Закариё 11
11
11–БОБ
Босқинчиларнинг қулаши
1Эй Лубнон, оч дарвозаларингни!
Садр дарахтларингни#11:1 Садр дарахтлари — Лубнон тоғлари ўзининг катта садр дарахтлари ва гўзал табиати билан машҳур эди (Қонунлар 3:25, Забур 103:16-17 га қаранг). олов ёндириб ташласин.
2Эй сарв дарахти, дод солиб йиғлагин,
Ахир, садр дарахтлари қулади.
Ўша улуғвор дарахтлар вайрон бўлди.
Эй Башандаги#11:2 Башан — Жалила кўлининг шимоли–шарқида жойлашган бўлиб, ўзининг ям–яшил яйловлари, гуллари ва дарахтлари билан машҳур эди. эманлар, дод солиб йиғланг,
Қалин–қалин ўрмонларнинг дарахтлари
Кесиб ташланди, ахир.
3Ана, эшитинг! Чўпонларнинг йиғисин,
Кўм–кўк яйловлар нобуд бўлди, ахир.
Қулоқ солинг шерларнинг ўкиришига,
Иордан бутазорлари нобуд бўлди, ахир.
Икки хил чўпон
4Эгам Худо менга шундай деди:
— Бўғизланишга олиб кетилаётган қўй сурувига чўпонлик қилгин. 5Қўйларни сотиб олганлар уларни ўлдириб, жазосиз юрибдилар. Қўйларни сотганлар эса: “Худога шукур! Биз боймиз”, дейдилар. Қўйларга ҳатто ўз чўпонларининг ҳам раҳми келмайди. 6Мен, Эгангиз, шундай айтмоқдаман: “Энди бу юртдаги одамларга раҳм қилмайман. Мен уларни бир–бирининг қўлига ва ҳукмдорларининг қўлига топшираман. Ҳукмдорлари юртни вайрон қилади. Мен эса ҳеч кимни бу ҳукмдорларнинг қўлидан қутқармайман.”
7Шундай қилиб, қўй савдогарлари мени бўғизланадиган қўй сурувига чўпон#11:7 чўпон — шу бобнинг 7-14–оятларига кўра, Закариё чўпонлик вазифасини ўз зиммасига олар экан, бу ҳаракат орқали Худонинг Ўз халқини етаклашини ва уларга ғамхўрлик қилишини мажозий маънода ифодалайди. қилиб ёлладилар#11:7 …қўй савдогарлари мени бўғизланадиган қўй сурувига чўпон қилиб ёлладилар — қадимий юнонча таржимадан. Ибронийча матнда …мен бўғизланадиган, қаттиқ зулм кўрган қўй сурувига чўпон бўлдим. Яна шу бобнинг 11–оятига ва ўша оятнинг изоҳига қаранг.. Мен иккита таёқ олдим. Улардан бирини “Илтифот”, иккинчисини эса “Аҳиллик” деб атаб, қўйларни боқдим. 8Бир ой ичида уларнинг учта чўпонини ҳайдаб юбордим. Қўй савдогарларига бўлган сабр–тоқатим ҳам тугади, улар ҳам мени ёмон кўриб қолдилар. 9Шундан кейин мен қўй савдогарларига:
— Энди сизларнинг қўйларингизни боқмайман, — дедим. — Ўладигани ўлсин, ҳалок бўладигани ҳалок бўлсин, қолганлари эса бир–бирининг гўштини есин.
10Мен “Илтифот” номли таёғимни олдим–да, уни синдириб ташладим. Шу орқали Эгамизнинг Ўз халқи#11:10 Ўз халқи — ибронийча матнда ҳамма халқлар. Бу ўринда Исроил халқининг ҳамма қабилаларига, яъни Худонинг халқига шеърий усулда ишора қилинган бўлиши мумкин. Худо ҳамма халқлар билан аҳд тузгани ҳақида Эски Аҳднинг бирон жойида айтилмаган. билан қилган аҳдини бекор қилдим. 11Шундай қилиб, ўша куни бу аҳд бекор бўлди. Мени кузатиб турган қўй савдогарлари#11:11 Мени кузатиб турган қўй савдогарлари… — қадимий юнонча таржимадан. Ибронийча матнда Мени кузатиб турган, қаттиқ зулм кўрган сурув…. бу иш Эгамизнинг сўзи эканлигини тушундилар. 12Кейин мен уларга шундай дедим:
— Агар сизлар иш ҳақимни беришни лозим кўрсангиз, беринглар, бўлмаса, бермай қўяверинглар.
Шунда улар менга бор–йўғи ўттиз кумуш танга#11:12 ўттиз кумуш танга — ибронийча матнда ўттиз бўлак кумуш, тахминан 330 граммга тўғри келади. Қулнинг нархи ўттиз кумуш танга бўлгани боис (Чиқиш 21:32 га қаранг), Закариё пайғамбарга тўланган бу нарх унинг ўзига ҳам, Худога ҳам қаттиқ ҳақорат эди. бердилар. 13Шундан кейин Эгамиз менга:
— Бу кумушни кулолга бергин, — деди.
Мени баҳолаб берилган бу арзимас кумуш тангаларни олиб, Эгамиз уйидаги кулолга#11:13 …кулолга…кулолга… — ибронийча матндан. Қадимий сурёнийча таржимада …хазинага…хазинага…, Маъбад хазинасига ишора. Эритилишдан олдин баъзи қимматбаҳо металлар лой идишларда сақланган. Баъзан металлга ишлов берувчи уста эритилган металлни лой идишларга қуйиб, кейинчалик ишлатиш учун сақлаб қўярди. Мана шу сабабларга кўра, кўп олимлар бу ўринда ишлатилган кулол сўзи металлни эритиб, унга ишлов берадиган одамга ишора қилади, деб айтадилар. бердим. 14Кейин “Аҳиллик” деб аталган иккинчи таёғимни синдирдим. Шундай қилиб, Яҳудо ва Исроил#11:14 Яҳудо ва Исроил — бир пайтлар Яҳудо номи жанубий шоҳликка, Исроил эса шимолий шоҳликка нисбатан ишлатилган (тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ЯҲУДО ва ИСРОИЛ сўзларига қаранг). Закариё даврига келиб, ўша шоҳликлар йўқ бўлиб кетган эди. Шу сабабдан мазкур оятдаги бу номлар Худонинг жамики халқига ишора қилади. орасидаги биродарликни бекор қилдим.
15Шундан кейин Эгамиз менга айтди: “Бор, яна бир марта чўпонлик қилгин. Аммо бу сафар фойдасиз чўпондай бўлгин. 16Ҳа, Мен бу юртга шундай бир чўпон бераманки, у ҳалок бўлаётганларга қарамайди. Йўқолганларни изламайди, ярадорларга шифо бермайди, соғ бўлганларни озиқлантирмайди. Аксинча, семиз қўйларни сўйиб ейди, туёқларини ҳам кесиб ташлайди.
17Эй сурувни тарк этадиган қадрсиз чўпоним,
Ҳолингга вой!
Қилич сенинг қўлингни чопиб,
Ўнг кўзингни ўйиб ташласин!
Сенинг қўлинг бутунлай қуриб қолсин,
Ўнг кўзинг кўр бўлсин!”
Currently Selected:
Закариё 11: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020