Марк 1
1
1–БОБ
Яҳё чўмдирувчининг ваъзи
1Худонинг Ўғли#1:1 Худонинг Ўғли — Исо Масиҳнинг унвони. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ ЎҒЛИ иборасига қаранг. Исо Масиҳ тўғрисидаги Хушхабар шундай бошланади. 2Ишаё пайғамбарнинг китобида ёзилганки:
“Мана, Сендан олдин Мен Ўз элчимни юборяпман,
У Сен учун йўлни ҳозирлайди#1:2 Мана…йўлни ҳозирлайди — Малаки 3:1 га қаранг..
3Чўлда бир овоз янграмоқда:
«Эгамизга йўл ҳозирланг,
Унга тўғри йўл очинг!»”#1:3 Муаллиф бу ўринда Ишаё 40:3 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
4Дарвоқе, Яҳё чўмдирувчи чўлда#1:4 чўл — Иордан дарёсининг Ўлик денгизга қуйиладиган жойига яқин бўлган, дарёдан ғарбда жойлашган ерлар. одамларга: “Гуноҳларингиздан тавба қилиб, сувга чўминглар, шунда Худо гуноҳларингизни кечиради”, деб ваъз қила бошлади#1:4 …ваъз қила бошлади — милодий 28 ёки 29 йилда (Луқо 3:1-3 оятларга ва Луқо 3:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг).. 5Қуддус аҳолиси ва Яҳудия ўлкасининг қолган ҳамма жойларидан келган одамлар Яҳёнинг олдига боришарди. Улар гуноҳларини эътироф этишар, Яҳё уларни Иордан дарёсида чўмдирар эди.
6Яҳёнинг кийимлари туя жунидан тўқилган бўлиб, белига чарм камар#1:6 Яҳёнинг кийимлари туя жунидан тўқилган…чарм камар… — Илёс пайғамбар ва бошқа пайғамбарлар кийган кийимлар (4 Шоҳлар 1:8, Закариё 13:4 га қаранг). боғлаган эди. У чигиртка ва ёввойи асал ерди. 7У халққа шундай деб эълон қиларди: “Мендан ҳам қудратлироқ бўлган бир Зот ортимдан келмоқда. Мен энгашиб Унинг чориқ ипларини ечишга ҳам арзимайман. 8Мен сизларни сувга чўмдиряпман, У эса сизларни Муқаддас Руҳга чўмдиради.”
Исо сувга чўмдирилади
9Ўша кунлари Исо Жалила ҳудудининг Носира шаҳридан Яҳё олдига келди. Яҳё Уни Иордан дарёсида чўмдирди. 10Сувдан чиқиши биланоқ Исо осмоннинг очилиб кетганини ва Муқаддас Руҳ Унинг устига каптардай тушиб келганини кўрди. 11Осмондан эса: “Сен Менинг севикли Ўғлимсан#1:11 Сен Менинг севикли Ўғлимсан — Забур 2:7 га қаранг., Сендан ниҳоятда мамнунман#1:11 Сендан ниҳоятда мамнунман — Ишаё 42:1 га қаранг.” деган овоз эшитилди.
Исо васвасага солинади
12Муқаддас Руҳ Исони дарҳол саҳрога бошлаб кетди. 13Исо саҳрода қирқ кун бўлиб, шайтон томонидан васвасага солинди. Исо ёввойи ҳайвонлар орасида яшаб, фаришталар Унга хизмат қилишарди.
14Яҳё ҳибсга олингандан кейин#1:14 Яҳё ҳибсга олингандан кейин… — 6:17-18 га қаранг., Исо Жалилага бориб, Худонинг Хушхабарини ваъз қилди: 15“Вақт–соати етди. Худонинг Шоҳлиги#1:15 Худонинг Шоҳлиги — Худонинг ҳозирги пайтда инсонлар ҳаётидаги ҳукмронлиги ва охиратда ҳар бир яратилган мавжудотнинг янгиланишига ишора. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ иборасига қаранг. яқинлашди! Тавба қилинглар, Хушхабарга ишонинглар!”
Исонинг дастлабки шогирдлари
16Исо Жалила кўли бўйлаб ўтаётиб, Шимўн#1:16 Шимўн — Бутрус исми билан ҳам танилган, Бутрус исмини унга Исо қўйган эди (3:16 га қаранг). ва унинг укаси Эндрусни кўриб қолди. Улар балиқчи бўлиб, кўлга тўр ташлаётган эдилар. 17Исо уларга деди: “Ортимдан юринглар. Мен сизларга одамларни овлашни ўргатаман.” 18Улар ўша заҳотиёқ тўрларини ташлаб, Исога эргашдилар.
19Исо бир оз нари юргач, Забадиёнинг ўғиллари Ёқуб ва Юҳаннони кўриб қолди. Улар қайиқда тўрларини ямаб ўтиришган эди. 20Исо шу онда уларни ҳам чақирди. Улар оталари Забадиёни ва ёлланма ишчиларни қайиқда қолдириб, Исога эргашдилар.
Жинга чалинган одам
21Улар Кафарнаҳум шаҳрига кириб боришди. Шаббат куни Исо синагогага кириб, таълим бера бошлади. 22Халойиқ Исонинг таълимотини эшитиб, ҳайратда қолди, чунки У одамларга Таврот тафсирчиларидай#1:22 Таврот тафсирчилари — Мусонинг қонунини жуда яхши билган зиёли одамлар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ТАВРОТ ТАФСИРЧИСИ иборасига қаранг. эмас, балки ҳокимият эгаси каби таълим берар эди#1:22 …У одамларга Таврот тафсирчиларидай эмас, балки ҳокимият эгаси каби таълим берар эди — одатда Таврот тафсирчилари таълим берганда ўз таълимотларини асослаб бериш мақсадида аввал яшаб ўтган эътиборли, обрўли муаллимларнинг сўзларини мисол қилиб келтирар эдилар, аммо Исо бундай қилмаган..
