YouVersion Logo
Search Icon

1 Коринфликлар 15

15
15–БОБ
Исо Масиҳ ўликдан тирилгани ҳақида
1Биродарларим, мен ўзим сизларга етказган Хушхабарнинг моҳиятини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Сизлар бу Хушхабарни қабул қилдингиз, у имонингизнинг асосидир. 2Ўша Хушхабар орқали нажот топасиз, аммо сизлар мен айтган ўша Хушхабар орқали етишган имонингизда маҳкам туришингиз керак, акс ҳолда, имонингиз бекор бўлади.
3Менга берилган энг муҳим таълимотни сизларга етказдим. Бу таълимот қуйидагичадир: Муқаддас битикларга мувофиқ#15:3 Муқаддас битикларга мувофиқ — Луқо 24:25-27, 32, 44-48 га қаранг. Одатда Эски Аҳд китоблари тўпламига нисбатан Муқаддас битиклар ибораси ишлатилган., Масиҳ гуноҳларимиз учун ўлган. 4Кейин У дафн қилинди, учинчи куни эса тирилди. Буларнинг ҳаммаси Муқаддас битикларга мувофиқ содир бўлди. 5Аввал У Бутрусга#15:5 Бутрус — юнонча матнда Кифас, Бутруснинг орамийча исми (Юҳанно 1:42 га қаранг)., сўнгра ўн икки шогирдига кўринди. 6Ундан кейин бир вақтнинг ўзида беш юздан кўпроқ биродарларга кўринди. Уларнинг аксарияти ҳозирга қадар тирик, баъзилари эса дунёдан кўз юмиб кетганлар. 7Ундан сўнг Масиҳ Ёқубга#15:7 Ёқуб — Исонинг шогирди Ёқуб эмас, балки Қуддусдаги жамоатнинг етакчиси ва Исонинг укаси Ёқуб назарда тутилган (Марк 6:3, Ҳаворийлар 15:13, 21:18, Галатияликлар 1:18-19 га қаранг). ва қолган барча ҳаворийларга кўринди. 8Мен ривожланмай қолган бир ҳомиладай бўлсам–да, ниҳоят менга ҳам кўринди#15:8 Мен ривожланмай қолган бир ҳомиладай бўлсам–да, ниҳоят менга ҳам кўринди — Исо Масиҳ ер юзида фаолият олиб борганда, унинг ўн иккита танлаб олган шогирди бор эди. Улар ҳаворий деб ном олган. Аммо Павлус ўша дастлабки ҳаворийлардан бири эмас эди. У фавқулодда ҳаворийлар қаторига қўшилган. У жамоатни қувғин қилиб юрган пайтларда, кутилмаганда ва ғаройиб тарзда имонга келган. Ҳаворийлар 9:1-19 га қаранг..
9Ахир, мен ҳаворийларнинг энг арзимасиман, ҳаворий деб аталишга ҳам лойиқ эмасман, чунки мен Худонинг жамоатини қувғин қилардим. 10Аммо Худонинг инояти туфайли энди ҳаворийман. Унинг менга кўрсатган инояти зое кетмади, зеро, мен ҳаворийларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ меҳнат қилдим. Лекин аслида меҳнат қилган мен эмас, балки Худонинг иноятидир. 11Сизлар Хушхабарни мендан эшитдингизми ёки бошқаларданми, фарқи йўқ, чунки биз бир Хушхабарни ваъз қиламиз, сизлар эса ўша Хушхабарга ишонгансиз.
Ўликдан тирилиш ҳақида
12Масиҳ ўликдан тирилган, деб ваъз қилинаётган экан, қандай қилиб баъзиларингиз, ўликдан тирилиш деган нарса йўқ, деб айтяпсизлар?! 13Ахир, ўликдан тирилиш бўлмаса, Масиҳ ҳам тирилмаган экан–да! 14Масиҳ тирилмаган бўлса, Хушхабарни ваъз қилишимиз бекор, сизларнинг имонингиз ҳам бекор. 15Агар ростдан ҳам ўликлар тирилмаса ва Масиҳни Худо тирилтирмаган бўлса, бундай ҳолда, биз Худо ҳақида ёлғон шоҳидлик берган бўламиз, чунки биз: “Худо Масиҳни тирилтирди”, деб шаҳодат бериб юрибмиз. 16Ўликлар тирилмас экан, Масиҳ ҳам тирилмаган бўлади. 17Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, сизларнинг имонингиз беҳуда, сизлар ҳали ҳам гуноҳга ботганингизча юрибсизлар. 18Шундай бўлса, Масиҳга ишонган ҳолда ҳаётдан кўз юмганлар бутунлай ҳалок бўлиб кетибдилар–да! 19Агар биз ёлғиз бу ҳаёт учун Масиҳга умид боғлаган бўлсак, энг бахтсиз инсонлар эканмиз.
