2 Коринфликлар 11
11
11–БОБ
Павлус ва сохта ҳаворийлар
1Қанийди, сизлар менинг озгина аҳмоқлик қилишимга чидасангиз! Иложингиз қанча? Ахир, қаранг, сизлар менга чидаб келяпсизлар–ку! 2Мен сизларни Худонинг рашки билан қизғаняпман, чунки гўё бир пок бокира қизни ягона эрга никоҳлагандай, сизларни Масиҳга тақдим этмоқчиман. 3Аммо Момо Ҳаво илоннинг ёлғон–яшиқларига ишониб, йўлдан озгани каби#11:3 …Момо Ҳаво илоннинг ёлғон–яшиқларига ишониб, йўлдан озгани каби… — Ибтидо 3:1-6, 13 га қаранг., сизларнинг ҳам ўй–хаёлларингиз бузилмасин. Мен сизлардан хавотирдаман, сизлар ўзингизни чин юракдан, самимийлик билан Масиҳга бағишлаганингизни унутиб қўясиз, деб қўрқаман. 4Ахир, биров келиб, биз ваъз қилган Исодан бошқа бир Исо ҳақида ваъз қилса ёки сизлар олган Руҳдан бошқа бир руҳ ҳақида ва сизлар қабул қилган Хушхабардан бошқа бир хушхабарни айтса, бундай одамларни хуш қаршилаб ўтирибсиз. 5Сизлар “олий ҳаворийлар” деб билган ўша устозларингиздан мен ҳеч бир нарсада қолишмайман, деб ўйлайман. 6Мен моҳир ваъзхон бўлмасам–да, илм–маърифатда ҳеч камчилигим йўқ. Буни сизларга ҳар жиҳатдан очиқ–ойдин кўрсатдим.
7Мен сизларни юксалтириш учун ўзимни паст олиб, Худонинг Хушхабарини сизларга текинга айтиб, гуноҳ қилдимми?! 8Сизларга хизмат қилиш учун бошқа жамоатлардан маблағ олдим. Бу билан худди улардан ўғирлагандай бўлдим. Орангизда бўлиб, муҳтожликда қолганимда ҳам бировга ортиқча юк бўлмадим, 9чунки Македониядан келган биродарлар#11:9 Македониядан келган биродарлар — Павлус Хушхабар ёйиш мақсадида қилган иккинчи сафари давомида Филиппи, Салоника ва Верия шаҳарларида жамоатларга асос солган эди (Ҳаворийлар 16:9-17:15 га қаранг). Бу шаҳарлар Македонияда бўлган. Македония вилояти Ахая вилоятидан шимолда жойлашган эди. Коринф шаҳри Ахая вилоятининг пойтахти эди. барча эҳтиёжларимни қондирдилар. Мен бирон нарсада сизларга оғирлигимни туширмасликка ҳаракат қилдим ва шундай қилишда давом этавераман. 10Қалбимда Масиҳнинг ҳақиқати борлигига шубҳа йўқ, шу боис Ахая ҳудуди бўйлаб ёйилаётган бу обрў–эътиборимни ҳеч ким тўка олмаслигига аминман. 11Нима учун сизлардан ёрдам сўрамадим? Бу сизларни ёмон кўришимдан дарак берадими? Мана, Худога аён, сизларни яхши кўраман.
Мен қилаётган ишимни давом эттиравераман. 12Ана шунда, бизнинг ишларимиз Павлуснинг хизмати билан баравар, деб мақтанаётганларнинг гапларига ҳеч бир асос бўлмайди. 13Ахир, улар ўзларини Масиҳнинг ҳаворийлари қилиб кўрсатаётган сохта ҳаворийлар ва ҳийлакор хизматчилар–ку! 14Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ, чунки ҳатто шайтон ҳам ўзини нурли фаришта қилиб кўрсатади. 15Шунинг учун шайтоннинг хизматкорлари ўзларини солиҳлик хизматчилари қилиб кўрсатар эканлар, бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Оқибатда улар қилмишларига яраша жазо оладилар.
Павлуснинг чеккан заҳматлари
16Яна айтаман, бирор киши мени аҳмоқ экан, деб айтмасин. Борди–ю, сизлар шундай деб ўйласангиз, унда аҳмоқларга қандай муносабатда бўлсангиз, менга ҳам шундай муносабатда бўлинглар, шунда мен ҳам озгина мақтаниб оламан. 17Мен баландпарвозлик билан гапириб, аҳмоқлардай мақтаняпман. Бу Раббимиз Исога муносиб эмас. 18Модомики, кўпчилик инсоний мавқеи билан мақтанаётган экан, майли, мен ҳам мақтанай. 19Ахир, сизлар шунчалик доносизки, ақлсизларга жон деб тоқат қиласизлар. 20Ҳақиқат шуки, бирортаси сизларни ўзига асир қилса ҳам, ҳақингизни еса ҳам, талон–тарож қилса ҳам, ўзини катта тутса ҳам, юзингизга тарсаки солса ҳам, уларнинг ҳаммасига тоқат қилиб келяпсиз.
