Йўэл 2
2
2–БОБ
Эгамизнинг куни яқинлашиб қолди
1Қуддусда#2:1 Қуддус — ибронийча матнда Сион (шу бобнинг 15, 23–оятларида ҳам бор). Эски Аҳддаги шеърий парчаларда ва пайғамбарлар битикларида Сион сўзи кўпинча Қуддус шаҳрига ёки Худонинг халқига нисбатан ишлатилган. бурғу чалинглар!
Эгамизнинг муқаддас тоғида#2:1 Эгамизнинг муқаддас тоғи — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. Қуддусдаги Маъбад қурилган тепалик Сион тоғи деб аталган. Эски Аҳддаги шеърий парчаларда ва пайғамбарлар битикларида Сион сўзи кўпинча Қуддус шаҳрига нисбатан ишлатилган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги СИОН сўзига қаранг. бонг уринглар!
Титрасин Яҳудонинг жамики аҳли,
Ахир, келяпти Эгамизнинг куни#2:1 Эгамизнинг куни — Йўэл чигирткалар келтирган фалокатга ишора қилиб (1:2-12 га қаранг), келажакда ундан–да даҳшатлироқ ҳукм юз бериши ҳақида огоҳлантиради (1:15 изоҳига қаранг)..
У кунга оз вақт қолди.
2Зимзиё зулмат куни бўлар у кун,
Булут қоплаган тим қоронғи бўлар у кун!
Катта кучли лашкар юртни босар,
Ёришган тонгдай тоғлар узра ёйилар.
Бунақаси азалдан ҳеч содир бўлган эмас,
Бундан кейин ҳам ҳеч қачон содир бўлмас.
3Аланга ютиб борар улар олдидан,
Олов гувиллаб ёнар улар ортидан,
Бирон жонзот қочиб қутулмас улардан.
Илгари эди замин Адан боғидай,
Энди бўлиб қолди қақроқ саҳродай.
4Уларнинг кўриниши отларга ўхшар,
Жанг отлари каби ҳужум қилишар.
5Тоғ чўққиларига сакраб чиқишар,
Жанг аравасидай гумбурлаб чопар,
Ёнаётган хас–чўп каби чирсиллар,
Жангга тайёр бўлиб саф тортган
Кучли лашкарга ўхшар улар.
6Уларнинг олдида халқлар даҳшатга тушар,
Ҳамманинг юзи бўздай оқариб кетар.
7Жангчилардай ҳужум қилар бу лашкар,
Сипоҳлардай девордан ошиб тушар.
Сафдан четга чиқмай олға босишар.
8Бир–бирларин туртмаслар,
Ҳаммаси ўз йўлида кетар.
Ғовларни ҳам ёриб ўтишар,
Ҳеч нарса уларни тўхтата олмас.
9Бостириб боришар улар шаҳарга,
Ёпирилишар шаҳар деворларига.
Уйларга тирмашиб чиқишар,
Ўғридай деразалардан ичкарига киришар.
10Уларнинг олдида замин титрар,
Осмону фалак қалтираб турар.
Қуёш ҳам, ой ҳам қораяр,
Юлдузлар нури сўнар.
11Эгамиз лашкарнинг бошида турар,
Лашкарига Ўз садосин берар.
Нақадар беҳисоб Унинг қўшини,
Унинг амрига бўйсунадиганлар қудратли.
Эгамизнинг куни чиндан даҳшатли!
Бу ваҳимали кунга бардош бергай ким?!
Тавба–тазарруга даъват
12Эгамизнинг каломи шудир:
“Ҳозир ҳам кеч эмас,
Рўза тутиб, йиғлаб, қайғуриб,
Бутун қалбингиз билан Менга қайтинглар.
13Кийимингизни эмас, бағрингизни йиртинглар#2:13 Кийимингизни эмас, бағрингизни йиртинглар — кийимларни йиртиш умидсизликни ва қайғули ҳолатни ифодалайди. Кўпинча бу ҳаракат Худодан кечирим сўраб ибодат қилиш ва Ундан мадад тилаш билан биргаликда амалга оширилган. Йўэл, бағрингизни йиртинглар, деган иборани мажозий маънода қўллаб, одамларни чин юракдан тавба қилишга чақиради..”
Эгангиз Худога қайтинглар, У иноятли,
Раҳмдил, жаҳли тез чиқмайди, содиқ севгиси мўлдир,
Ғазабидан тушиб кечирадиган Худодир.
14Ким билсин, У шаштидан қайтар,
Балки хирмонингизга барака берар.
Шунда Эгангиз Худога сизлар
Дон билан шароб назрин тақдим қиласизлар.
15Бурғу чалинг Қуддусда!
