YouVersion Logo
Search Icon

Матто 16

16
16–БОБ
Фарзийлар ва саддуқийлар Исодан аломат сўрашади
1Фарзий ва саддуқий мазҳабидагилар Исонинг олдига келиб, Уни синаб кўриш мақсадида:
— Бизга бир мўъжизали аломат кўрсатинг. Шунда Сизни Худо юборганини тан оламиз, — дедилар. 2Исо уларга шундай жавоб берди:
— Қуёш ботганда, сизлар, осмон қизғиш, ҳаво яхши бўлади, дейсизлар. 3Эрталаб эса, осмон қизил, ҳавонинг авзойи бузуқ, бугун бўрон бўлади, дейсизлар. Сизлар осмоннинг авзойига қараб, об–ҳавони аниқлай оласизлар–ку! Нега замон аломатларини талқин қила олмайсизлар?! 4Бу қабиҳ ва бевафо насл аломат сўраяпти, аммо уларга Юнуснинг аломатидан#16:4 Юнуснинг аломати — 12:39-41 оятларга ва 12:39 изоҳига қаранг. бошқа аломат берилмайди.
Исо уларни қолдириб кетди.
Фарзийлар ва саддуқийларнинг хамиртуруши
5Нариги қирғоққа#16:5 Нариги қирғоққа… — бу ибора кўлнинг ўша қирғоғидаги бошқа бир жойга қайиқ билан сузиб боришни ҳам билдириши мумкин. Бу ўринда шимоли–шарқий қирғоққа ишора бўлса керак. етиб келган шогирдлар ўзлари билан нон олишни унутган эдилар. 6Исо уларга деди:
— Фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан#16:6 хамиртуруш — мажозий маънода ишлатилган бўлиб, одатда бошқаларга салбий таъсир кўрсатадиган таълимотлар ва хулқ–атвор назарда тутилган. эҳтиёт бўлинглар!
7Шогирдлар ўзларича: “Биз нон олиб келмаганимиз учун У шундай деяпти”, деб муҳокама қила бошладилар. 8Шогирдлар нимани муҳокама қилаётганларини Исо билиб, уларга деди:
— Эй имони сустлар! Нега сизлар, нонимиз йўқ, деб айтяпсизлар? 9Ҳали ҳам тушунмадингизларми? Беш мингта одамга бешта нонни бўлиб берганим эсингиздами? Ўшанда қолган–қутган нонларга нечта саватни тўлдириб олган эдингизлар? 10Ёки еттита нонни тўрт минг кишига бўлиб берганим–чи? Ўшанда, нон бурдалари билан нечта саватни тўлдириб олган эдингизлар? 11Мен сизларга нон ҳақида гапирмаганимни ҳали ҳам англамадингизларми? Мен сизларга: “Фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар!” деб айтяпман.
12Шундан кейин шогирдлар тушундиларки, Исо уларни нонга ишлатиладиган хамиртурушдан сақланиш тўғрисида эмас, балки фарзийлар билан саддуқийларнинг таълимотидан эҳтиёт бўлиш тўғрисида огоҳлантираётган экан.
Бутрус Масиҳни тан олади
13Исо Филип Қайсарияси#16:13 Филип Қайсарияси — Жалила кўлидан қарийб 40 километр шимоли–шарқда жойлашган шаҳар. атрофидаги ҳудудга келди. Ўша ерда У шогирдларидан сўради:
— Одамлар Инсон Ўғлини ким деб билади?
14Шогирдлар Унга шундай жавоб бердилар:
— Баъзилар Яҳё чўмдирувчи, баъзилар Илёс, баъзилар Еремиё#16:14 …Илёс…Еремиё… — Илёс яҳудийларнинг Эски Аҳд даврида яшаган энг буюк пайғамбарларидан бири эди. Яҳудийлар Илёснинг қайтиб келишини интизорлик билан кутишарди (Малаки 4:5-6 га қаранг). Еремиё ҳам Эски Аҳд даврида яшаган, яҳудийларга яхши таниш бўлган пайғамбар эди., бошқалар эса, қадимги пайғамбарлардан бири, деб айтиб юрибдилар.
15Исо улардан сўради:
— Сизлар–чи, Мени ким деб биласиз?
16Шимўн Бутрус#16:16 Шимўн Бутрус — Исо Масиҳ Шимўнга Бутрус исмини берган эди (Марк 3:16, Луқо 6:14 га қаранг). Баъзан у ҳақда сўз юритилганда, иккала исм ҳам биргаликда ишлатилади. жавоб бериб деди:
