Аюб 42
42
42–БОБ
Аюб Эгамизга жавоб беради
1Шунда Аюб Эгамизга жавоб берди:
2“Ҳа, биламан, Сен ҳамма нарсани қила оласан.
Сенинг режаларингни ҳеч ким буза олмайди.
3«Билмай туриб, донолигимга гумон қилаётган ким?» — деб сўрадинг.
Ўша менман.
Ўзим тушунмайдиган нарсалар ҳақида оғиз очдим.
Ақлим етмайдиган ажойиботлар ҳақида гапирдим.
4Сен: «Қани қулоқ сол, Мен гапираман.
Сени сўроқ қиламан, жавоб бер», — дединг.
5Сен ҳақингда бировлардан эшитгандим,
Аммо энди кўзларим билан Сени кўриб турибман.
6Шунинг учун энди айтганларимни қайтиб оламан,
Бошимга тупроғу кул сочиб#42:6 …Бошимга тупроғу кул сочиб… — бошга тупроқ ва кул сочиш умидсизликни ва қайғули ҳолатни ифодалайди. Кўпинча бу ҳаракат Худодан кечирим сўраб ибодат қилиш ва Ундан мадад тилаш билан биргаликда амалга оширилган., тавба қилдим.”
Хулоса
7Аюбга гапириб бўлгандан кейин, Эгамиз Темонлик#42:7 Темонлик — 2:11 изоҳига қаранг. Элифазга шундай деди: “Сен ва икки дўстингдан жуда қаттиқ ғазабдаман, чунки сен Мен ҳақимда тўғри сўзларни айтмадинг. Аюб эса тўғри гапирди. 8Энди еттита буқа ва еттита қўчқор олиб, Аюбнинг ёнига боринглар. Ўша ерда ўз гуноҳларингиз учун Менга куйдириладиган қурбонлик келтиринглар. Аюб сизлар учун ибодат қилади. Мен унинг ибодатларини қабул қиламан, сизларга аҳмоқлигингизга лойиқ жазо бермайман. Сизлар Мен ҳақимда тўғри сўзларни гапирмадингиз. Аюб эса тўғри гапирди.” 9Шундай қилиб, Темонлик Элифаз, Шувахлик Билдад ва Намахлик Зўфар бориб, Эгамизнинг айтганларини қилдилар. Эгамиз Аюбнинг ибодатларини қабул қилди.
10Аюб ўз дўстлари учун ибодат қилгандан кейин, Эгамиз унинг бойлигини қайта тиклади. Унга олдингидан икки баравар кўп барака берди. 11Шунда Аюбнинг ҳамма ака–укалари, опа–сингиллари, эски танишларининг барчаси келишди. Унинг уйида зиёфат қилишди. Эгамиз томонидан юборилган кулфатлар учун Аюбга ҳамдардлик билдириб, унга тасалли беришди. Уларнинг ҳар бири Аюбга бир бўлак кумуш#42:11 бир бўлак кумуш — ибронийча матнда бир кисито. Бу пул бирлигининг қиймати ва оғирлиги ҳақидаги маълумот сақланиб қолмаган. Қадимги пайтларда маълум вазндаги кумуш бўлаклари одатда пул бирлиги сифатида ишлатилган. ва тилла узук ҳадя қилди.
12Аюбнинг қолган умри давомида Эгамиз унга олдингидан ҳам кўпроқ барака берди: бу даврда Аюбнинг ўн тўрт мингта қўйлари, олти мингта туяси, минг жуфт ҳўкизи ва мингта эшаги бор эди. 13Эгамиз Аюбга етти ўғил ва уч қиз ҳам берди. 14Аюб биринчи қизига Ямима, иккинчисига Казиё, учинчисига эса Харанхаппух деб от қўйди. 15Бутун юртда Аюбнинг қизларидай гўзал қизлар йўқ эди. Аюб қизларига ҳам ака–укалари қатори мерос берди.
16Шундан кейин Аюб яна бир юз қирқ йил яшади. Фарзандлар кўрди, набиралару уларнинг фарзандларини ҳам кўрди, ҳаммаси бўлиб тўрт насл кўрди. 17Шундай қилиб, Аюб ёшини яшаб, ошини ошаб, узоқ умр кўриб, оламдан ўтди.
Currently Selected:
Аюб 42: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020