YouVersion Logo
Search Icon

Матто 15

15
15–БОБ
Диний урф–одатлар ва Худонинг амри
1Қуддусдан фарзийлар ва Таврот тафсирчилари Исонинг олдига келиб, шундай дедилар:
2— Нега Сизнинг шогирдларингиз ота–боболаримизнинг урф–одатларига амал қилмаяптилар? Нега овқатланишдан олдин қўлларини ювмайдилар?#15:2 Нега овқатланишдан олдин қўлларини ювмайдилар? — фарзийлар ва Таврот тафсирчилари овқатланишдан олдин қўлларининг ювилишига алоҳида эътибор қаратишарди. Айниқса кўчада, одамлар орасида бўлиб келгандан кейин, дастурхонга ўтиришдан олдин урф–одатларга кўра қўлларини ювиб, ўзларини поклаб олишарди.
3Исо уларга жавоб бериб деди:
— Ўзларингиз–чи? Нега ўз урф–одатингизни деб, Худонинг амрини бузиб юрибсизлар? 4Худо: “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Отасини ёки онасини хўрлаган ҳар қандай одамга ўлим жазоси берилсин”#15:4 Чиқиш 20:12, 21:17, Левилар 20:9, Қонунлар 5:16 га қаранг., деб айтган. 5Аммо сизлар шундай таълим берасизлар: одам ўз отаси ёки онасига: “Фарзандлик бурчим — Худога инъом қилинган, — деса, 6— у ота–онасини ҳурмат қилмаса ҳам бўлади.” Шу тариқа сизлар ўз таълимотингиз билан Худонинг каломини бекор қиляпсизлар. 7Сизлар иккиюзламачисизлар! Ишаё пайғамбар сиз ҳақингизда тўғри айтган:
8“Худо айтди:
«Бу халқ Мени тилидагина иззат қилади#15:8 Бу халқ Мени тилидагина иззат қилади… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Бу халқ Менга яқинлашар фақат оғизда, Мени тилидагина иззат қилади.,
Юраклари эса Мендан узоқдир.
9Улар Менга сажда қиладилар,
Аммо саждалари беҳудадир.
Чунки улар инсон яратган қоидаларни
Илоҳий қонун деб ўргатадилар.»”#15:8-9 Муаллиф бу ўринда Ишаё 29:13 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
Инсонни нима ҳаром қилади?
10Кейин Исо халқни ёнига чақириб, деди:
— Менга қулоқ солиб, тушуниб олинглар! 11Оғизга кирадиган нарса эмас, балки оғиздан чиқадиган нарса инсонни ҳаром қилади.
12Шунда шогирдлар Исонинг олдига бориб дедилар:
— Айтган бу гапингиз фарзийларга қаттиқ ботганини билдингизми?
13Исо шундай жавоб берди:
— Осмондаги Отам ўтқазмаган ҳар қандай ўсимлик илдизи билан суғуриб ташланади. 14Фарзийларга эътибор берманглар. Улар ўзлари кўр ва кўрларга йўлбошчилик қиладилар. Агар кўр одам кўрни етакласа, иккаласи ҳам чуқурга йиқилиб тушади.
15Шунда Бутрус:
— Халққа айтган гапингизни бизга тушунтириб беринг! — деди.
16— Шунчалик ҳам бефаҳм бўласизларми?! — деди Исо. 17— Оғизга кирадиган ҳар бир нарса қоринга ўтиб, керакли жойдан чиқиб кетишини наҳотки тушунмасангизлар? 18Аммо оғиздан чиқадиган нарсалар юракдан чиқади. Ана ўшалар инсонни ҳаром қилади. 19Чунки инсон юрагидан ёмон фикрлар, қотиллик, фаҳшу зино, ўғрилик, сохта гувоҳлик ва туҳмат чиқади. 20Ана шулар инсонни ҳаром қилади. Ювилмаган қўл билан овқат ейиш эса инсонни ҳаром қилмайди.
Ғайрияҳудий аёлнинг ишончи
21Исо у ердан кетиб, Тир ва Сидон#15:21 Тир ва Сидон — 11:21 нинг биринчи изоҳига қаранг. ҳудудларига борди. 22Шу ерда яшайдиган Канъон халқидан бўлган бир аёл Исонинг олдига келиб, фарёд қилди:
— Эй Ҳазрат, Довуднинг Ўғли#15:22 Довуднинг Ўғли — 9:27 изоҳига қаранг., менга раҳм қилинг! Қизимни жин чалган, аҳволи ёмон!
23Исо унга бир оғиз сўз ҳам жавоб бермади. Шогирдлари Исонинг олдига келиб, илтимос қилдилар:
— Уни жўнатиб юборинг! Ахир, у кетимиздан қолмай, додлаб юрибди.
24Исо эса шундай деди:
— Худо Мени фақат Исроил халқининг адашган қўйлари олдига юборди.
25Аёл эса келиб, Исонинг олдига тиз чўкди–да:
— Ёрдам беринг, Ҳазрат! — деб ёлворди. 26Исо эса:
— Болалардан нонни олиб кучукларга ташлаш яхши эмас, — деди.
27— Тўғри, Ҳазрат, — деди аёл. — Лекин кучуклар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тўкилган ушоқларини ейди–ку.
28Шунда Исо:
— Эй аёл, сенинг ишончинг буюк! — деди. — Майли, сен истаганингдай бўлсин.
Шу заҳоти аёлнинг қизи соғайиб қолди.
Исо кўп одамларга шифо беради
29Исо у ердан чиқиб, Жалила кўли бўйлаб кетди. Сўнг тоққа чиқиб, ўтирди. 30Исонинг олдига бир талай оломон келди. Улар ўзлари билан чўлоқ, кўр, майиб, соқов ва бошқа кўплаб хасталарни олиб келиб, Исонинг оёқлари томонига ўтқиздилар. Исо уларнинг ҳаммасига шифо берди. 31Соқовларнинг гапирганини, майибларнинг соғайганини, чўлоқларнинг юрганини ва кўрларнинг кўзлари очилганини халқ кўриб, ҳайратда қолди. Улар Исроил халқининг Худосини олқишладилар.
Исо 4000 кишини тўйдиради
32Исо шогирдларини ёнига чақириб деди:
— Халққа ачиняпман. Улар уч кундан бери Мен билан бирга, ейишга ҳеч нарсаси йўқ. Уларга овқат бермай жўнатиб юборишни хоҳламайман, йўлда ҳолдан тойиб қолишлари мумкин.
33Шогирдлари Унга:
— Шу қадар катта оломонни тўйдириш учун бу кимсасиз жойда қаердан нон оламиз?! — дейишди.
34— Қанча нонларингиз бор? — деб сўради Исо.
— Еттита нон ва озгина майда балиғимиз бор, — деди шогирдлар.
35Шундан кейин Исо халққа ерга ўтиришни буюрди. 36Еттита нон ва балиқларни олиб, шукрона дуосини ўқиди. Нон ва балиқларни синдириб, тарқатиш учун шогирдларига берди. Шогирдлар халққа тарқатишди. 37Ҳамма еб тўйди. Ортиб қолган нон бурдаларини йиғишганда, тўла етти сават чиқди. 38Болалар билан аёлларни ҳисобга олмаганда, нон еганларнинг сони тўрт мингта эди. 39Шундан кейин Исо одамларга кетишга ижозат берди, Ўзи эса қайиққа ўтириб, Магадан#15:39 Магадан — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Магдала. Магадан Жалила кўлининг ғарбий қирғоғида жойлашган бўлиши мумкин. ҳудудига йўл олди.

Currently Selected:

Матто 15: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in