20Ваҳоланки, Масиҳ ҳақиқатан ҳам тирилди! У биринчи бўлиб тирилди, шу тариқа ўликдан тириладиганларнинг орасида ҳосилнинг илк самарасидай бўлди. 21Ўлим бир инсон орқали дунёга кирди. Шунга ўхшаб, ўликларнинг тирилиши ҳам бир Инсон орқали содир бўлади. 22Ахир, бу дунёга ўлим Одам Ато туфайли кириб келди, энди Исо Масиҳ орқали ҳамма тирилади. 23Ҳамма нарса ўз навбати билан содир бўлади: мана, Масиҳ биринчи бўлиб тирилди, Масиҳ келганда эса Унга тегишли бўлганлар тирилади. 24Шундан сўнг Масиҳ ҳар қандай ҳокимиятни, ҳукмронлик ва қудратни барбод қилиб, салтанатни самовий Ота — Худога топширганда охират бўлади.
25Масиҳнинг ҳамма душманлари Унинг оёқлари остига пойандоз қилинмагунча, У ҳукмронлик қилиши керак. 26Шунда охирги душман — ўлим ҳам барҳам топади. 27Ахир, Муқаддас битикларга кўра, Худо ҳамма нарсани Масиҳга тобе қилиб, Унинг оёқлари остига ташлаган#15:27 …Худо…Унинг оёқлари остига ташлаган — Забур 8:7 га қаранг.. Гарчи шундай бўлса–да, борлиқни Унга тобе қилган Худо бундан истиснодир. 28Худо ҳамма нарсани Масиҳга тобе қилгандан кейин, Ўғил ҳам Худога тобе бўлади, токи Худо борлиқ устидан бутунлай ҳукмрон бўлсин.
29Баъзиларингиз ўлганлар учун сувга чўмдирилаётган экансиз#15:29 Баъзиларингиз ўлганлар учун сувга чўмдирилаётган экансиз — бу удум ҳақида ҳеч қандай маълумот сақланиб қолмаган, Янги Аҳдда ҳам ҳеч нарса ёзилмаган. Коринфдаги баъзи имонлилар сувга чўмдирилишдан олдин оламдан ўтган бўлишлари мумкин (11:30 га қаранг). Балки жамоатдагилар, ўша марҳум имонлиларнинг ўликдан тирилишига кафолат берайлик деб, ўлганларнинг ўрнига сувга чўмдирилгандир. Сабаб нима бўлишидан қатъи назар, Павлус бу удумни маъқулламаса ҳам, бу ҳақда гапириб ўтган, чунки унинг мақсади масиҳийларнинг ўликдан тирилишига урғу бериш эди.. Ўликлар тирилмас экан, уларнинг ўрнига чўмдирилишнинг қандай фойдаси бор? 30Хўш, нима учун бизлар ҳар дақиқа ўз ҳаётимизни хавф–хатар остига қўйяпмиз? 31Ҳар куни ўлимга рўбарў бўлаётганим рост! Биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ сизларнинг ҳаётингизда қилаётган ишларидан фахрланаётганим чин бўлганидай, айтаётган гапларимда ҳам бирор ёлғон йўқ. 32Агар фақатгина бу дунёга умид боғлаган бўлсам, нима учун Эфес шаҳрида ҳаётимни хавф остига қўйдим?!#15:32 …нима учун Эфес шаҳрида ҳаётимни хавф остига қўйдим?! — бу гап Ҳаворийлар 19:23-40 да тасвирланган воқеаларга ёки Павлус мактубни ёзган вақтга яқинроқ бўлган пайтда, Эфесда бўлган воқеаларга ишора қилиши мумкин (16:8-9 га қаранг). Агар ўликлар тирилмас экан, унда “келинглар, еб–ичиб қолайлик, эрта–индин ўлиб кетамиз–ку”#15:32 Ишаё 22:13 га қаранг. дейиш ўринли бўлмайдими?! 33Лекин адашманглар, ахир, “ёмон улфатлар яхши ахлоқни бузади”, дейишади–ку! 34Кўзларингизни очиб, ўзингизга келинглар! Бас энди, гуноҳ қилаверманглар. Кўриниб турибдики, баъзиларингиз Худони билмайсизлар. Сизларни уялтирай деб, буларни айтяпман.
