YouVersion Logo
Search Icon

Марк 5

5
5–БОБ
Жинга чалинган одамни Исо соғайтиради
1Исо шогирдлари билан кўлнинг нариги қирғоғидаги#5:1 нариги қирғоғи — яъни шарқий қирғоғи. Гераса#5:1 Гераса — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Гадара. Гераса шаҳрида ва унинг атрофидаги қишлоқларда ғайрияҳудийлар истиқомат қиларди. ҳудудига етиб келди. 2Исо қайиқдан тушиши биланоқ, ёвуз руҳга чалинган бир одам қабрлар орасидан югуриб келиб, Унинг қаршисидан чиқди. 3У одам қабристонда яшарди. Уни ҳеч ким ҳатто занжир билан ҳам боғлай олмасди. 4Кўп маротаба уни кишанлару занжирлар билан боғлаган бўлсалар–да, аммо у занжирларни узиб, кишанларни ҳам синдириб ташлар эди. Уни тинчитишга ҳеч кимнинг кучи етмас эди. 5Доимо, кечаю кундуз қабрлар орасида, тоғларда бақириб юрар, баданини тошлар билан тилиб, жароҳатлар эди.
6У Исони узоқдан кўриб, югуриб келди–да, Унга таъзим қилиб, 7овози борича бақирди:
— Эй Исо, Худойи Таолонинг Ўғли!#5:7 Худойи Таолонинг Ўғли — Исо Масиҳнинг унвони. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ ЎҒЛИ иборасига қаранг. Мени тинч қўй! Худо ҳақи Сенга ёлвораман, менга азоб берма!
8Чунки Исо унга: “Эй ёвуз руҳ, бу одамдан чиқиб кет!” — деб буюрган эди.
9Исо ёвуз руҳдан:
— Исминг нима? — деб сўради.
— Исмим Тумонат#5:9 Тумонат — юнонча матнда Легион, маъноси минглар. Бу юнонча сўз Римликларнинг ҳарбий терминидан олинган бўлиб, 6000 аскардан иборат бўлган бўлинма маъносини ифодалайди., чунки бизлар кўпчиликмиз, — деб жавоб берди у. 10Уларни бу ҳудуддан ташқарига ҳайдаб чиқармаслигини Исодан қайта–қайта ёлвориб сўради.
11Ўша тоғнинг ён бағрида катта чўчқа подаси ўтлаб юрган эди. 12Ёвуз руҳлар Исога ёлвориб:
— Бизни шу чўчқаларга юборгин, уларга кирайлик, — дейишди.
13Исо уларга рухсат берди. Ёвуз руҳлар эса шу заҳоти у одамдан чиқиб, чўчқаларга кириб олишди. Икки мингга яқин чўчқа тик қияликдан кўлга ёпирилиб, чўкиб кетди.
14Шунда чўчқа боқувчилар қочиб кетиб, бўлиб ўтган ҳодисани шаҳар ва қишлоқларда гапириб юрдилар. Аҳоли эса нима бўлганини кўришга борди. 15Улар Исонинг олдига келганларида, илгари тумонат жин қамраган одамни кийинган ва ақли расо ҳолда ўтирганини кўриб, қўрқиб кетишди. 16Воқеани кўрганлар эса ҳалиги одам жиндан қандай қутулгани ва чўчқалар билан нима рўй бергани ҳақида халққа сўзлаб беришди. 17Шунда маҳаллий халқ Исодан: “Ҳудудимиздан чиқиб кетинг”, деб ўтинди.
18Исо қайиққа тушди. Жиндан қутулган одам Исога:
— Сиз билан кетай, — деб ёлворди. 19Лекин Исо рози бўлмади. Унга шундай деди:
— Уйингга бор, Мен — Раббинг сен учун нималар қилганимни, қандай раҳм–шафқат кўрсатганимни ўз яқинларингга гапириб бер.
20Шунда у киши бориб, Исо унга қанчалар мурувват кўрсатганини Декаполис ҳудудида#5:20 Декаполис ҳудуди — Самария ва Жалиладан шарқда жойлашган. Юнончада Декаполис номининг маъноси — ўнта шаҳар. Декаполис ҳудудида Юнон ва Рим маданиятларининг маркази бўлган ўнта шаҳар бор эди. эълон қила бошлади. Ҳамма ҳайратга тушарди.