— Сиз Масиҳсиз#16:16 Масиҳ — бу унвонни яҳудийлар келажакда уларни душманларидан қутқарадиган ва бутун ер юзидаги халқлар устидан ҳукмронлик қиладиган инсонга нисбатан ишлатганлар. Эски Аҳдда Масиҳнинг қиладиган ишлари ҳақида башоратлар ёзилган. Янги Аҳдга кўра Раббимиз Исо ўша Масиҳдир. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги МАСИҲ сўзига қаранг., Барҳаёт Худонинг Ўғлисиз!#16:16 Худонинг Ўғли — Исо Масиҳнинг унвони. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ ЎҒЛИ иборасига қаранг.
17Шимўн Бутрусга Исо деди:
— Сен бахтлисан, эй Юҳанно#16:17 Юҳанно — юнонча матнда бу исмнинг бошқа варианти Юнус. Унинг Юҳанно деган шакли Юҳанно 1:42, 21:15-17 дан олинган. ўғли Шимўн! Ахир, бу сирни сенга инсон эмас, балки осмондаги Отам очиб берган. 18Шимўн, сенга шуни айтай: Бутрус исминг “қоя” дегани–ку!#16:18 Бутрус исминг “қоя” дегани–ку! — Бутрус исми юнончада Петрос бўлиб, маъноси қоя демакдир. Мана шу қоя устига Мен Ўзимнинг жамоатимни#16:18 жамоат — Исо Масиҳга ишонган одамлар назарда тутилган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ЖАМОАТ сўзига қаранг. қураман. Ҳатто ўлим шоҳлиги ҳам жамоатимга бас кела олмайди. 19Осмон Шоҳлиги калитларини Мен сенга бераман. Ер юзида сен нимани тақиқласанг, самода ҳам тақиқланади. Ер юзида сен нимага ижозат берсанг, самода ҳам ижозат берилади.
20Бундан сўнг Исо: “Масиҳ эканимни ҳеч кимга айтманглар”, деб шогирдларига қатъий буюрди.
Исо Ўз ўлими ҳақида гапиради
21Шу вақтдан бошлаб, Исо шогирдларига қуйидагиларни очиқчасига тушунтира бошлади: “Мен Қуддусга бориб, йўлбошчилар, бош руҳонийлар#16:21 бош руҳонийлар — жамиятнинг бошқа эътиборли одамлари қаторида Олий кенгаш аъзолари эдилар. Олий кенгаш яҳудийларнинг сиёсий ва диний кенгаши эди. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги БОШ РУҲОНИЙЛАР иборасига қаранг. ва Таврот тафсирчилари қўлида кўп азоб чекаман. Мени ўлдиришади, лекин учинчи куни Мен тириламан.” 22Шунда Бутрус Исони четга тортиб деди:
— Бундай деб айтманг, Ҳазратим! Худо сақласин! Бошингизга асло бундай кунлар келмасин!
23Исо эса Бутрусга қараб:
— Йўқол кўзимдан, шайтон! — деди. — Мени йўлдан урма! Сен Худонинг ишларини эмас, инсон ишларини ўйлаяпсан.
24Кейин Исо Ўз шогирдларига деди:
— Кимда–ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва хочини кўтариб#16:24 …хочини кўтариб… — 10:38 изоҳига қаранг., орқамдан юрсин. 25Ким ўз жонини асраб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Ким Мен учун жонини берса, уни асраб қолади. 26Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса–ю, ўз жонидан маҳрум бўлса, бундан унга нима фойда?! Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов бера олади?! 27Инсон Ўғли самовий Отасининг улуғворлигида, фаришталари билан келганда, ҳар кимни ўз ишига яраша тақдирлайди. 28Сизларга чинини айтайин: бу ерда турганлардан баъзилари, Инсон Ўғлининг Шоҳ бўлиб келганини кўрмагунча, ўлмайдилар.

Currently Selected:

Матто 16: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in

YouVersion uses cookies to personalize your experience. By using our website, you accept our use of cookies as described in our Privacy Policy