YouVersion Logo
Search Icon

Эфесликлар 4

4
4–БОБ
Имонлиларнинг бирлиги ва янги ҳаёти
1Раббимиз Исо ҳақи маҳбус#4:1 маҳбус — 3:1 изоҳига қаранг. бўлган мен — Павлус сизлардан ўтиниб сўрайман: Худо сизларни Ўзига даъват қилганини ёддан чиқармай, шу даъватга муносиб тарзда яшанглар. 2Доимо камтар ва мулойим бўлинглар, меҳр–муҳаббат билан бир–бирингизга нисбатан сабр–тоқатли бўлинглар. 3Ўзаро тинч–тотув яшаб, Муқаддас Руҳ ато қилган бирдамликни сақлашга жон куйдиринглар. 4Ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз#4:4 Ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз… — 1 Коринфликлар 12:12-27 га қаранг., қалбимиздаги Муқаддас Руҳ ҳам бирдир. Шунингдек, Худо бизни даъват қилиб, ҳаммамизга берган умид ҳам бирдир. 5Раббимиз бир, имонимиз ҳам бирдир, бир мақсадда сувга чўмдирилганмиз. 6Барчамизнинг Отамиз Худо бирдир. У ҳаммамиздан устун бўлиб, ҳаммамиз орқали Ўз иродасини бажо қилади. У ҳаммамизнинг орамиздадир. 7Масиҳ Ўз иноятига кўра, ҳар биримизга турли хил инъомлар берган. 8Мана, Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган:
“Юксакларга чиқди У,
Асирларни ортидан эргаштирди.
Инсонларга ҳадялар берди.”#4:8 Муаллиф бу ўринда Забур 67:19 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
9У юксакларга чиқди деган сўзлар нимани билдиради? У олдин пастга — ер юзига тушгандан бошқа нимани билдириши мумкин?! 10Пастга тушган Зот, коинотни ҳар жиҳатдан бутун қилай деб, фалак тоқидан ҳам юқорироққа чиқди.
11Масиҳ баъзиларни ҳаворий, баъзиларни эса пайғамбар, баъзиларни Хушхабар воизи, яна бошқаларни жамоатларнинг чўпонларию устозлари қилиб тайинлади, 12токи улар Худонинг азиз халқини хизмат қилишга тайёрласинлар. Шунда Масиҳнинг танаси, яъни жамоат имонда мустаҳкам туради. 13Бунинг натижасида ҳаммамиз имонда якдил, Худонинг Ўғли Масиҳни таниб–биладиган, Унинг камолига эришган етук одамлар бўламиз. 14Шунда биз норасида гўдакларга ўхшамаймиз, шамол эсган томонга эгиладиган новдадай бўлмаймиз. Ҳар хил таълимотлар ва қув одамларнинг ҳийлаю айёрликларига лаққа тушавермаймиз. 15Келинглар, меҳр–муҳаббат билан ҳақиқатни айтиб, жамоатнинг боши бўлган Масиҳга ўхшаб ҳар жиҳатдан етук инсонлар бўлайлик. 16Унинг бошчилигида бутун бадан паю бўғинлар ёрдамида ўзаро уланади ва бирикади. Ҳар бир аъзо ўз вазифасини бажарар экан, бутун бадан ўсиб боради ва меҳр–муҳаббат туфайли бақувват бўлади.
17Шундай экан, Раббимиз Исонинг номидан қатъий тайинлаб, сизларга айтаман: энди худосиз одамлардай яшаманглар, улар сингари беҳуда ўй–хаёлларга берилманглар. 18Уларнинг онгларини зулмат қоплаган, улар Худо берадиган янги ҳаётга бегонадирлар, чунки улар бағри тош бўлиб, жаҳолатда қолганлар. 19Улар ҳар қандай ор–номус туйғусини йўқотиб, фисқу фужурга берилганлар, ҳар хил ифлос ишларни иштиёқ билан қиладилар. 20Аммо сизлар Масиҳдан бундай ишларни ўрганмагансиз. 21Сизлар Масиҳнинг сўзларини эшитиб, Унинг таълимотини олгансизлар, чунки ҳақиқат Масиҳда жамдир. 22Олдинги яшаш тарзингизга тобе бўлманг, эски ўзлигингиздан воз кечинг, чунки у алдовчи эҳтирослар туфайли бузилиб кетган. 23Янгичасига фикр–зикр қиладиган бўлинглар. 24Худонинг суратида яратилган, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддасликдан иборат бўлган янги табиатга бурканинглар.
Янги ҳаёт учун йўл–йўриқлар
25Энди ёлғон гапиришни бас қилиб, ҳар бирингиз ўз яқинингизга ҳақиқатни айтинглар, ахир, ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз–ку. 26Ҳатто ғазабланганингизда ҳам гуноҳ қилманглар#4:26 Ҳатто ғазабланганингизда ҳам гуноҳ қилманглар — Забур 4:5 га қаранг.. Қуёш ботгунча жаҳлдан тушинглар. 27Иблисга фурсат берманглар. 28Олдин ўғри бўлган энди ўғрилик қилмасин, балки ишласин, ўз қўллари билан меҳнат қилсин. Шунда муҳтожларга ҳам топган–тутганидан ёрдам бера олади. 29Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин тингловчиларнинг эҳтиёжига кўра, керакли гапларни айтиб, уларга далда беринг, шунда сўзларингиз уларга фойда келтиради.
30Худонинг Муқаддас Руҳини хафа қилманглар, чунки Муқаддас Руҳ сизларнинг Худога тегишли эканингизнинг ҳамда бир кун келиб#4:30 …бир кун келиб… — 1:14 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг., бутунлай озод бўлишингизнинг далилидир. 31Ҳар қандай гина–кудурат, қаҳру ғазаб, жанжалкашлик, ғийбатчиликни ҳамда бошқа ҳар хил ёмонликларни ўзингиздан соқит қилинглар. 32Бир–бирингизга нисбатан кўнгилчан ва меҳр–шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ орқали кечиргандай, сизлар ҳам бир–бирингизни кечиринглар.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in

YouVersion uses cookies to personalize your experience. By using our website, you accept our use of cookies as described in our Privacy Policy