Соғайган аёл ва тирилган қиз ҳақида
21Исо қайиқда кўлнинг нариги томонига#5:21 …кўлнинг нариги томонига… — Исо орқага, кўлнинг ғарбий қирғоғидаги Жалила ҳудудига қайтиб келган эди (шу бобнинг 1–оятига ва ўша оятнинг биринчи изоҳига қаранг). яна сузиб ўтди. Бир талай оломон қирғоқда Унинг атрофига тўпланди. 22Шу пайт Яир исмли бир киши келиб қолди. У синагога бошлиғи эди. У Исони кўрди–ю, оёғига йиқилиб:
23— Менинг жажжи қизим ўлим тўшагида ётибди. Келиб унга қўлингизни теккизинг, у соғайиб тирик қолсин, — деб қайта–қайта ёлворди.
24Исо у билан кетди. Исонинг орқасидан кўп халойиқ эргашиб, Уни қисиб қўяр эди. 25У ерда ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл ҳам бор эди. 26У кўп табиблар муолажасидан анча қийналиб, бутун мол–мулкини сарф этгани билан ҳеч фойда кўрмаган, аҳволи баттар ёмонлашиб борарди.
27Аёл Исо ҳақида эшитди–ю, халойиқ орасида Исонинг орқасидан келиб, кийимига қўл теккизди. 28У ўзича: “Агар кийимига бир тегиб олсам бас, соғайиб кетаман”, деб ўйлаган эди. 29У шундай қилиши биланоқ, қон кетиши тўхтади. Аёл касалликдан фориғ бўлганини ўз танасида ҳис этди.
30Исо эса шу онда Ўзидан бир куч чиққанлигини сезди. У орқасига ўгирилиб халойиқдан:
— Кийимимга ким тегди? — деб сўради. 31Шогирдлари Унга:
— Сизни халойиқ қисиб турганлигини кўриб турибсиз–ку! Нимага яна: “Менга ким тегди?” деб сўраяпсиз? — дейишди.
32Лекин Исо буни ким қилганини кўриш учун атрофга қарар эди. 33Аёл ўзида қандай ўзгариш бўлганини билиб, титраб–қўрқиб келди, Исонинг оёқлари остига ўзини ташлаб, бутун ҳақиқатни Унга сўзлаб берди. 34Исо унга деди:
— Қизим, ишончинг сени соғайтирди. Эсон–омон бор, дардингдан халос бўлгин.
35Исо шундай деб турган ҳам эдики, синагога бошлиғининг уйидан одамлар келиб унга:
— Қизингиз ўлди, нега яна Устозни овора қиляпсиз? — дедилар. 36Исо бу сўзларни эшитиб қолиб, синагога бошлиғига:
— Қўрқманг, фақат ишонинг, — деди.
37Исо ҳеч кимнинг эргашишига йўл қўймай, фақат Бутрус, Ёқуб ва унинг укаси Юҳаннони олиб кетди. 38Синагога бошлиғининг уйига етганларида, безовталикни, дод–фарёд қилаётган одамларни кўрдилар#5:38 …безовталикни, дод–фарёд қилаётган одамларни кўрдилар — баъзан дафн маросимлари пайтида дод–фарёд қилиб, айтиб йиғлаш учун йиғичилар ёлланарди.. 39Исо ичкарига кириб:
— Нега безовтасизлар? Нега йиғлаяпсизлар? Қизча ўлмаган, у ухлаб ётибди, — деди. 40Улар эса Исонинг устидан кулишди.
Исо ҳаммани ташқарига чиқариб юборди. У қизчанинг ота–онаси ва шогирдларини олиб қолиб, қизча ётган хонага кирди. 41Қизчанинг қўлидан ушлаб унга:
— Талифа кум!#5:41 Талифа кум! — орамийча ибора. — деди. Бу гапнинг таржимаси: “Қизалоқ, қани, ўрнингдан тур!” демакдир.
42Ўн икки яшар қизча шу онда ўрнидан турди, юриб, атрофни айлана бошлади. Буни кўрганларнинг ақли шошди. 43Исо:
— Буни ҳеч ким билмасин, — деб уларга қатъий буюрди ва қизчага овқат беришларини айтди.

Currently Selected:

Марк 5: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in