YouVersion Logo
Search Icon

Қонунлар 2

2
2–БОБ
Саҳрода ўтган йиллар
1Эгамиз менга айтганидай, биз Қизил денгиз#2:1 Қизил денгиз — ибронийча матнда Ём–Суф, маъноси Қамиш денгизи. 1:40 изоҳига қаранг. томондаги саҳрога қайтдик. Сеир тоғлари#2:1 Сеир тоғлари — 1:44 изоҳига қаранг. атрофида кўп вақт юрдик.
2Эгамиз менга шундай деди: 3“Бу қирлар атрофида шунча айланиб юрганингиз етади. Энди шимол томонга боринглар. 4Бу халққа Мендан шундай буйруқ бергин: «Сеир юртида яшайдиган биродарларингиз#2:4 Сеир юртида яшайдиган биродарларингиз — Эдом юртининг яна бир номи Сеир эди. Исроил халқи Ёқубдан, Эдом халқи эса Ёқубнинг акаси Эсовдан келиб чиққан эди. — Эсов авлодининг ерларидан ўтасизлар. Улар сиздан қўрқишади. Аммо эҳтиёт бўлинглар, 5улар билан жанг қилманглар. Мен сизларга у ернинг бир қаричини ҳам бермайман, чунки Мен Сеир тоғларини Эсов авлодига мулк қилиб берганман. 6Улардан овқатни кумушга сотиб олиб енглар, сувни ҳам кумушга сотиб олиб ичинглар. 7Мен, Эгангиз Худо, ҳар бир ишингизда сизларга барака бердим. Шу бепоён саҳрода юрганингизда сизларни ҳимоя қилдим. Қирқ йилдан бери Мен сизлар билан биргаман, сизлар ҳеч қандай камчилик кўрмадингизлар.»”
8Шундай қилиб, биз Сеирда яшовчи биродарларимиз — Эсов авлодининг еридан ўтиб кетдик. Элет ва Эзйўн–Гебердан#2:8 Элет ва Эзйўн–Гебер — Синай ярим оролининг шарқида, Қизил денгизнинг шимолий қирғоғидаги бандаргоҳ шаҳарлар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги БАНДАРГОҲ сўзига қаранг. Иордан водийсига#2:8 Иордан водийси — ибронийча матнда Араба. Араба умумий географик ном бўлиб, бу оятда Иордан водийсига нисбатан ишлатилган. кетган йўлдан юрдик. Сўнгра Мўаб чўли томон бурилиб кетдик. 9Шунда Эгамиз менга деди: “Мўабликлар билан жанжаллашиб, уруш бошламанглар. Мен сизларга уларнинг еридан мулк бермайман, чунки Ор#2:9 Ор — Мўаб юртининг асосий шаҳарларидан бири бўлиб, бу ўринда Мўабнинг ҳамма ерларига нисбатан ишлатилган (Саҳрода 21:28 га қаранг). ҳудудини Мен Лут авлодига#2:9 Лут авлоди — яъни Мўаб халқи. Уларнинг ота–бобоси Мўаб Лутнинг ўғилларидан бири эди (Ибтидо 19:36-38 га қаранг). Лут Иброҳимнинг жияни эди. мулк қилиб берганман.”
10(Олдин у ерда Эйим халқи яшаган эди. Улар кўпчилик бўлиб, кучли, Оноқ авлоди сингари баланд бўйли халқ эди. 11Эйим халқи ва Оноқ авлодлари, одатда, Рафа халқи#2:11 Эйим халқи ва Оноқ авлодлари…Рафа халқи… — Исроил халқидан аввал Канъонда яшаган, гавдаси улкан, кучли жангчилари билан машҳур бўлган халқлар (1:28, 2:20-21, 3:11, 9:1-2, Саҳрода 13:33-34 га қаранг). деб аталарди. Аммо Мўабликлар уларни Эйим халқи деб аташарди. 12Сеирда анча олдин Хорим халқи яшаган. Аммо Эсов авлоди#2:12 Эсов авлоди — яъни Эдом халқи (2:4 изоҳига қаранг). ўша ерларни улардан тортиб олганди. Исроил халқи Эгамиз мулк қилиб берган юртда халқларни йўқ қилгандай, Эсов авлоди ҳам Хорим халқини йўқ қилиб, уларнинг ерларига жойлашиб олган эди.)
13Эгамиз: “Қани, энди отланинглар, Зарад сойлигидан#2:13 Зарад сойлиги — бу сойлик Ўлик денгизга жануби–шарқ томондан қуйилиб, Эдом юртининг шимолий чегарасини ва Мўаб юртининг жанубий чегарасини белгилар эди. ўтинглар”, — деб амр берди. Биз Зарад сойлигидан ўтдик. 14Кадеш–Барнадан чиқишимизга ва Зарад сойлигидан ўтишимизга 38 йил кетди. Эгамиз онт ичиб айтганидай, бу вақт оралиғида ўша наслнинг урушга яроқли бўлган одамлари оламдан ўтиб кетди. 15Дарҳақиқат, Эгамиз уларга қарши Ўз қўлини кўтариб, қароргоҳдаги ҳамма урушга яроқлиларни қириб ташлади.
16Урушга яроқли бўлганларнинг ҳаммаси ўлиб, халқ орасидан йўқ бўлгандан кейин, 17Эгамиз менга шундай деди: 18“Бугун Ор шаҳридан ўтасизлар, Мўаб юртининг шимолий чегарасини кесиб, 19Оммон халқининг ерига яқинлашасизлар. Лекин улар билан жанжаллашиб, уруш бошламанглар. Сизларга уларнинг еридан бир парча ҳам бермайман. Бу ерни Мен Лут авлодига#2:19 Лут авлоди — яъни Оммон халқи. Уларнинг ота–бобоси Баномми Лутнинг ўғилларидан бири эди (Ибтидо 19:36-38 га қаранг). Лут Иброҳимнинг жияни эди. мулк қилиб берганман.”
