YouVersion Logo
Search Icon

Зафаниё 3

3
3–БОБ
Қуддуснинг гуноҳи ва итоатсизлиги
1Булғанган, бузуқ шаҳарнинг ҳолига вой!
Золимларга тўлиб кетган шаҳарнинг ҳолига вой!
2У ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмайди,
Ўзига ҳеч қандай сабоқ олмайди.
Ўз Худоси томон юз бурмайди,
Умидини Эгамизга боғламайди.
3Шаҳар аъёнлари ўкираётган шерларга ўхшайди.
Ҳакамлари ҳам кечаси оч қолган бўриларга ўхшаб,
Эрталабгача ўлжасидан ҳеч нарса қолдирмайди.
4Пайғамбарлари катта кетади,
Ҳаммаси қаллоблик қилади.
Руҳонийлари Худонинг уйини ҳаром қилади,
Худонинг қонунини бузади.
5Аммо Эгамиз ҳамон шаҳардадир.
У доимо тўғри иш қилади,
У ноҳақлик қилмайди асло!
У ҳар куни эрталабдан адолат ўрнатади,
Тонг саҳардан одиллик билан иш тутади,
Фосиқлар эса уялмай ёмонлик қилаверади.
6Эгамиз шундай дейди:
“Мен халқларни қириб ташладим,
Уларнинг шаҳарларини вайрон қилдим,
Қалъаларини қулатдим.
Ана, кўчалари ҳувиллаб қолди,
Шаҳарларида инсон зоти қолмади.
7Энди халқим Мендан қўрқар,
Бундан ўзига сабоқ олар, деб ўйлаган эдим.
Қуддусни вайрон қилмайман,
Айтганларимни бошига солмайман, деган эдим.
Аммо улар шунда ҳам,
Қабиҳликлар қилиш иштиёқидан воз кечмадилар.”
Халқлар Эгамизга юз буради
8Эгамиз шундай демоқда:
“Менинг келишимни кутинглар,
Мен халқларга ҳамла қилиб,
Уларни талон–тарож қиладиган кунни кутинглар.
Мен қарор қилдим: халқларни йиғаман,
Барча элларни тўплаб оламан.
Уларнинг устига ғазабимни сочаман,
Алангали қаҳримни уларга ёғдираман.
Рашким ўти бутун дунёни куйдириб ташлайди.
9Кейин Мен барча халқларнинг нутқини ўзгартираман,
Шунда улар бутларга илтижо қилишмайди#3:9 …улар бутларга илтижо қилишмайди… — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси …уларнинг лаблари пок бўлади…. Мазкур жумла халқлар бутларга ибодат қилмасликларига ва топинмасликларига ишора қилади.,
Фақат Мен, Эгангизгагина ибодат қилишади.
Биргаликда Менга хизмат этишади.
10Олис юртлардан ихлосмандларим келишади,
Ҳабашистондаги#3:10 Ҳабашистон — ибронийча матнда Куш. Бу жой Мисрдан жанубда бўлиб, ҳозирги Судан ва Эфиопия мамлакатларининг бир қисмини ўз ичига олган эди. Мазкур оятда Қуддусдан узоқда бўлган жойлар назарда тутилган бўлиши мумкин. дарёларнинг нариги томонидан,
Менга назрлар олиб келишади.
11Эй халқим, ўша куни сизлар уялиб қолмайсизлар,
Олдинлари Менга бўйсунмаганингиздан ўшанда хижолат тортмайсизлар.
Ахир, Мен орангиздаги такаббур одамларни йўқ қиламан.
Шунда муқаддас тоғимда#3:11 муқаддас тоғим — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. Қуддусдаги Маъбад қурилган тепалик Сион тоғи деб аталган. Эски Аҳддаги шеърий парчаларда ва пайғамбарлар битикларида Сион сўзи кўпинча Қуддус шаҳрига ёки Худонинг халқига нисбатан ишлатилган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги СИОН сўзига қаранг. ўзларингизни катта тутмайдиган бўласизлар.
12Мен фақат камтарин ва итоаткор одамларни қолдираман.
Улар Мен, Эгангиздан паноҳ топадилар.
13Исроил#3:13 Исроил — бир пайтлар Исроил номи шимолий шоҳликка нисбатан ишлатилган (тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ИСРОИЛ сўзига қаранг). Зафаниё даврига келиб, ўша шоҳлик йўқ бўлиб кетган эди. Шу сабабдан мазкур оятдаги бу ном Худонинг жамики халқига ишора қилади (шу бобнинг 14, 15–оятларида ҳам бор). халқининг омон қолганлари
Ҳеч ёмонлик қилмайдилар.
Улар ҳеч кимни алдамайдилар,
Оғизларидан ёлғон сўз чиқмайди.
Улар яйловда ўтлаб юрган қўйлардай ором оладилар,
Ҳеч ким уларни безовта қилмайди.”
Севинч қўшиғи
14Эй Исроил халқи, севинч ила ҳайқиринг!
Эй Қуддус аҳолиси, куйланг!
Эй Сион#3:14 Сион — шу бобнинг 11–ояти изоҳига қаранг. аҳли, бутун қалбингиздан шодланинг!
15Эгамиз сизларни жазолаб бўлди,
Душманларингизни У қувиб юборди.
Исроилнинг Шоҳи — Эгамиз орангиздадир.
Сиз энди кулфатдан қўрқманг.
16Ўша куни Қуддусга шундай сўзлар айтилади:
“Эй Сион аҳолиси, қўрқманг! Асло бўшашманг!
17Эгангиз Худо сизнинг орангиздадир,
Сизга зафар келтирувчи жангчи Ўшадир.
У сизни деб хурсанд бўлиб севинади.
Ўз севгиси ила қўрқувларингиздан халос қилади#3:17 Ўз севгиси ила қўрқувларингиздан халос қилади — ёки Сизга бўлган севгиси туфайли У сукут сақлайди..
Ҳа, сизни деб шод бўлиб куйлайди.”
18Эгамиз шундай дейди:
“Эй сургун бўлганлар,
Тайинланган байрамларда
Сизлар қатнаша олмаганингиздан хафасизлар,
Мен сизларни ўз юртингизга олиб келаман,
Бундан буён хор бўлишингизга йўл қўймайман.
19Сизларга зулм ўтказган халқлар билан
Ўшанда Ўзим ҳисоб–китоб қиламан.
Мен чўлоқларни қутқараман,
Ҳайдаб юборилганларни йиғиб оламан.
Улар шарманда бўлган ҳар бир юртда
Обрў ва шуҳрат топадилар.
20Ҳа, ўша вақтда сизларни йиғиб оламан,
Уйларингизга элтиб қўяман.
Сизларни яна фаровонликка эриштираман,
Буни ўз кўзингиз билан кўрасиз,
Халқларнинг ҳурмату мақтовларига сазовор бўласиз.”
Эгамизнинг каломи шудир.

Currently Selected:

Зафаниё 3: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in