Тирилган тананинг хусусиятлари
35Эҳтимол, бирор киши: “Ўликлар қандай қилиб тириларкан? Уларнинг таналари қанақа бўларкан?” деб сўрар. 36Қандай аҳмоқона савол–а бу! Ахир, экилган уруғ ўлмаса, ўсимлик ўсиб чиқмайди–ку! 37Буғдой бўладими ёки бошқа бирор нарсами, экин экканингда, ўсиб чиқадиган ўсимликни эмас, унинг уруғини экасан–ку! 38Худо уруққа Ўзи истаган бир жисмни бағишлайди, ҳар бир уруғдан алоҳида бир жисмни ҳосил қилади.
39Кўриб турибмизки, жонзотларнинг ҳам таналари ҳар хил, инсонларники бошқача, ҳайвонларники бошқача, қушларники бошқача, балиқларники бошқача. 40Самовий ва дунёвий жисмлар ҳам бор. Лекин самовий жисмларнинг кўрки бошқа, дунёвийларники бошқа. 41Қуёшнинг кўрки бошқа, ойнинг кўрки бошқа ҳамда юлдузларнинг кўрки бошқа. Ахир, юлдузлар ҳам ўз кўркига яраша бир–биридан фарқ қилади.
42Ўликларнинг тирилиш жараёни ҳам қуйидагига ўхшайди: экилган уруғдан ўсимлик ўсиб чиққандай, ўладиган танамиз ўлмайдиган бўлиб тирилади. 43Ҳозирги ожиз ва хор бўлган танамиз, қудрату улуғворликка тўла равишда тирилади. 44Ҳозирги танамиз моддий бир жисм бўлса, тириладиган танамиз руҳий бир тана бўлади. Ахир, моддий тана бор экан, руҳий тана ҳам бор–да! 45Муқаддас битикларда ёзилгани бўйича: “Биринчи одам — Одам Ато тирик жон бўлди.”#15:45 Ибтидо 2:7 га қаранг. Охирги Одам Ато, яъни Исо Масиҳ эса ҳаётбахш руҳ бўлди.
46Мана шундан кўриниб турибдики, руҳий тана эмас, моддий тана биринчи келган. Моддий тана ўтиб кетгандан кейингина, руҳий тана келади. 47Биринчи одамнинг танаси моддий жисмдир, у тупроқдан яратилган, иккинчи Одам, яъни Масиҳ эса самовийдир. 48Тупроқдан яратилган илк одам қандай бўлса, қолган ҳамма одамлар ҳам шундайдир. Самовий Одам, яъни Масиҳ қандай бўлса, самодагилар ҳам худди Унга ўхшайдилар. 49Биз тупроқдан яратилган одамга ўхшар эканмиз, бир кун келиб, самовий Одамга ҳам ўхшаган бўламиз.
50Эй биродарлар! Сизларга қуйидагиларни айтмоқчиман: қон ва этдан иборат бўлган таналаримиз Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўла олмайди. Бу фоний тана мангу ҳаётга эга бўла олмайди. 51Мен сизларга бир сирни билдирмоқчиман: биз ҳаммамиз ҳам ўлмаймиз, аммо ҳаммамиз ўзгарамиз. 52Тўсатдан, кўз очиб юмгунча, охирзамон карнайи чалинганда ўзгарамиз. Ҳа, карнай чалинади ва шу онда марҳумлар ҳеч ўлмайдиган бўлиб тириладилар. Шунда биз ҳам ўзгарамиз. 53Чунки бизнинг ўладиган танамиз ўлмайдиган танага, фоний танамиз мангу танага айланиши керак. 54Ўладиган танамиз ўлмайдиган танага, бу фоний танамиз мангу танага айланганда, Муқаддас битикларда ёзилган қуйидаги сўзлар амалга ошади:
“Ўлим енгилиб, йўқ бўлди.
55Эй ўлим, сенинг зафаринг қаерда?!
Эй ўлим, сенинг нишинг қаерда?!”#15:54-55 Ишаё 25:8, Хўшея 13:14 га қаранг.
56Ўлимнинг ниши гуноҳдир. Гуноҳнинг қуввати эса қонундан келиб чиқди. 57Худога шукурлар бўлсин! У Раббимиз Исо Масиҳ орқали бизга ғалаба ато қилган.
58Шунинг учун, эй азиз биродарларим, ҳеч иккиланмай, имонингизда маҳкам туринглар. Ҳамиша Раббимиз Исога хизмат қилишга бағишланиб, янада ғайратли бўлинглар. Ахир, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз самарасиз қолмаслигини биласизлар–ку!

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in

YouVersion uses cookies to personalize your experience. By using our website, you accept our use of cookies as described in our Privacy Policy