2 Тимўтий 2
2
2–БОБ
Масиҳ туфайли азобларга дош бериш ҳақида
1Тимўтий ўғлим, бардам бўл. Бунинг учун Исо Масиҳ орқали кўрсатилган Худонинг иноятига таянгин. 2Сен кўп шоҳидлар ҳузурида Хушхабар ҳақида таълим берганимни эшитгансан. Энди бу таълимотни бошқаларга ҳам ўргатишга қобилияти бор, ишончли одамларга топширгин. 3Исо Масиҳнинг яхши бир аскари каби, мен билан бирга азоб чекишга тайёр тургин. 4Ҳарбий хизматдаги аскар тирикчилик ишлари билан банд бўлмайди, чунки қўмондонини мамнун қилишни истайди. 5Шунингдек, мусобақада қатнашган киши қоидага риоя қилмаса, ғалаба тожини киймайди. 6Меҳнат қилган деҳқон олган ҳосилидан биринчи бўлиб баҳраманд бўлиши лозим. 7Айтганларим ҳақида мулоҳаза қил, буларни тушуниб олишингга Раббимиз Исо сенга ёрдам беради.
8Довуд наслидан бўлган Исо Масиҳ ўликдан тирилганини доимо ёдингда тут! Мен тарғиб қилаётган Хушхабар шудир! 9Ана шу Хушхабар учун мен азобларга дучор бўляпман, ҳатто жиноятчидай занжирбанд қилиндим#2:9 жиноятчидай занжирбанд қилиндим — 1:16 изоҳига қаранг.. Аммо Худонинг каломини занжирлаб бўлмайди! 10Шундай экан, Худонинг танлаган одамлари Исо Масиҳ берган нажотдан баҳраманд бўлсинлар, абадий улуғворликка эришсинлар деб, мен ҳамма нарсага чидаб келяпман. 11Қуйидаги гап тўғри ва асослидир:
“Агар биз Масиҳ билан бирга ўлган бўлсак,
У билан бирга ҳам яшаймиз.
12Агар қийинчиликларга чидасак,
У билан бирга ҳукмронлик қиламиз.
Борди–ю, Уни рад этсак,
У ҳам бизни рад этади.
13Содиқ бўлмасак ҳам,
Масиҳ содиқ бўлиб қолаверади,
Ахир, У Ўз табиатига қарши чиқа олмайди.”
Ҳақиқатга содиқ қолиш ҳақида
14Бу гапларни имонлиларга эслатиб тур, уларга Худонинг номидан қатъий буюр: майда–чуйда гаплар юзасидан баҳслашмасинлар. Бундай баҳслар бефойда, тингловчиларга фақат зарар етказади, холос. 15Худонинг олдида ёруғ юз билан тура олишинг учун астойдил меҳнат қил. Ўз ишидан уялмайдиган, ҳақиқат каломини тўғри ўргатадиган хизматчи бўлгин. 16Худодан узоқлаштирадиган қуруқ гаплардан қоч. Бундай гапларга берилган одамлар тобора бетавфиқ бўлиб боради. 17Уларнинг бу таълимоти ўлат каби ёйилади. Мана, Хуманаёс#2:17 Хуманаёс — 1 Тимўтий 1:19-20 га қаранг. билан Филитус ҳам шундай одамлар жумласидан. 18Улар тўғри йўлдан озганлар. Биз аллақачон ўликдан тирилдик#2:18 Биз аллақачон ўликдан тирилдик… — инсон Исо Масиҳга имон келтирганда руҳан қайта тирилади (Римликлар 6:1-11, Эфесликлар 2:6, Колосаликлар 2:13, 3:1-4 га қаранг). Баъзилар ўликдан тирилиш фақатгина руҳий тирилишдан иборат, деб таълим бераётган экан. Юнонлар танани ёвузлик манбаи деб билганлар, шунинг учун мана шу одамлар, бир кун келиб жисмоний тана ҳам тирилади, деган таълимотни рад этган бўлишлари мумкин (Ҳаворийлар 17:32 га қаранг). Бу таълимот Хушхабардаги нажот ҳақидаги таълимотга тамомила зиддир (1 Коринфликлар 15:12-25 га қаранг)., деб баъзиларни имонидан қайтаряптилар. 19Аммо Худо асос солган пойдевор мустаҳкам турибди. Бу пойдевор устига шундай сўзлар битилган: “Эгамиз Ўзиникиларни билади” ва “Эгамизнинг номини тилга олган ҳар бир одам ёмонликдан узоқлашсин.”
20Катта бир уйда нафақат олтин ва кумуш идишлар, балки ёғоч ва сопол идишлар ҳам бор. Олтин ва кумуш идишлар хўжайинга шараф келтиради, қадрсиз идишлар эса унинг обрўйини тўкади. 21Ким ўзини мен айтган ёмонликлардан покласа, Эгаси учун шараф келтирадиган идишдай бўлади. Бундай одам Эгасига хизмат қилишга бағишланган, ҳар бир яхши иш қилишга тайёр бўлади.
22Ўғлим, ёшлик эҳтиросларидан қоч. Чин юракдан Раббимиз Исога илтижо қилган одамлар билан бирга солиҳлик, имон, меҳр–муҳаббат ва тинчлик пайида бўлгин. 23Аҳмоқона, бемаъни баҳслардан узоқлаш. Ўзинг биласан–ку, булар фақат жанжал келтириб чиқаради. 24Раббимиз Исонинг қули эса жанжалкаш бўлмаслиги керак. Аксинча, у ҳаммага меҳрибон, таълим беришга қобилиятли, сабр–тоқатли бўлиши лозим. 25У ўз рақибларини мулойимлик билан йўлга солсин. Ким билсин, балки Худо уларни тавбага олиб келар?! Шунда улар ҳақиқатни билиб, 26ўзларига келарлар, иблиснинг тузоғидан қутулиб қоларлар. Ахир, иблис уларни асир қилиб, ўзига тобе қилиб олган.
Currently Selected:
2 Тимўтий 2: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020