Чиқиш 25
25
25–БОБ
Муқаддас чодир учун назрлар
1Эгамиз Синай тоғида Мусога деди: 2“Исроил халқига, Эгамизга назр келтиринглар, деб айт. Менга чин кўнгилдан назр қилмоқчи бўлган одамнинг назрини қабул қил. 3Сен улардан қабул қилиб оладиган назрлар қуйидагилардир: олтин, кумуш, бронза, 4шунингдек, кўк, сафсар ва қирмизи рангли иплар, майин зиғир матоси, эчки жуни, 5қизилга бўялган қўчқор териси, юмшоқ тери#25:5 юмшоқ тери — юқори сифатли, ошланган тери назарда тутилган бўлиши мумкин., акас ёғочи#25:5 акас ёғочи — қуруқ жойларда ўсадиган акас дарахтининг ёғочи қаттиқ, чидамли ва енгил бўлади., 6мойчироқлар учун зайтун мойи, муқаддас қиладиган мой#25:6 муқаддас қиладиган мой — зайтун мойи ва зираворларнинг махсус аралашмасидан тайёрланиб, фақат руҳонийлар томонидан диний маросимларни адо этиш учун ишлатилган (30:22-33 га қаранг). учун зираворлар, хушбўй тутатқи учун зираворлар, 7эфод ва кўкракпечга тақиладиган ақиқ ҳамда бошқа қимматбаҳо тошлар. 8Исроил халқи Мен учун муқаддас маскан барпо қилишсин, токи Мен Исроил халқи орасида истиқомат қилайин. 9Бу Муқаддас чодирни ва унинг ҳамма жиҳозларини Мен сенга кўрсатадиган намунага мувофиқ ясат.
Аҳд сандиғи ва унинг қопқоғига оид кўрсатмалар
10Акас ёғочидан Сандиқ#25:10 Сандиқ — луғатдаги АҲД САНДИҒИ иборасига ишланган расмга қаранг. ясат. Сандиқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак#25:10 …узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак… — узунлиги тахминан 110 сантиметрга, эни ва бўйи тахминан 70 сантиметрга тўғри келади. бўлсин. 11Сандиқнинг ичкарию ташқарисини тоза олтин билан қоплат. Айланасига олтин гулчамбар қилдир. 12Сандиқ учун эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясатиб, тўртала оёғига маҳкамлат: иккита ҳалқа бир томонида, иккита ҳалқа иккинчи томонида бўлсин. 13Кейин акас ёғочидан ходалар ясатиб, ходаларни олтин билан қоплат. 14Ходаларни Сандиқнинг иккала томонидаги ҳалқадан ўтказ, токи ходалар ёрдамида Сандиқни кўтариб юришсин. 15Ходалар Сандиқнинг ҳалқаларидан айириб олинмасин, доимо турсин. 16Мен сенга берадиган аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани#25:16 аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳа — ибронийча матнда гувоҳлик, иккита тош лавҳага ишора. Ўша тош лавҳалар Худо ва Унинг халқи ўртасида тузилган аҳднинг далили, яъни тошга битилган гувоҳлик бўлиб хизмат қиларди (24:12 га қаранг). Сандиққа солиб қўй.
17Тоза олтиндан Сандиқнинг қопқоғини ясат. Қопқоқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак#25:17 …узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак… — шу бобнинг 10–оятига берилган иккинчи изоҳга қаранг. бўлсин. 18-19Шу билан бирга, олтиндан зарб уриб иккита каруб#25:18-19 иккита каруб — қанотли самовий мавжудотларнинг ҳайкаллари. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги КАРУБ, КАРУБЛАР сўзига қаранг. ясат#25:18-19 …олтиндан зарб уриб иккита каруб ясат — 37:7-8 изоҳига қаранг.. Битта каруб қопқоқнинг бир четида, иккинчи каруб иккинчи четида бўлиб, ҳар иккаласи қопқоқ билан бир бутунни ташкил қилсин. 20Карубларнинг тепага кўтарилган қанотлари қопқоқни беркитиб турсин. Улар юзма–юз туриб, қопқоққа қараган бўлсин. 21Қопқоқни Сандиқнинг устига қўй. Мен сенга берадиган иккита тош лавҳани#25:21 иккита тош лавҳа — ибронийча матнда гувоҳлик. Шу бобнинг 16–ояти изоҳига қаранг. Сандиққа сол. 22Мен сен билан Аҳд сандиғи#25:22 Аҳд сандиғи — ибронийча матнда Гувоҳлик сандиғи, Аҳд сандиғининг яна бир номи. 16:34 изоҳига қаранг. олдида учрашаман. Карублар ўртасидаги гуноҳдан поклаш жойи тепасидан Мен сенга гапириб, Исроил халқи учун ҳамма амрларимни сенга бераман.
