Римликлар 15
15
15–БОБ
1Биз, имони кучлилар, ўзимизни мамнун қилишни кўзламасдан, имони суст бўлган биродарларнинг ожизлигига сабр–бардош қилишимиз керак. 2Ҳар биримиз ўзганинг манфаатини кўзлаб, унга далда бериш ниятида уни мамнун қилишга ҳаракат қилайлик. 3Ҳаттоки Масиҳ ҳам Ўзини мамнун қилишни кўзламаган, зеро, Муқаддас битикларда ёзилганидай:
“Эй Худо, Сени ҳақоратлаганлар Мени ҳақорат қилган бўлар.”#15:3 Забур 68:10 га қаранг.
4Муқаддас битикларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган. Биз бу битиклардан сабр ва тасалли топиб, умидимизда маҳкам туришимиз лозим.
5Исо Масиҳнинг йўлида юрар экансиз, сабр ва тасалли манбаи бўлган Худонинг Ўзи сизларга ҳамфикр бўлишни ато қилсин. 6Шунда сизлар якдиллик билан, бир овоздан Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси — Худони улуғлайсизлар.
Хушхабар барча халқлар учундир
7Масиҳ сизларни Ўз биродарларидай қабул қилгани каби, сизлар ҳам бир–бирингизни биродарлардай қабул қилинг. Шундай қилиш Худога шуҳрат келтиради. 8Мен сизларга айтяпман: Худонинг содиқлигини кўрсатиб, Унинг ота–боболаримизга берган ваъдаларини бажариш учун Исо Масиҳ яҳудийларнинг хизматкори бўлиб келди. 9Масиҳнинг келишидан яна бир мақсади шу эдики, ғайрияҳудийлар ҳам Худонинг меҳр–шафқати учун Уни улуғласинлар. Муқаддас битикларда ёзилганидай:
“Халқлар ичра Сенга ҳамдлар айтаман!
Сени куйлаб сано айтаман!”#15:9 Забур 17:50 га қаранг.
10Яна бошқа жойда шундай ёзилган: “Эй эллар, Унинг халқи билан бирга шодланинг.”#15:10 Қонунлар 32:43 га қаранг. 11Яна шундай деб ҳам ёзилган:
“Эй барча халқлар, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!
Эй жамики элатлар, Уни олқишланглар!”#15:11 Забур 116:1 га қаранг.
12Ишаё китобида ҳам қуйидагича ёзилган:
“Эссай#15:12 Эссай — шоҳ Довуднинг отаси, Исо Масиҳнинг бобокалони. томиридан бир Зот келиб чиқар,
У халқлар устидан ҳукмронлик қилар,
Халқлар эса Унга умид боғлайдилар.”#15:12 Муаллиф бу ўринда Ишаё 11:10 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
13Имон йўлидан юрар экансиз, умид манбаи бўлган Худо қалбингизни севинч ва тинчликка тўлдирсин, шунда сизлар Муқаддас Руҳнинг кучи ила умидга бой бўласизлар.
Павлус ғайрияҳудийларга хизмат қилишга даъват этилган
14Эй биродарларим, мен аминманки, сизлар эзгуликка ва илм–маърифатга бойсизлар, бир–бирингизга панд–насиҳат қилишга қодирсизлар. 15Шунинг учун баъзи бир нарсаларни эслатай деб, сизларга бу хатни ёзишга журъат қилдим, чунки мен Худонинг инояти билан 16Исо Масиҳнинг хизматкори этиб тайинланганман. Худонинг Хушхабарини айтиб, руҳоний сифатида ғайрияҳудийларга хизмат қилмоқдаман. Бунинг натижасида, ғайрияҳудийлар Худога манзур бўладиган, Муқаддас Руҳ орқали табаррук қилинган қурбонликдай Худога тортиқ этилмоқдалар.