Рўза кунларин белгиланглар,
Ўша кунларга йиғин эълон қилинглар.
16Йиғинг жамики халқни,
Пок қилинг жамоани.
Чақиртиринг қарияларни,
Олиб келинг болалару эмизикли гўдакларни.
Ҳатто янги келин–куёвлар ҳам
Чимилдиқдан чиқиб келишсин.
17Маъбаднинг айвони билан қурбонгоҳ орасида#2:17 Маъбаднинг айвони билан қурбонгоҳ орасида… — руҳонийлар одамлар учун ибодат қиладиган жой.
Йиғлашсин Эгамизнинг хизматкор руҳонийлари,
Ёлворишсин шундай дея Худога:
“Эй Эгамиз, шафқат қилгин халқингга,
Мулкинг бўлган Исроил эллар аро кулги бўлмасин.
«Уларнинг Худоси қани?!» дея халқлар бизни мазах қилмасин!”
Эгамизнинг инояти
18Эгамиз Ўз юртига жон куйдирди шул замон,
Ўз халқига раҳм қилди У ўшал он.
19Жавоб берди#2:19 Жавоб берди… — одамлар Йўэл пайғамбарнинг сўзларига қандай муносабат билдиргани очиқ ёзилмаган бўлса–да, аниқ кўриниб турибдики, улар тавба қилиб, Эгамизга қайтганлар. У халқига шундай дебон:
“Тўқ бўласиз, сизларга бераман шароб, мой ва дон.
Халқлар орасида мазах бўлишингизга энди йўл қўймайман.
20Даф қиламан шимолдан келган лашкарларни,
Ҳайдаб соламан қақроқ, ҳувиллаган саҳрога уларни.
Ўлик денгизга улоқтираман илғор қисмларини,
Ўрта ер денгизига сураман орқа қисмларини.
Жасадларидан қўланса ҳид анқийди.”
Бажо қилди Эгамиз буюк ишларини!
21Эй замин, қўрқма! Хурсанд бўл, шодлан.
Бажо қилди Эгамиз буюк ишларини!
22Қўрқманглар энди, эй ёввойи ҳайвонлар,
Чунки ям–яшилдир даштдаги яйловлар,
Мева бераётир энди дарахтлар,
Анжир ва узумнинг ҳосили мўлдир.
23Эй Қуддус халқи, хурсанд бўлинглар,
Эгангиз Худонинг ишларидан севининглар.
Сизларга У ён босиб, ёмғирни мўл ёғдирди.
Олдингидай, куз, баҳорда ёмғирни қуйдирди.
24Энди хирмонлар донга тўлиб кетади,
Хумлар шаробу мой билан тўлиб–тошади.
25Эгамиз шундай дейди:
“Зарар кўрдингиз қирғин келтирувчи,
Емирувчи чигирткалар#2:25 чигирткалар — бу оятнинг ибронийча матнида чигирткага нисбатан тўрт хил сўз ишлатилган. 1:4 изоҳига қаранг. дастидан,
Экинзорларингизни кемириб ташлаган
Сакрайдиган чигиртка галаси дастидан,
Кўрган зарарингизни Мен қоплайман.
Бу кучли лашкарни сизга қарши Мен юборганман.
26Энди сизлар хоҳлаганингизча ейсиз,
Сизлар учун ажойиботлар кўрсатган
Мен, Эгангиз Худога ҳамду сано айтасиз.
Эй халқим, ҳеч қачон шарманда бўлмайсан энди!
27Эй Исроил, Мен орангда эканимни билиб оласан шунда,
Мен Эгангиз Худоман, йўқдир Мендан бошқаси.
Эй халқим, ҳеч қачон шарманда бўлмайсан энди!
Худо Ўз Руҳини ёғдиришни ваъда қилади
28Сўнгра Ўз Руҳимни ёғдираман ҳар бир инсон устига,
Ваҳийлар келади йигитларингизга.
Башоратлар қилар сизнинг ўғил–қизларингиз.
Кароматли тушлар кўрар қарияларингиз.
29Ўз Руҳимни ёғдираман ўша кунларда,
Ҳаттоки қулу чўриларингиз устига.
30-31Менинг буюк ва даҳшатли куним келишидан олдин, Мен еру осмонда аломатларни кўрсатаман. Ер юзида қонни, оловни ва тутун устунларини пайдо қиламан. Қуёш қораяди, ой қон тусига киради.”
32Шунда Худо даъват этган одамлар омон қолади. Ҳа, Эгамизга илтижо қилган ҳар бир инсон қутқарилади. Эгамиз айтганидай, Сион тоғига ва Қуддусга қочиб борганлар нажот топишади.
Currently Selected:
Йўэл 2: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020