23Ўша синагогада ёвуз руҳга чалинган бир одам бор эди. У тўсатдан қичқириб юборди:
24— Эй Носиралик Исо! Бизни тинч қўй! Сен бизни ҳалок қилгани келдингми? Сенинг кимлигингни биламан: Сен Худонинг Азизисан!
25Бироқ Исо жинга дўқ уриб:
— Жим бўл! Ундан чиқиб кет! — деди.
26Ёвуз руҳ у одамни қаттиқ силтади, овози борича бақириб, унинг ичидан чиқиб кетди. 27Одамлар ҳайратланиб, бир–бирларидан сўрай бошладилар:
— Бу нимаси? Ҳокимиятга эга бўлган янги таълимот–ку! У ёвуз руҳларга буйруқ беради, ёвуз руҳлар эса Унга бўйсунади–я!
28Шундай қилиб, Исонинг шуҳрати бутун Жалила ҳудуди бўйлаб ёйила бошлади.
Исо кўп одамларни соғайтиради
29Исо, Шимўн, Эндрус, Ёқуб, Юҳанно синагогадан чиқиб, тўғри Шимўн ва Эндруснинг уйига бордилар. 30Шимўннинг қайнанаси иситмалаб, тўшакда ётган эди. Исо келиши биланоқ Унга бу ҳақда айтишди. 31Исо аёлнинг ёнига борди, қўлидан тутиб, ўтирғизиб қўйди. Шунда аёлнинг иситмаси тушди, у меҳмонларга хизмат қила бошлади.
32Қуёш ботиб кеч кирган пайтда#1:32 Қуёш ботиб кеч кирган пайтда… — яҳудийларнинг урф–одатига кўра, янги кун қуёш ботгандан кейин бошланар эди. Матнда тасвирланган пайт Шаббат кунининг якуни ва якшанба кунининг бошланиши эди. Яҳудийларда якшанба ҳафтанинг биринчи куни ҳисобланар эди., одамлар хасталарни ва жинга чалинганларни Исонинг олдига олиб келишди. 33Бутун шаҳар аҳолиси эшик олдига йиғилди. 34Исо турли дарду иллатлардан қийналган кўп одамларни соғайтирди. Кўпларнинг ичидан жинларни қувиб чиқарди. Жинларнинг гапиришига ижозат бермасди, чунки жинлар Исонинг кимлигини билишарди.
Исо Жалиладаги синагогаларда ваъз қилади
35Эртаси куни саҳарда, тонг ёришмасдан олдин, Исо ўрнидан туриб, уйдан чиқиб кетди. Кимсасиз жойга бориб, ибодат қилди. 36Шимўн ва бошқалар Исони қидириб кетдилар. 37Исони топиб:
— Ҳамма Сизни излаб юрибди! — дедилар. 38Исо уларга:
— Яқин атрофдаги қишлоқларга борайлик, Мен у ерларда ҳам воизлик қилай, чунки Мен ана шу мақсадда келганман, — деди.
39Шундай қилиб, Исо бутун Жалила ҳудудини кезиб, у ердаги синагогаларда воизлик қилар ва одамларнинг ичидан жинларни қувиб чиқарар эди.
Тери касаллигига чалинган одамни Исо соғайтиради
40Тери касаллигига#1:40 Тери касаллиги — бу ибора юнончада ҳар хил тери касалликларига нисбатан ишлатилган сўзнинг таржимасидир. Одатда бу ибора мохов касаллигига ишора деб тушунилади. Тери касалликларидан бирортасига йўлиққан киши ҳаром ҳисобланар эди. Хаста одам касаллигини бошқаларга юқтирмаслиги ва уларни ҳаром қилмаслиги учун, бошқалардан ажратиб қўйилар эди (Левилар 13:45-46 га қаранг). чалинган бир одам Исонинг олдига келди. У тиз чўкиб, ялинди:
— Биламан, агар истасангиз, мени бу касалликдан поклай оласиз.
41Исонинг унга раҳми келиб, қўлини узатди ва унга теккизиб:
— Истайман, пок бўл! — деди.
42Шу заҳоти ўша одам касаллигидан фориғ бўлиб, покланди. 43-44Исо уни қатъий огоҳлантириб деди:
— Менга қара! Бу тўғрида бировга оғиз оча кўрма. Бориб, ўзингни руҳонийга#1:43-44 руҳоний — Қуддусдаги Маъбадда хизмат қиладиган эътиборли дин раҳнамоси. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги РУҲОНИЙ сўзига қаранг. кўрсат. Покланганингни ҳаммага исбот қилиш учун#1:43-44 Покланганингни ҳаммага исбот қилиш учун… — ёки Мен Худонинг қонунига жиддий қарашимни руҳонийлар кўришлари учун…. Мусо амр қилган қурбонликларни келтир#1:43-44 …ўзингни руҳонийга кўрсат…Мусо амр қилган қурбонликларни келтир — Левилар 14:1-32 га қаранг..
Шу сўзлар билан Исо уни дарҳол жўнатиб юборди.
45Ўша одам эса кетаётиб, рўй берган ҳодисани бемалол ҳар ёққа ёя бошлади. Шу боис Исо бирор шаҳарга очиқчасига бора олмай қолди. Аксинча, шаҳардан ташқарида, кимсасиз жойларда яшайдиган бўлди. Шунга қарамай, халойиқ ҳар томондан Унинг олдига келар эди.
Currently Selected:
Марк 1: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020