17Шундай қилиб, Исо Масиҳ туфайли Худонинг йўлида қилган ишларим билан мақтансам бўлади. 18-19Кучли мўъжизалару аломатлар билан, менинг айтганларим ва қилганларим орқали Масиҳ ғайрияҳудийларни Худога итоат қилиш йўлига бошлади. Аммо Исо Масиҳнинг мен орқали қилган ишларидан бошқа нарсалар ҳақида гапиришга журъат этмайман, чунки буларнинг ҳаммаси Худо Руҳининг қудрати ила содир бўлди. Шундай қилиб, мен Қуддусдан бошлаб, то Иллурикон ҳудудига#15:18-19 Иллурикон ҳудуди — Римдан шимоли–шарқда, ҳозирги Адриатика денгизининг шарқий қирғоғида жойлашган. қадар Масиҳнинг Хушхабарини ёйиб, ўз вазифамни бажардим. 20Шу билан бирга, мен бошқаларнинг пойдевори устига бино қурмайин деб, ҳали Масиҳнинг номи овоза қилинмаган ерларда Хушхабарни ёйиш учун жон куйдиряпман. 21Муқаддас битикларда ёзилганидай:
“У ҳақда хабарсиз бўлганлар энди кўрадилар,
У ҳақда эшитмаганлар энди англаб етадилар.”#15:21 Муаллиф бу ўринда Ишаё 52:15 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
Павлуснинг Римга бориш нияти
22Хушхабарни ёйиш хизматим туфайли анчадан бери сизларнинг олдингизга бора олганим йўқ. 23Энди эса бу жойларда менга бошқа иш қолмаган. Мен кўп йиллардан бери сизларни кўришни орзу қиламан. 24Шунинг учун Испанияга бораётганимда, йўлда сизларни кўриб ўтмоқчиман, бир оз бўлса–да, дийдорингизга тўйганимдан кейин, йўлимда давом этишим учун керакли бўлган зарур эҳтиёжимни қондирарсизлар деган умиддаман.
25Ҳозирча мен Худо азизларига ёрдам бергани Қуддусга кетяпман#15:25 …Худо азизларига ёрдам бергани Қуддусга кетяпман — Қуддусдаги муҳтожликда қолган масиҳийларга ёрдам бериш ниятида Павлус пул йиғаётган эди (1 Коринфликлар 16:1-4, 2 Коринфликлар 8:1-9:5, Галатияликлар 2:10 га қаранг). Уларнинг муҳтожликларига қувғинлар ёки қурғоқчилик сабаб бўлган бўлиши мумкин (Ҳаворийлар 8:1, 11:28 га қаранг).. 26Чунки Македония ва Ахаядаги биродарлар маблағ йиғиб, Қуддусдаги камбағал биродарларга ёрдам беришга қарор қилдилар. 27Буни ҳам қарз, ҳам фарз деб билганлари учун хурсандчилик билан шундай қилдилар. Ахир, ғайрияҳудийлар яҳудийлар туфайли руҳий неъматларга сазовор бўлдилар–да, шунинг учун улар ўз моддий бойликларини яҳудийлар билан баҳам кўришни лойиқ топдилар. 28Мен бу ишни бажариб, тўпланган маблағни уларга топширганимдан кейин, сизларнинг олдингизда тўхтаб ўтаман. Сўнгра Испанияга кетаман. 29Аминманки, мен сизларни кўришга борганимда, биз биргаликда Масиҳ Хушхабари келтирадиган қут–баракаларни тўлиқ баҳам кўрамиз.
30Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ ва Муқаддас Руҳ ато қиладиган меҳр–муҳаббат ҳақи сизларга ёлвораман: мен учун биргаликда Худога ибодат қилайлик. 31Яҳудиядаги имонсизларнинг қўлидан қутулишим учун ва Қуддусдаги хизматим у ердаги Худонинг азизларига маъқул бўлиши учун ибодат қилинглар. 32Худо хоҳласа, мен шод–хуррамлик билан сизларнинг олдингизга бораман, сизлар билан бирга бўлганимдан қалбим ором топади. 33Тинчлик манбаи бўлган Худо ҳаммангизга ёр бўлсин. Омин!
Currently Selected:
Римликлар 15: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020