YouVersion Logo
Search Icon

Қонунлар 7

7
7–БОБ
Худонинг халқи
1Эгангиз Худо сизларни эгалик қиладиган юртингизга олиб киради. Ўшанда У олдингиздан Хет, Гиргош, Амор, Канъон, Париз, Хив, Ёбус каби еттита халқни ҳайдайди. Улар сизлардан кўра, кўпроқ ва қудратлироқдир. 2Эгангиз Худо бу халқларни сизларнинг қўлингизга топширганда, сизлар уларни мағлуб этасизлар. Шунда уларнинг ҳаммасини тамомила қириб битиринглар. Улар билан иттифоқ тузманглар, уларга раҳм–шафқат қилманглар. 3Улар билан қуда–андачилик қилманглар, уларга қиз узатманглар, ўғилларингизга уларнинг қизларидан олиб берманглар. 4Акс ҳолда, улар фарзандларингизни Эгамиздан қайтаради. Фарзандларингиз бошқа худоларга хизмат қиладиган бўлади. Ўшанда Эгамиз ғазабланиб, сизларни бир лаҳзада ҳалок қилади. 5Аксинча, ўша халқларни сизлар шундай қилинглар: уларнинг қурбонгоҳларини бузинглар, бутсимон тошларини парчалаб ташланглар, Ашерага#7:5 Ашера — Канъондаги халқлар сажда қилган ҳосилдорлик худоси бўлиб, аёл қиёфасида тасаввур қилинган. Унинг эркак жуфти Баал эди. Ашеранинг тасвирлари баланд устун шаклида бўлиб, ёғочдан ясалган эди. аталган устунларни кесинглар, бутларини ёндиринглар. 6Сизлар Эгангиз Худонинг муқаддас халқисиз. У сизларни ер юзидаги жамики халқлар орасидан Ўз халқи, Ўз хазинаси қилиб танлаб олди.
7Эгамиз сизларни бошқа халқлардан кўп бўлганингиз учун севиб танламади. Сизлар бошқа ҳамма халқлардан оз эдингиз. 8Эгамиз сизларни севгани учун ва ота–боболарингизга берган ваъдасини адо этиш учун сизларни танлади. Шу боис У сизларни Миср фиръавни ҳукмронлигидан, Мисрдаги қулликдан Ўз қудрати билан олиб чиқиб, озод қилди. 9Шундай қилиб, Эгангиз Худо ҳақиқий Худо эканини билиб қўйинглар. У содиқ Худодир! Уни севадиган, Унинг амрларини бажарадиганларнинг мингинчи авлодигача аҳдини содиқ сақлайди. 10Худодан нафратланганларнинг эса қилмишларига яраша бошларига кулфат ёғдиради. Ҳа, Эгамиз Ундан нафратланганларга жавоб беришда кечикмайди. 11Шунинг учун бугун мен сизларга бераётган амрларни, фармонлар ва қонун–қоидаларни битта қолдирмай бажаринглар.
Итоатгўйликдан келган барака
12Агар мана шу қонун–қоидаларга итоат этиб, уларни битта қолдирмай бажарсангиз, Эгангиз Худо ҳам ота–боболарингизга онт ичиб, ваъда қилган аҳдини сизлар билан содиқ сақлайди. 13У сизларга меҳр қўяди, ота–боболарингизга бераман, деб онт ичган юртда сизларга барака бериб, кўпайтиради. Ували–жували бўласизлар, ерингиз ҳосилдор, донингиз, шаробингиз ва мойингиз сероб бўлади, мол–қўйингиз баракали бўлади, сигирларингиз болалайди, қўйларингиз қўзилайди. 14Сизлар барча халқлар орасида баракага энг бой халқ бўласизлар, орангизда фарзандсиз эркак ҳам, аёл ҳам бўлмайди, молларингиз орасида қисири бўлмайди. 15Эгамиз сизларни ҳар қандай касалликдан сақлайди. Мисрда ўзларингиз кўрган ҳар хил қўрқинчли хасталиклар сизларнинг бошингизга келмайди. Ўша хасталикларни Эгамиз сизларнинг ғанимларингизга юқтиради. 16Эгангиз Худо сизларнинг қўлингизга топширадиган барча халқларни қириб юборинглар, уларга раҳм қилманглар, уларнинг худоларига сиғинманглар. Акс ҳолда, уларнинг худолари сизларга тузоқ бўлади.
17Хаёлингизда: “Бу халқлар биздан жуда кучли–ку, қандай қилиб уларни ҳайдаймиз?” деб ўйлашингиз мумкин, 18аммо улардан қўрқманглар. Эгангиз Худо фиръавнни, бутун Мисрни нима қилганини эсингизда тутинглар. 19Эгангиз Худо Ўз қудрати ва ажойиботлари билан сизларни у ердан олиб чиқди, буюк синовлар, аломату мўъжизалар кўрсатди. Буларни ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Сиз қўрқаётган ҳамма халқларни Эгангиз Худо худди ўша аҳволга солади. 20Ҳатто сизлардан яшириниб тирик қолганларни У ваҳимага солиб, қувиб юборади#7:20 …тирик қолганларни У ваҳимага солиб, қувиб юборади — ёки …тирик қолганларни қувиш учун У қовоқ ариларни юборади.. 21Улардан қўрқманглар. Орангиздаги Эгангиз Худо буюк ва ҳайбатли Худодир. 22У ўша халқларни сизларнинг олдингиздан оз–оздан ҳайдайди. Сизлар уларни бирданига ҳалок қилолмайсизлар. Бўлмаса атрофингизда ёввойи ҳайвонлар кўпайиб кетади. 23Эгангиз Худо ўша халқларни сизларнинг қўлингизга беради, уларнинг ҳаммасини қаттиқ саросимага солиб, ҳалок қилади. 24Шоҳларини ҳам сизларнинг қўлингизга беради. Сизлар уларнинг номларини ер юзидан ўчирасизлар. Ҳеч ким сизларга бас келолмайди, уларнинг ҳаммасини ҳалок қиласизлар. 25Худоларининг тасвирларини оловда ёндиринглар, уларни қоплаган олтину кумушларга кўз олайтирманглар, ўша нарсаларни олманглар, токи улар сизларга тузоқ бўлмасин. Бу бутлар Эгангиз Худога жирканчдир. 26Бу жирканчли нарсаларни уйингизга олиб кирманг, акс ҳолда, ўшалар сингари йўқ қилинасиз. Ўша нарсалардан нафратланинглар, жирканинглар, чунки улар лаънатлангандир.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in