Забур 17
17
17–САНО
1Ижрочилар раҳбарига. Эгамизнинг қули Довуд саноси. Эгамиз Довудни жамики душманлари ва Шоулнинг қўлидан озод қилгандан кейин Довуд Эгамизга атаб шу қўшиқни айтди.
2Сени севаман, эй Эгам, менинг қудратим.
3Эгам суянган қоямдир#17:3 қоя — бу образ баъзан иброний шеъриятида кўчма маънода қўлланган бўлиб, Эгамизни тоққа ўхшатади. Эгамизнинг халқи ўз душманларидан қутулиш учун, қочиб Эгамизда паноҳ топади. Бу образ Эгамизнинг барқарорлигини ва қоядай мустаҳкам эканлигини кўрсатади., менинг қалъам, қутқарувчимдир.
Ҳа, Худодир менинг қоям, Унда паноҳ топаман.
Удир менинг қалқоним, қудратли нажоткорим#17:3 қудратли нажоткорим — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси нажотимнинг шохи ёки мени қутқарадиган шох. Ҳўкизнинг шохи куч–қудрат рамзи эди, чунки ҳўкиз қадимий Яқин Шарқдаги энг кучли ҳайвонлардан бири эди., қўрғоним.
4Эгамга илтижо қиламан,
Ғанимларимдан У мени халос қилади.
Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!
5Мени ўлим тўрлари чирмаб олганди,
Бало–қазо селлари даҳшат ила босиб келганди.
6Ҳа, ўликлар диёрининг#17:6 ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. 6:6 изоҳига қаранг. тўрлари мени ўраб олганди,
Ўлим ўз тузоғига мени асир қилганди.
7Кулфатда қолганимда Эгамга илтижо қилдим,
Ҳа, нола қилдим Худойимга.
У Маъбадидан туриб, овозимни эшитди,
Оҳу нолам қулоғига етиб борди.
8Ўша замон ер юзи титраб, тебранди,
Тоғларнинг пойдевори ларзага келди,
Эгам ғоят ғазабга минган эди.
9Бурнидан тутун буруқсаб чиқарди,
Оғзидан оташ пишқирарди,
Олдидан қип–қизил чўғ ёғиларди.
10У кўкларни ёриб, пастга тушди,
Оёқлари остида — қора булут.
11Эгам бир карубга#17:11 каруб — қанотли самовий мавжудот. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги КАРУБ, КАРУБЛАР сўзига қаранг. миниб учди,
Ел қанотлари узра учиб келди.
12Атрофини зулмат билан ўради,
Қуюқ, қора булутларни Ўзига чайла қилди.
13Улкан нур Эгамнинг олдидан чиқди,
Дўл ва қип–қизил чўғ қоп–қора булутларни парчалади.
14Эгамизнинг овози кўкларда гулдиради,
Худойи Таолонинг садоси эшитилди#17:14 …Худойи Таолонинг садоси эшитилди — баъзи иброний қўлёзмаларидан ва қадимий юнонча таржимадан (яна 2 Шоҳлар 22:14 га қаранг). Ибронийча матнда дўл ва қип–қизил чўғ деган ибора бу мисранинг охирига қўшилган..
15Ўқларини отди,
Чақмоқ чақтириб, ёвларини тирқиратди,
Уларни саросимага солди.
16Эгамизнинг таҳдидларидан,
Унинг қаҳрли нафасидан
Денгизнинг туби кўриниб қолди,
Замин пойдевори#17:16 Замин пойдевори — қадимда Исроил халқининг тасаввурига кўра, ер теп–текис бўлиб, ер остида буюк денгиз бор эди, денгиз тубида ўрнатилган улкан устунлар ерни ушлаб турарди. Бу устунлар денгиз тубидаги пойдеворга таянарди. яланғоч бўлиб қолди.
17Эгам юқоридан қўл узатиб, мени тутди,
Баҳайбат сувлардан мени чиқариб олди.
18Мени кучли ғанимларим қўлидан,
Мендан нафратланган ёвларимдан қутқарди,
Улар мендан кучли эдилар.
19Қора кунимда улар менга ҳамла қилдилар,
Аммо Эгам менга таянч бўлди.
