YouVersion Logo
Search Icon

1 Коринфликлар 14

14
14–БОБ
Муқаддас Руҳ ато қиладиган инъомлардан фойдаланиш
1Севгининг пайида бўлинглар, шунингдек, Муқаддас Руҳ берадиган инъомларни олишга, айниқса инсонларга Худонинг сўзини етказишга интилинглар. 2Ким номаълум тилда гапирса, инсонларга эмас, Худога гапиради, чунки уни ҳеч ким тушунмайди. У Руҳдан илҳомланиб, сирларни гапиради. 3Худонинг сўзини етказадиганлар эса одамларни имонда маҳкам туришга ундайдилар, уларга далда берадилар, юпатадилар. 4Одам номаълум тилда гапирганда, фақатгина ўзининг имонини мустаҳкамлайди. Худонинг сўзини одамларга етказадиган инсон эса бутун жамоатнинг имонини мустаҳкамлайди. 5Ҳаммангиз ҳам номаълум тилларда гапиришингизни истайман, лекин бошқаларга Худонинг сўзини етказадиган инсон бўлишингизни ундан ҳам кўпроқ хоҳлайман. Чунки Худонинг сўзини айтиш одамларга кўпроқ фойда келтиради, лекин номаълум тилда гапирганнинг сўзлари талқин қилинса, бу ҳам жамоатнинг имонини мустаҳкамлайди.
6Хўш, биродарларим, мен сизларнинг олдингизга келиб, номаълум тилда гапирсам–да, лекин айтганларим сизларга ҳеч қандай тушунча, билим бермаса, Худонинг сўзини етказмаса ва йўл–йўриқ кўрсатмаса, мен сизларга қандай фойда келтирган бўламан? 7Ҳатто жонсиз чолғу асбоблари ҳам, масалан, най ёки чанг, фарқли бир садо чиқармаса, най ёки чангда қандай мусиқа чалинаётганини одам қаердан билади? 8Агар бурғу ноаниқ бир садо берса, ким жангга тайёргарлик кўришни бошлайди? 9Шунга ўхшаб, агар сизларнинг гапингиз тушунарсиз бўлса, тингловчиларингиз нима гапирганингизни қандай билиб оладилар? Сизлар ҳавога гапиргандай бўласизлар.
10Дунёда тиллар кўп ва хилма–хилдир, улардан бирортаси ҳам маъносиз эмас. 11Агар мен бирор тилни тушунмасам, у тилда гапираётган одам учун мен ажнабийман, у ҳам мен учун ажнабийдир. 12Модомики, сизлар Руҳ берадиган инъомларга эга бўлишга интилаётган экансизлар, бутун жамоатнинг имонини мустаҳкамлайдиган инъомга бой бўлиш пайида бўлинглар. 13Шунинг учун номаълум тилда гапирган одам ўзининг айтганларини талқин қилиш қобилиятини олиш учун ҳам ибодат қилсин. 14Агар мен номаълум тилда ибодат қилсам, руҳим ибодат қилади, онгим эса бунда иштирок этмайди. 15Хўп, бундан қандай хулоса чиқараман? Руҳим билан ибодат қиламан, онгим билан ҳам ибодат қиламан. Руҳим билан ҳамду сано айтаман, онгим билан ҳам ҳамду сано айтаман. 16Акс ҳолда, агар сен руҳинг билан номаълум тилда ҳамду сано айтсанг, атрофдагилар қандай қилиб сенинг шукрона ибодатингга қўшилиб “омин” деб айта олади? Улар сенинг айтаётганларингни тушунмайди–ку! 17Шу тарзда шукрона айтганинг яхши, лекин бу атрофдагиларнинг имонини мустаҳкамламайди–ку! 18Худога шукурки, номаълум тилларда мен ҳаммангиздан ҳам кўпроқ гапираман. 19Имонлилар жамоатида эса номаълум тилда минглаб сўзларни гапиргандан кўра, бошқаларга насиҳат қилиш учун тушунарли бештагина сўз айтишни афзал биламан.
20Эй биродарларим, ёш болалардай фикр қилманглар. Аксинча, ёмонликка келганда чақалоқдек бўлиб, ақл–идрокка келганда эса етук инсонлар бўлинглар. 21Муқаддас битикларда#14:21 Муқаддас битикларда… — юнонча матнда Қонунда… (шу бобнинг 34–оятида ҳам бор). Баъзан Эски Аҳд китоблари тўпламига нисбатан қонун сўзи ишлатилган. қуйидагидай ёзилган:
“Эгамиз шундай демоқда:
«Мен бу халққа ўзга тилларда,
Бегона халқларнинг оғзи орқали гапираман,
Аммо шунда ҳам улар Менга қулоқ солмайдилар.»”#14:21 Ишаё 28:11-12 га қаранг.
22Демак, номаълум тиллар имонлилар учун эмас, балки имонсизлар учун аломатдир. Худонинг сўзини етказиш инъоми эса имонсизлар учун эмас, имонлилар учун аломатдир. 23Агар имонлилар жамоати бир жойда йиғилиб, ҳаммаси номаълум тилларда гапираётган бўлишса, у ерда бундан бехабар бўлганлар, яъни имонсизлар бўлса, улар: “Булар жинни бўлиб қолибди”, деб айтмайдими?! 24Аммо ҳамма Худонинг сўзини тушунарли равишда бошқаларга етказиб бераётган бўлса, у ердаги имонсиз одам уларнинг айтганларини эшитади. Шундан кейин юрагини текшириб кўради–да, гуноҳкор эканлигига амин бўлади. 25Унинг юрагидаги сирлари фош бўлади. Шунда у мук тушиб: “Чиндан ҳам Худо сизлар билан экан”, дейди–да, Худога сажда қилади.
Жамоат йиғилишларидаги тартиб–қоида
26Энди, биродарлар, бундан қандай хулоса чиқарамиз? Бирга йиғилганингизда, баъзилар сано айтади, баъзилар таълим беради, баъзилар Худонинг сўзини бошқаларга етказади, баъзилар номаълум тилларда гапиради, яна баъзилар эса уларнинг айтганларини талқин қилади. Буларнинг ҳаммасини имонлилар жамоатининг имонини мустаҳкамлаш ниятида қилсинлар. 27Агар баъзилар номаълум тилларда гапирмоқчи бўлса, икки киши, энг кўпи билан уч киши навбат билан гапирсин, уларнинг айтганлари талқин қилинсин. 28Агар таъбир қилувчи бўлмаса, номаълум тилда гапираётган одам жамоатда сукут сақлаб, ўзига ва Худога гапирсин.
29Шунингдек, икки ёки учта одам бошқаларга Худонинг сўзини етказсин, қолганлар эса айтилганларга баҳо берсинлар. 30Ўтирганлардан бирига Худонинг сўзи келса, ўша пайтда гапираётган одам жим бўлсин. 31Шунда ҳамма бирин–кетин Худонинг сўзини бошқаларга етказа олади, токи ҳамма таълим ва далда олсин. 32Худонинг хабарини етказаётганда инсон ўз руҳини бошқара олади. 33Ахир, Худо тартибсизлик Худоси эмас, балки тинчлик Худосидир. Барча жамоатларда, Худонинг азиз халқи орасида бу намоён бўлиб турибди.
34Жамоатда аёллар сукут сақласин. Ахир, уларга гапириш учун ижозат берилмаган, Муқаддас битикларда ёзилганидай, улар итоаткор бўлишлари керак. 35Агар улар бирор нарсани билмоқчи бўлсалар, уйда ўз эрларидан сўрасинлар. Имонлилар жамоатида аёл кишининг гапириши адабсизликдир.
36Эй Коринфлик биродарлар, Худонинг сўзи сиздан келиб чиққанми?! Наҳотки у фақатгина сизларга етиб борган бўлса?! 37Агар бирор киши: “Менда Худонинг сўзини етказиш инъоми бор” ёки “Руҳдан махсус бир инъом олганман”, деб ўйласа, менинг ёзганларим Раббимиз Исонинг амри эканлигини эътироф этсин. 38Аммо улар буни тан олмасалар, уларга эътибор берманглар.
39Шундай экан, биродарларим, бошқаларга Худонинг сўзини етказишга интилинглар, бошқаларнинг номаълум тилларда гапиришига тўсқинлик қилманглар. 40Фақат ҳаммаси одоб ва тартиб билан қилинсин.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in

YouVersion uses cookies to personalize your experience. By using our website, you accept our use of cookies as described in our Privacy Policy