиққа тушиб… — Жалила кўлида., ёлғиз ўзлари кимсасиз жойга жўнаб кетишди. 33Лекин кўпчилик уларнинг қаерга кетаётганини билиб қолдилар. Шунда атрофдаги ҳамма шаҳарлардан одамлар пиёда йўлга тушишди, Исо билан шогирдлари бораётган жойга югуриб, улардан олдин етиб боришди. 34Исо қайиқдан тушганда, катта бир оломонни кўрди. Уларга ачиниб кетди, чунки улар чўпонсиз қўйларга ўхшарди. Исо уларга кўп нарсалар ҳақида таълим берди.
35Кеч кирганда, шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар:
— Бу жой кимсасиз экан, бунинг устига, жуда кеч бўлиб қолди. 36Халқни жўнатиб юборинг, токи улар атрофдаги қишлоқ ва овулларга бориб, ўзларига егулик сотиб олишсин.
37— Сизлар уларга овқат беринглар! — деди Исо.
— Наҳотки биз икки юз кумуш тангага#6:37 икки юз кумуш танга — юнонча матнда икки юз динор. Динор Рим кумуш тангаси бўлиб, мардикорнинг бир кунлик иш ҳақи эди. нон сотиб олиб келиб, халққа едирсак? — деб сўрашди Ундан. 38Исо деди:
— Қанча нонларингиз бор? Бориб кўринглар.
Улар билиб келиб:
— Бешта нон, иккита балиқ бор экан, — дейишди.
39Исо халойиқни гуруҳ–гуруҳ қилиб, яшил ўт устига ўтқазишни шогирдларига буюрди. 40Халқ юзтадан ва элликтадан гуруҳ–гуруҳ бўлиб ўтирди. 41Исо бешта нон билан иккита балиқни олди ва осмонга қараб, шукрона дуосини ўқиди. Нонларни синдириб, халойиққа тарқатиш учун шогирдларига берди. Иккита балиқни ҳам ҳаммага тақсимлаб берди. 42Ҳамма еб тўйди. 43Сўнг ортиб қолган нон бурдаларини ва балиқларни йиғиб олишган эди, тўла ўн икки сават чиқди. 44Нон еганлар орасида беш минг эркак бор эди.
Исо сув устида юради
45Исо вақт ўтказмай, шогирдларини қайиққа тушириб, кўлнинг нариги томонидаги#6:45 …кўлнинг нариги томонидаги… — Исо ва унинг шогирдлари шу пайтда кўлнинг айнан қайси қисмида бўлганлари аниқ эмас. “Кўлнинг нариги томонидаги” деган ибора кўлнинг ўша қирғоғидаги бошқа бир жойга қайиқ билан сузиб боришни ҳам билдириши мумкин. Анъанага кўра, Исо бир неча минг кишини тўйдирган бу жой кўлнинг шимоли–ғарб томонида, Жалиладаги Байтсайдага яқин эди. Байтсайда шаҳрига#6:45 Байтсайда шаҳри — бу ўринда кўлнинг шимоли–шарқ томонидаги шаҳарга ёки кўлнинг шимоли–ғарб томонида жойлашган, Жалиладаги Байтсайда деган шаҳарга ишора қилинаётган бўлиши мумкин (Юҳанно 12:21 га қаранг). кетишга мажбур қилди. Оломонни эса уйларига қайтариб жўнатиб юборди. 46Одамлар билан хайрлашгандан кейин, ибодат қилиш учун тепаликка чиқди.
47Оқшом тушди. Қайиқ кўлнинг ўртасида, Исо эса ёлғиз Ўзи қуруқликда қолган эди. 48Шогирдлар эшкак эшишга қийналаётган эдилар, чунки шамол қайиққа қарши эсар эди. Исо буни кўриб, эрта саҳарда кўл устида юрганича шогирдлари томон борди–да, уларнинг олдидан ўтиб кетмоқчи бўлди#6:48 …уларнинг олдидан ўтиб кетмоқчи бўлди — Исо Ўз шогирдларига улар билан бирга эканлигини кўрсатиш учун олдиларидан ўтиб кетмоқчи бўлди.. 49Шогирдлар эса кўл юзида юрган Исони кўриб, арвоҳ деб ўйлаб, бақириб юборишди. 50Чунки ҳаммалари Уни кўриб, ваҳимага тушиб қолган эдилар. Лекин Исо ўша заҳоти уларга:
— Дадил бўлинглар! Қўрқманглар, бу Менман! — деди.
51Сўнг Исо шогирдлари ёнига — қайиққа ўтгач, шамол тиниб қолди. Шогирдлар тамомила ҳайратга тушдилар, 52чунки улар нон тўғрисидаги мўъжизани ҳам тушунмаган эдилар, уларнинг имони суст эди#6:52 …уларнинг имони суст эди — юнонча матндан сўзма–сўз таржимаси …уларнинг юраклари қотиб қолганди..
53Улар кўлдан сузиб ўтиб#6:53 Улар кўлдан сузиб ўтиб… — шу бобнинг 45–оятига берилган биринчи изоҳга қаранг., Генисарет#6:53 Генисарет — Кафарнаҳум шаҳридан жануби–ғарбдаги серҳосил текислик. ўлкасига келдилар. Ўша ерда қайиқни боғладилар. 54Қайиқдан чиқишлари биланоқ халқ Исони таниб қолди. 55Одамлар бутун юртни югуриб айланиб чиқдилар, хасталарни тўшакларда Исонинг олдига олиб бордилар. Улар ҳар сафар Исонинг қаердалигини эшитишса хасталарни ўша ерга олиб боришарди. 56Исо қаерга бормасин — қишлоқларгами, шаҳарларгами, овулларгами — одамлар хасталарни очиқ майдонларга ётқизиб қўйишарди. Хасталар Исодан: “Ҳеч бўлмаса кийимингизнинг этагига қўл теккизайлик”, деб илтимос қилишарди. Унга қўл теккизганларнинг ҳаммаси шифо топарди.

Currently Selected:

Марк 6: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in