20(Илгарилари бу ер Рафа халқининг юрти эди. Бу ерда Рафа халқи яшаган эди. Оммон халқи эса уларни Замзум халқи деб аташарди. 21Бу халқ кучли, кўп бўлиб, Оноқ авлоди сингари баланд бўйли эди. Аммо Эгамиз уларни йўқ қилди. Оммон халқи уларнинг ерини қўлга киритиб, ўша ерга жойлашиб олганди. 22Сеирда яшаётган Эсов авлоди учун ҳам Эгамиз худди шундай қилган эди. Хорим халқини Эгамиз йўқ қилди. Эсов авлоди Хорим халқининг ерини қўлга киритиб, уларнинг ўрнига ўзлари жойлашиб олишди. Улар ҳозиргача ўша ерда яшайди. 23Авим халқи эса жанубдаги Ғазогача бўлган қишлоқларда яшарди. Аммо Хафтўрдан келган Хафтўр халқи#2:23 Хафтўрдан келган Хафтўр халқи — Крит оролидан келиб чиққан Филист халқининг аждодларига ишора бўлиши мумкин (Эски Аҳдда Крит ороли Хафтўр деб аталган). уларни йўқ қилиб, ўринларига ўзлари жойлашиб олишганди.)
Исроил халқи шоҳ Сихўнни енгади
24Биз Мўаб юртидан ўтганимиздан кейин, Эгамиз шундай деди: “Энди отланиб, йўлга тушинглар, Арнон сойлигидан#2:24 Арнон сойлиги — Мўаб юртининг шимолий чегараси ва шоҳ Сихўнга тегишли ерларнинг жанубий чегараси. Арнондаги сой ғарб томонга оқиб, Ўлик денгизга қуйилади. ўтинглар. Мен Амор халқининг Хашбонда яшайдиган шоҳи Сихўнни ва унинг ерини сизларнинг қўлингизга бераман. Унга ҳужум қилиб, жанг бошланг, унинг юртини эгаллаб олинг. 25Мен шундай қиламанки, бугундан бошлаб бутун ер юзидаги халқлар сизлардан қўрқиб, ваҳимага тушадиган бўлишади. Номингизни эшитганлар сизлардан қўрққанидан қалтирайдиган бўлади.”
26Шундан кейин мен Кадамўт чўлидан Хашбон шоҳи Сихўнга чопарлар орқали қуйидагича дўстона гапларни етказдим: 27“Бизга юртингиз орқали ўтиб кетишга ижозат берсангиз. Ўнгга ҳам, чапга ҳам қайрилмай, тўғри йўлдан кетамиз. 28Овқатни биз сиздан кумушга сотиб олиб еймиз, сувни ҳам сиздан сотиб олиб ичамиз, фақат пиёда юриб ўтишимизга рухсат берсангиз бўлди. 29Сеирда яшаётган Эсов авлоди ҳам, Ор шаҳрида яшаётган Мўабликлар ҳам ижозат берган эди. Уларнинг ерларидан ўтиб келдик. Улар сингари, сиз ҳам ижозат беринг, ерингиздан ўтиб кетайлик. Иордандан ўтиб, Эгамиз Худо бизга берадиган юртга етиб олайлик.”
30Бироқ Хашбон шоҳи Сихўн еридан ўтиб кетишимизга рухсат бермади. Сизлар бугун яшаб юрган ерни қўлга киритишингиз учун Эгангиз Худо Сихўннинг юрагини тош қилиб, ўжар қилиб қўйганди.
31Эгамиз менга шундай деди: “Мен Сихўнни ва унинг юртини сенинг қўлингга беряпман. Унинг юртини забт эта бошла.” 32Сихўн жамики лашкарини бошлаб, биз билан жанг қилгани Яхаз шаҳрига чиқди. 33Аммо Эгамиз Худо уни бизнинг қўлимизга берди. Сихўнни, унинг жамики лашкарини, фарзандларини йўқ қилиб ташладик. 34Сихўннинг ҳамма шаҳарларини босиб олиб, биронтасини ҳам қолдирмай вайрон қилдик. Эркаклари, аёллари ва болаларидан биронтасини ҳам тирик қолдирмадик. 35Мағлуб қилган шаҳарларимиздан фақат чорва ва бойликларни ўзимизга ўлжа қилиб олдик. 36Арнон сойлигининг четида жойлашган Арор шаҳридан ҳамда сойликдаги#2:36 сойлик — икки адир оралиғидаги пастлик. Баъзи сойликлар водий каби кенг бўларди. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги СОЙЛИК сўзига қаранг. шаҳардан тортиб, то Гиладгача бўлган бирорта шаҳар бизнинг куч–қудратимизга дош беролмади. Чунки Эгамиз Худо ҳаммасини бизнинг қўлимизга берган эди. 37Аммо биз Явоқ дарёси#2:37 Явоқ дарёси — Оммон юртининг ғарбий чегарасини ташкил қилган дарёнинг бош қисмига ишора. Явоқ дарёси жанубдан шимолга қараб оқарди, сўнг ғарб томонга бурилиб, Иордан дарёсига қуйиларди. бўйидаги Оммон халқининг ерларига ва қирлардаги уларнинг шаҳарларига ҳужум қилмадик. Чунки Эгамиз Худо бизга у ерларни босиб олишни ман қилганди.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in