Римликлар 13
13
13–БОБ
Ҳокимиятга бўйсуниш ҳақида
1Ҳар бир инсон ўзининг устидан ҳукмрон бўлган ҳокимиятга бўйсунсин. Чунки Худо буюрмаган ҳокимият йўқ, мавжуд бўлган ҳар бир ҳокимиятни эса Худо тайин этган. 2Шунинг учун ҳокимиятга қаршилик кўрсатган одам Худо ўрнатган тартибга қарши чиққан бўлади. Қаршилик қилувчилар эса ўзларини ўзлари ҳукмга дучор қиладилар. 3Яхшилик қилганлар эмас, ёмонлик қилганлар ҳукмронлардан қўрқишлари керак. Ҳокимиятдан қўрқмасликни истайсанми? Унда яхшилик қилиб юр, шунда бошлиқнинг мақтовига сазовор бўласан. 4Чунки бошлиқлар одамларнинг манфаати учун Худонинг хизматидадирлар. Ёмон иш қилаётган бўлсанг, қўрққин, чунки жазо бериш қудрати бошлиқларга бекорга берилмаган. Улар Худонинг хизматкорлари бўлиб, ёмонлик қилувчиларга жазо берадилар, Худонинг ғазабини амалга оширадилар. 5Шунинг учун фақатгина ғазабга дучор бўлмаслик ниятида эмас, балки виждон ҳақи ҳам бошлиқларга бўйсуниш керак. 6Мана шу сабабдан солиқ ҳам тўлаш лозим. Чунки амалдорлар ўз вазифаларини бажариб, Худога хизмат қиладилар. 7Уларга нима тегишли бўлса, шуни беринг: солиқ йиғувчига — солиқ, бож олувчига — бож, обрўга лойиқ бўлганга — обрў, ҳурмату эҳтиромга лойиқ бўлганга — ҳурмат–эҳтиром.
Масиҳга ишонганларга хос хатти–ҳаракат
8Ҳеч кимдан ҳеч нарса қарздор бўлманглар. Фақат меҳр–муҳаббатни ҳам фарз, ҳам қарз деб билинглар, чунки ўзгани яхши кўрган одам Худонинг қонунини бажарган бўлади. 9Ахир, “Зино қилманг”, “Қотиллик қилманг”, “Ўғрилик қилманг”#13:9 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида шу жумладан кейин қуйидаги амр қўшимча қилинган: “Ёлғон гувоҳлик берманг”. Чиқиш 20:16 га қаранг., “Бировларнинг мулкига кўз олайтирманг”#13:9 Чиқиш 20:13-15, 17 га қаранг. деган ва қолган ҳамма амрлар қуйидаги битта амрда мужассам–ку: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.”#13:9 Левилар 19:18 га қаранг. 10Чунки ўзгани яхши кўрган одам унга ёмонлик қилмайди. Шундай қилиб, бошқаларни яхши кўриш Худонинг қонунини тўлиқ бажариш билан баробардир.
11Ҳозирги вақтни ғанимат деб билинглар. Мана, уйқудан уйғонадиган пайтингиз етиб келди. Биз имон келтирган пайтдагидан кўра, ҳозирги вақтда нажотимизнинг тўлиқ рўёбга чиқиши яқинроқдир. 12Тун ўтиб кетиб, кундуз яқинлашиб қолди. Шунинг учун қоронғилик ишларидан воз кечайлик, нурга лойиқ ишларни қилишга боп бўлган қурол–аслаҳаларни тақиб олайлик. 13Шаҳватпарастлик ва фисқ–фужурга берилмайлик, жанжалкашлик ва ҳасадгўйлик қилмайлик, айш–ишрат ва ичкиликбозлик билан эмас, кундузга яраша, одоб билан кун кечирайлик. 14Раббимиз Исо Масиҳга бурканинглар ва башарий табиатингизнинг эҳтиросларини қондиришни ҳатто хаёлингизга ҳам келтирманглар.
Currently Selected:
Римликлар 13: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020