Муқаддас нонлар қўйиладиган хонтахтага оид кўрсатмалар
23-24Акас ёғочидан хонтахта#25:23-24 хонтахта — луғатдаги ОЛТИН ХОНТАХТА иборасига ишланган расмга қаранг. ясат. Уни тоза олтин билан қоплат. Хонтахтанинг узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак#25:23-24 …узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак… — узунлиги тахминан 90 сантиметрга, эни тахминан 45 сантиметрга, бўйи тахминан 70 сантиметрга тўғри келади. бўлсин. Хонтахтанинг четларига айлантириб олтин гулчамбар қилдир. 25Яна хонтахтанинг айланаси бўйлаб тўрт энли ром ўрнат. Бу ромни нақшли ҳошия қилиб безат. Уни хонтахтанинг оёқларига маҳкамлат. 26-28Яна тўртта олтин ҳалқа ясатиб, ҳар бирини тахта маҳкамланган жойнинг ёнига — тўртала бурчагидаги тўртала оёғига ўрнаштир. Акас ёғочидан иккита хода ясатиб, уларни олтин билан қоплат. Бу ёғочларни ҳалқалардан ўтказиб, хонтахтани кўтариб юриш учун фойдалан. 29Хонтахтага қўйиладиган лаган, пиёлалар, шароб назр қилиш учун кўза ва косалар ясат. Бу буюмларни тоза олтиндан ясат. 30Менинг ҳузуримдаги хонтахтада доим муқаддас нонлар#25:30 муқаддас нонлар — бу нонлар Эгамизнинг Муқаддас чодирда зоҳир бўлишини акс эттирувчи тимсол бўлиб, Худо Исроил халқининг қудрати ва таъминловчиси эканлигидан дарак бериб турган. Нонлар Чодирдаги махсус хонтахтага қўйилиб, ҳар Шаббат куни янги пиширилган нонлар билан алмаштириб турилган (Левилар 24:5-9 га қаранг). турсин.
Чироқпояга оид кўрсатмалар
31Соф олтиндан зарб уриб чироқпоя#25:31 чироқпоя — луғатдаги ЧИРОҚПОЯ сўзига ишланган расмга қаранг. ясат. Бутун чироқпоя ва унинг безаклари бир бутун қилиб ясалсин. Чироқпоянинг таглиги, пояси ва куртакли гулга ўхшаш шаклдаги пиёлалари бўлсин. 32Яна чироқпоянинг поясидан олтита шохча чиқарилсин: учта шохчаси бир ёнидан, учта шохчаси иккинчи ёнидан чиқарилсин. 33Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар бирида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги учта пиёла бўлсин. 34Чироқпоянинг поясида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги тўртта пиёла бўлсин. 35Чироқпоянинг поясидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар жуфтида бу куртаклардан учтаси бирин–кетин тизилиб турсин. 36Чироқпоя, шохчалари ва куртаклари билан битта қилиб, тоза олтиннинг яхлит бўлагидан зарб уриб ясалиши лозим. 37Чироқпоя учун еттита мойчироқ ясат. Мойчироқларни чироқпояга шундай ўрнаштиргинки, чироқпоянинг олд томонини ёритадиган бўлсин. 38Мойчироқларга қараб туриш учун тоза олтиндан қисқичлар ва патнислар ясат. 39Чироқпояни ва бу буюмларни икки пуд#25:39 икки пуд — ибронийча матнда бир талант, тахминан 34 килога тўғри келади. тоза олтиндан ясашсин. 40Эҳтиёт бўл, ўша ҳамма буюмларни Мен сенга шу ерда — тоғда кўрсатган намунага мувофиқ ясат.
Currently Selected:
Чиқиш 25: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020