2 Коринфликлар 12
12
12–БОБ
Павлусга келган ваҳийлар
1Мақтанишнинг ҳеч фойдаси йўқ, аммо барибир мақтанишим керак. Энди Эгамиз аён қиладиган ваҳийларга келсак, 2Масиҳга қарашли бир одамни биламан#12:2 Масиҳга қарашли бир одамни биламан — Павлус ўзини назарда тутган.. Ўн тўрт йил олдин ўша одам ердан арши аълога#12:2 арши аъло — юнонча матнда учинчи осмон. кўтарилди. Баданда эдими ёки бадандан ташқарида эдими, билмайман, Худо билади. 3Шуни биламанки, бадандами ёки бадандан ташқаридами, менга эмас, Худога аён, ўша одам 4жаннатга кўтарилганда инсоннинг тили таърифлашга ожиз бўлган сўзларни эшитди. Бундай сўзларни инсон тилга олмаслиги керак. 5Бундай одам билан мақтансам бўлади. Лекин ўзим ҳақимда бўлса, ожизлигимдан бошқа ҳеч нарса билан мақтанмайман. 6-7Агарда ўзим ҳақимда мақтанадиган бўлсам ҳам, аҳмоқона иш қилган бўлмайман, чунки ҳақиқатни гапирган бўламан. Одамлар ўша ҳаддан ташқари ажойиб ваҳийларга қараб менга баҳо бермасинлар. Аммо қилаётган ишларимга қараб ёки мендан эшитганлари бўйича менга баҳо берсинлар, ундан ортиқ мени юқори кўтармасинлар деб, ўзимни тутиб турибман.
Шунинг учун мени кибрланиб кетмасин деб, баданимга бир ниш, мени ниқталайдиган шайтоннинг элчиси берилди. 8Буни мендан олиб ташлагин, деб уч марта Раббимиз Исога ёлвордим. 9Лекин У менга шундай деди: “Менинг иноятим доим сенга етарли бўлади, чунки Менинг қудратим сенинг ожизлигингда тўлиқ намоён бўлади.” Шундай қилиб, Масиҳнинг қудрати мен орқали аён бўлиши учун ожизлигим билан мақтанишни афзал кўраман. 10Шу сабабдан Масиҳ ҳақи ожизликни, хўрликларни, муҳтожликларни, қувғин ва қийинчиликларни шодлик билан қабул қиламан. Айниқса, ожиз бўлган пайтимда Масиҳнинг қудрати билан кучли бўламан.
Павлус Коринфдаги имонлилар учун қайғуради
11Мен ўзимни ақлсиз инсондай тутдим. Аммо мени бунга ўзларингиз мажбур этдингиз–ку, чунки сизлар мени мақташингиз керак эди. Менинг ўзим ҳеч бир аҳамиятга эга бўлмасам–да, ўша “олий ҳаворийлардан” ҳеч бир кам жойим йўқ. 12Орангизда бўлганимда ҳар хил қийинчиликларга бардош берганим, мўъжизалару аломатлар, қудратли ишлар қилганим ҳақиқий ҳаворий эканлигимдан далолат беради. 13Хўш, қачон мен сизларга, бошқа жамоатларга қараганда ёмонроқ муомалада бўлдим? Тўғри, сизларга оғирлигимни туширмадим. Агар бу сизларга адолатсизлик бўлиб туюлса, мени кечиринглар.
14Мана, сизларнинг олдингизга учинчи марта боришга тайёрман#12:14 …сизларнинг олдингизга учинчи марта боришга тайёрман — 2:1 изоҳига қаранг.. Сизларга юк бўлмайман, чунки менга сизларнинг нарсангиз эмас, ўзингиз кераксиз. Зотан, фарзандлар ота–оналари учун эмас, балки ота–оналар фарзандлари учун мол–мулк йиғиши лозим. 15Шодлик билан бор мол–мулкимни, ҳатто ўз жонимни ҳам сизлар учун бераман. Мен сизларни шунчалик яхши кўрар эканман, сизларнинг мени камроқ яхши кўришингиз тўғри ишми?!
16Хўп, майли, мен сизларга юк бўлмабман–у, аммо ёлғону ҳийла билан сизларни ўз томонимга оғдириб олганмишман. 17Сизларнинг олдингизга юборган бирорта одам орқали сизлардан фойдаланиб олдимми? 18Мен Титусни сизнинг олдингизга боришга ундаган эдим. Ҳалиги бошқа биродар билан у сизларнинг олдингизга бориб#12:18 Ҳалиги бошқа биродар билан у сизларнинг олдингизга бориб… — 8:17-19 оятларга ва 8:18-19 изоҳига қаранг., сизлардан фойдаландими? У мен билан бир ниятда хизмат қилади, йўлимиз бир–ку!
19Юқорида айтиб ўтган гапларимизнинг ҳаммаси ўзимизни сизларнинг олдингизда ҳимоя қилиш учун ёзилган, деб ўйлаяпсизларми? Билиб қўйинг, биз бу гапларни Масиҳнинг қуллари сифатида Худонинг шоҳидлигида айтяпмиз. Азиз дўстлар, қилаётган ишларимизнинг ҳаммаси сизларни имонда қўллаб–қувватлаш учундир. 20Мен бир нарсадан қўрқиб турибман: сизларнинг олдингизга борганимда, нимани кўраркинман, сизлар мен ўйлаган одамлар бўлиб чиқмасангиз, мен ҳам сизлар ўйлаган одам бўлиб чиқмасам–а! Борганимда орангизда жанжалу ҳасадгўйлик, жаҳолат, рақобат, бўҳтон, ғийбат, манманлик ва тартибсизликни кўраман деган хавотирдаман. 21Борди–ю, яна ёнингизга борганимда, орангиздаги кўпчилик олдин қилган гуноҳларидан тавба қилмай, ифлослик, жинсий ахлоқсизлик ва фисқу фужурни давом эттираётган бўлса, Худойимнинг олдида уятга қолмай, сизлар учун мотам тутиб, йиғламайин.
Currently Selected:
2 Коринфликлар 12: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020