21Биз сизларга ўшандай муомала қилмадик. Шунинг учун биз сизнинг назарингизда ожиз бўлиб кўрингандирмиз–да?! Бундан уялишимиз керакми?! Хўп, аҳмоқларча гапираётган эканман, одамлар нима билан мақтанишга журъат қилаётган бўлса, мен ҳам ўшалар билан мақтанишга журъат қиламан. 22Улар ибронийми? Мен ҳам ибронийман! Улар Исроил халқига тегишлими? Мен ҳам Исроил халқиданман! Улар Иброҳим наслиданми? Мен ҳам Иброҳим наслиданман! 23Улар Масиҳнинг хизматкорларими? Мен бефаросатлик қилиб айтяпманки, уларнинг ҳаммасидан устунман. Заҳмат десангиз, мен улардан кўпроқ заҳмат чекдим. Зиндон десангиз, улардан кўпроқ зиндонда ётдим. Зарба десангиз, мен ҳаддан ташқари кўп зарба едим, ҳатто кўп марта ўлимга рўбарў бўлдим. 24Яҳудийлардан беш марта бир кам қирқтадан#11:24 …бир кам қирқтадан… — қамчилаш жиноят учун бериладиган жазолардан бири эди. Таврот қонунига кўра, қирқ даррадан ортиқ қамчилаш мумкин эмас эди (Қонунлар 25:3 га қаранг). Шу сабабдан қирқ қамчидан ошиб кетмаслик учун 39 дарра урилган ва бу жазолаш энг оғир қамчилаш жазоси бўлган. калтак едим. 25Рим амалдорлари мени уч марта калтаклатдилар. Бир марта тошбўрон бўлдим#11:25 Бир марта тошбўрон бўлдим… — Ҳаворийлар 14:19-20 га қаранг., уч марта кемада ҳалокатга учрадим, бир кечаю кундузни денгиз бағрида ўтказдим. 26Кўп марта узоқ сафарларда бўлдим. Дарёларда таҳликада қолдим. Қароқчилар ҳужумидан ҳаётим таҳликада қолди. Ўз қондошлариму ғайрияҳудийлар туфайли таҳлика остида қолдим. Шаҳарда таҳлика, саҳрода таҳлика, денгизда таҳлика, сохта биродарлар орасида таҳлика! 27Мен анча меҳнат ва машаққат остида, кўп марта уйқусизликда, очлик ва ташналикда қолдим. Баъзан ейишга ноним, совуқда кийишга кийимим бўлмади.
28Яна булардан ва қолган бошқа нарсалардан ташқари, ҳар куни барча жамоатлар ҳақида қайғуриш ҳам менинг зиммамда. 29Айтинг–чи, заиф одам борми? Мен ундан ҳам заифман. Бирорта одам васвасага тушиб, йўлдан озганми? Мен васваса дастидан адо бўлдим–ку! 30Мақтаниш керак бўлса, ожизлигим билан мақтанаман. 31Раббимиз Исонинг Отаси — абадий ҳамду санога лойиқ Худо биладики, мен ёлғон гапирмаяпман. 32Дамашқда бўлганимда, шоҳ Харетасга#11:32 шоҳ Харетас — Ҳирод Антипаснинг қайнатаси. У милоддан олдинги 9 йилдан то милодий 40 йилгача қадимги Фаластиндан жануби–шарқдаги Набатея юртида ҳукмронлик қилган. Набатеянинг пойтахти Петра шаҳри эди. Ўша пайтларда Дамашқ шаҳри ҳам Харетас қўли остида эди. Исо Масиҳ Павлусга зоҳир бўлгандан кейин, Павлус Набатеяда бирмунча вақт ўтказган бўлиши мумкин (Галатияликлар 1:17 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг). Эҳтимол, Павлус у ерда Хушхабар айтган ва Харетас Павлус ҳақида эшитган. қарашли вилоят ҳокими мени тутиб олиш учун Дамашқ шаҳрини назорат остига олган эди. Аммо мени сават ичида шаҳар деворидаги деразадан туширишди#11:32 …мени сават ичида шаҳар деворидаги деразадан туширишди… — Ҳаворийлар 9:23-25 оятларга ва Ҳаворийлар 9:25 изоҳига қаранг. ва мен унинг қўлидан қочиб қутулдим.
Currently Selected:
2 Коринфликлар 11: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020