20Мени бехавотир жойга чиқариб қўйди,
Мендан мамнун бўлиб, нажот берди.
21Эгам солиҳлигим учун мени мукофотлайди,
Айбсизлигим учун мени тақдирлайди.
22Зеро, мен Эгамнинг йўлидан юрдим,
Ахлоқсизлик қилмадим, Худойимдан юз ўгирмадим.
23Унинг ҳамма қонун–қоидаларига риоя қилдим,
Фармонларини четга суриб қўймадим.
24Унинг олдида бенуқсон бўлдим,
Гуноҳ қилишдан ўзимни сақладим.
25Шу сабабли Эгам мени пок деб билди,
Солиҳлигимга яраша мукофот берди.
26Эй Эгам! Сенга содиқ бўлганга Сен содиқ бўласан,
Яхши инсондан яхшилигингни аямайсан,
27Пок кишига поклигингни кўрсатасан,
Эгрининг айёрлигини ўз бошига соласан.
28Аҳли камтарга эса нажот берасан,
Димоғдорни ерга урасан.
29Эй Эгам Худо! Чироғимни ёқувчи Ўзингсан,
Зулматни мен учун ёруғликка айлантирасан.
30Эй Худойим! Сенга суяниб лашкарни йўқ қиламан,
Сенга суяниб деворлардан ошиб ўтаман.
31Худонинг йўли комилдир,
Эгамизнинг каломи чин ҳақиқатдир,
Паноҳ излаб борганга У қалқондир.
32Эгамиздан бошқа Худо ким экан?!
Худойимиздан бўлак суянчиқ Қоя бормикан?!
33Мени қудратли қилувчи Худодир,
Йўлимни Ўзи бехатар қилади.
34У оёқларимни кийик оёғидай қилади,
Чўққилар узра мени бехатар юргизади.
35Қўлларимни жанг қилишга ўргатади,
Бармоқларим бронза ёйни бука олади.
36Эй Эгам, Сен менга зафар қалқонингни бергансан,
Ўнг қўлинг менга таянч бўлади,
Мададинг эса мени юксалтиради.
37Оёқларим учун йўлимни кенг қилгансан,
Оёқларим сира оғиб кетмайди.
38Ғанимларимни қувлаб, тутиб олдим,
Уларни йўқ қилмай ортга қайтмадим.
39Шундай эздимки уларни, тура олмадилар,
Оёқларим остида чўзилиб қолдилар.
40Сен менга қувват бериб, жангга юбординг,
Менга қарши отланган ёвни олдимда бош эгдирдинг.
41Ғанимларимни мендан қочирдинг,
Мендан нафратланганларни мен йўқ қилдим.
42Улар мадад сўраб фарёд қилдилар,
Нажоткорни эса тополмадилар,
Эй Эгам, ғанимларим Сенга ёлвордилар,
Аммо Сен жавоб бермадинг.
43Шамолнинг чангидай уларни эздим,
Йўлдаги лойдек сидириб ташладим.
44Сен мени халқнинг уруш–жанжалидан халос этдинг.
Мени элларга йўлбошчи қилдинг,
Ўзим танимаган элат менга қарам бўлди.
45Овозимни эшитибоқ қулоқ тутди,
Ёт эллар менга бўйин эгди.
46Ёт эллар ҳолсизланиб йиқилди,
Қалтираб манзилидан чиқиб қочди.
47Эгам барҳаётдир! Суянган Қоямга олқишлар бўлсин!
Нажоткорим Худо юксалсин!
48Қасдимни олган Худодир,
Халқларни менга У тобе қилган,
49Мени ғанимларимдан У қутқарган,
Босқинчилардан мени устун қилган,
Мени зўравонлар қўлидан халос этган.
50Шу боис, эй Эгам, халқлар ичра
Сенга ҳамдлар айтаман!
Сени куйлаб сано айтаман!
51Эгамиз Ўз шоҳини улуғ зафарларга эриштиради,
Ўзи танлаган шоҳ Довуд ва унинг наслига
То абад содиқ севгисини кўрсатади.
Currently Selected:
Забур 17: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020