YouVersion Logo
Search Icon

Римликлар 12

12
12–БОБ
Ҳаётни Худога бағишлаб яшаш
1Шундай қилиб, эй биродарларим, Худонинг марҳамати ҳақи сизларга ёлвораман. Ўз танангизни тирик, муқаддас ва Худога манзур бўладиган қурбонлик сифатида бағишланг. Худога лойиқ бўлган асл хизмат мана шудир. 2Бу дунёга мослашманглар, фикр–зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар. Шунда Худонинг иродасини тушуна оладиган бўласиз, яъни нима яхши, Худога манзур ва мукаммал эканлигини била оладиган бўласиз.
3Менга берилган иноятдан фойдаланиб, сизларга айтяпман: ўзингизга ҳаддан ташқари юқори баҳо берманглар. Аксинча, Худо ҳар бир кишига қанча имон берган бўлса, шунга кўра, фикр қилиб, ақли расо одамлар бўлинглар. 4Ахир, танамиз бир бўлса–да, танамиз аъзолари кўп, танамиз аъзоларининг вазифаси ҳам бир хил эмас. 5Шунга ўхшаб, биз — Масиҳга тегишли бўлганлар бир танани ташкил қиламиз. Ҳар биримиз ҳар хил аъзолар бўлиб, бир–биримизга боғлиқмиз. 6Бизга берилган иноят бўйича ҳар биримизнинг ҳар хил инъомларимиз бор. Агар бирортасида Худонинг сўзини бошқаларга етказиш инъоми бўлса, у эътиқодимизга мувофиқ равишда гапирсин. 7Агар бирорта одамга хизмат қилиш инъоми берилган бўлса, у хизмат қилсин, агар бирортасига муаллимлик инъоми берилган бўлса, у таълим берсин. 8Агар инсонга далда бериш инъоми берилган бўлса, у далда берсин, беғараз ёрдам берадиган бўлса, сахийлик билан берсин. Етакчилик қиладиган одам қунт билан етакчилик қилсин, меҳр–шафқат кўрсатадиган одам хурсандчилик билан иш тутсин.
9Бир–бирингизга бўлган меҳр–муҳаббатингиз самимий бўлсин. Ёмонликдан нафратланиб, яхшиликни маҳкам тутинг. 10Бир–бирингизни биродарларча, чуқур муҳаббат билан яхши кўринг. Бир–бирингизни ҳурмат қилиб, ўзингиздан юқори кўринг. 11Ғайратингиз сусаймасин, бутун қалбингиз билан Раббимиз Исога хизмат қилинг. 12Умидингиз борлиги учун хурсанд бўлинг. Қийинчиликда сабр–тоқат қилинг. Ибодат қилишдан чарчаманг. 13Муҳтожликда бўлган Худонинг азизларига ёрдам беринг, доимо меҳмондўст бўлинг.
14Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар, уларни қарғаманглар. 15Севинаётганлар билан бирга севининглар, йиғлаётганлар билан бирга йиғланглар. 16Ўзаро ҳамфикр бўлинглар. Такаббурлик қилмай, бечора ҳамда паст табақали одамлар билан дўст бўлинглар. Ўзбилармонлик қилманглар. 17Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар, одамлар яхшилик деб билганларни қилишга интилинглар. 18Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч–тотув ҳаёт кечиринглар. 19Азизларим, ўзингиз учун ўзингиз қасос олманг, балки Худонинг ғазабига йўл қўйиб беринг. Ахир, Муқаддас битикларда Эгамиз шундай деб айтган–ку: “Мен Ўзим қасос ва ўч оламан.”#12:19 Қонунлар 32:35 га қаранг. 20Муқаддас битикларда ёзилганидай қилинг:
“Душманинг оч бўлса, овқат бер,
Чанқаган бўлса, сув ичир.
Шунда унинг бошига ёнаётган чўғ йиққандай бўласан.”#12:20 Ҳикматлар 25:21-22 га қаранг.
21Ёмонлик сизни мағлуб қилмасин, аксинча, сиз ёмонликни яхшилик билан мағлуб этинг.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in