YouVersion Logo
Search Icon

Римликлар 7

7
7–БОБ
Никоҳ қонунидан мисол
1Эй биродарлар, ахир, сизлар биласизлар–ку, (мен қонунни биладиганларга айтяпман), қонун фақат тирик инсоннинг устидан ҳукмронлик қилади. 2Масалан, эрли хотиннинг эри тирик экан, қонун бўйича у эрига боғлиқ. Аммо эри ўлса, у никоҳдан озод бўлади. 3Шунинг учун ҳали эри тирик бўлган хотин бошқа эрга тегса, у зинокор деб ҳисобланади. Аммо эри ўлса, хотин ўша қонундан озод бўлади ва бошқа эрга тегса ҳам, зино қилган ҳисобланмайди.
4Шунга ўхшаб, сизлар ҳам, эй биродарларим, Масиҳнинг ўлими орқали қонун учун ўлгансизлар. Энди қонундан озодсизлар, ўзингизни Бошқасига, яъни ўликдан тирилган Масиҳга бағишлай оласизлар. Бунинг натижасида эса биз Худонинг йўлида самарали ишлар қила оламиз. 5Зеро, биз башарий табиатимиз амри билан яшаган пайтимизда, қонун бизнинг аъзойи баданимизда гуноҳкор эҳтиросларни қўзғатарди. Уларнинг самараси эса ўлимдир. 6Энди эса бизни асир қилган қонун учун ўлдик ва ундан озод бўлдик. Шундай қилиб, биз эскичасига, яъни ёзилган қонун етакчилигида эмас, балки янгичасига#7:6 …эскичаси…янгичаси… — Худо Мусо орқали берган аҳдга (Чиқиш 19:1-8, 24:1-8 га қаранг) ва янги аҳдга ишора (Еремиё 31:31-34, 32:39-40, Ҳизқиёл 11:19-20, 36:26-27 га қаранг). Эски аҳдга мувофиқ, инсон Мусонинг қонунига итоат қилиб яшайди. Янги аҳдга мувофиқ эса инсон Муқаддас Руҳнинг амри билан яшайди. Яна 2:17-29 га ва 2 Коринфликлар 3:3-18 га қаранг., яъни Муқаддас Руҳ етакчилигида Худога хизмат қиламиз.
Қонун ва гуноҳ
7Хўш, унда нима деймиз? Қонун гуноҳнинг манбаими? Йўқ, асло! Аммо қонун бўлмаганда эди, мен гуноҳ нима эканлигини билмаган бўлар эдим. Масалан, қонун “бошқаларнинг мулкига кўз олайтирма”#7:7 Чиқиш 20:17 га қаранг. деб буюрмаганда эди, мен бунинг гуноҳ эканлигини билмаган бўлардим. 8Аммо гуноҳ бу амрдан фойдаланиб, менинг юрагимда ҳар хил нафсу ҳасадни қўзғатди. Қонун бўлмаган жойда гуноҳ ўликдир.
9Бир вақтлар мен қонунни билмай яшардим. Аммо амр бор эканлигини билганимдан кейин, гуноҳ тирилди, 10мен эса ўлдим. Амр ҳаёт келтириши керак эди, аммо менинг ўлимимга сабабчи бўлди. 11Чунки гуноҳ амрдан фойдаланиб, мени алдади ва амр орқали мени ўлдирди. 12Аммо қонун барибир муқаддасдир, унинг ҳар бир амри муқаддас, одил ва яхшидир.
13Хўш, яхши бўлган қонун менга ўлим келтирдими? Мутлақо! Гуноҳ менга ўлим келтириш учун яхши нарсадан фойдаланди. Гуноҳнинг гуноҳ эканлиги очиқ кўриниши учун шундай бўлди. Шундай қилиб, амр орқали гуноҳнинг нақадар ёмон эканлиги ошкор бўлди.
Гуноҳга қарши кураш
14Қонунни Худо берган. Мен эса гуноҳга қул қилиб сотилган ожиз бандаман. 15Ахир, ўзим қилаётган ишларни ўзим тушунмайман, чунки қилишни хоҳлаганларимни қилмайман, аксинча, нимани ёмон кўрсам, шуни қиламан. 16Ўзим хоҳламаган ишларни қилаётган эканман, бу билан қонуннинг яхши эканлигини маъқуллаётган бўламан. 17Демак, бу ишларни мен ўзим эмас, балки юрагимдаги гуноҳ қилаётган бўлади.
18Менда, яъни башарий табиатимда ҳеч қандай яхши жиҳат йўқлигини аниқ биламан. Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлса–да, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди. 19Ўзим қилишни хоҳлаган яхшиликни қилмайман–да, унинг ўрнига ўзим қилишни хоҳламаган ёмонликни қиламан. 20Ўзим хоҳламаган ишни қилаётган эканман, демак, бу ишни мен эмас, балки юрагимдаги гуноҳ қиляпти.
21Мен бундан ушбу хулосани чиқараман: яхшилик қилмоқчи бўлганимда, қалбимда ҳамиша ёмонлик пойлаб туради. 22Бутун қалбим билан Худонинг қонунидан завқ оламан. 23Аммо аъзойи баданимда бошқа бир қоида амал қилмоқда. Бу қоида онгимдаги қонунга қарши кураш олиб бориб, аъзойи баданимда амал қилувчи гуноҳ қоидасига мени асир қиляпти. 24Оҳ, мен шўрлик одам! Ўлим сояси остидаги бу аҳволимдан ким мени қутқарар экан? 25Худога шукур! Раббимиз Исо Масиҳ орқали У бизни қутқаради!
Хулласи калом, мен онгим билан Худонинг қонунига қул бўлсам–да, башарий табиатим гуноҳ қоидасига қулдир.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in

YouVersion uses cookies to personalize your experience. By using our website, you accept our use of cookies as described in our Privacy Policy