Саҳрода 2
2
2–БОБ
Исроил қабилаларининг қароргоҳдаги жойлашув тартиби
1Эгамиз Мусо билан Ҳорунга яна деди: 2“Исроил халқининг ҳар бир қабиласи чодирларини ўз қароргоҳида, ўз хонадони байроқлари остида жойлаштирсин. Улар чодирларини Учрашув чодирининг айланасига, ундан маълум бир масофада тикишсин.
Шарқий қароргоҳ
3Учрашув чодирининг шарқ томонида чодир тикадиган қабилалар Яҳудо қароргоҳида гуруҳ–гуруҳ бўлиб жойлашсин. Яҳудо қабиласининг йўлбошчиси Оминадав ўғли Нахшўндир. 4Унинг саноққа кирган сипоҳлари 74.600 тадир.
5Ундан кейин Иссахор қабиласи чодирларини жойлаштирсин. Иссахор қабиласининг йўлбошчиси Зувор ўғли Натанилдир. 6Унинг саноққа кирган сипоҳи 54.400 тадир.
7Ундан кейин эса Забулун қабиласи чодирларини жойлаштирсин. Забулун қабиласининг йўлбошчиси Халон ўғли Элиёбдир. 8Унинг саноққа кирган сипоҳи 57.400 тадир.
9Яҳудо қароргоҳидаги саноққа кирган сипоҳларнинг ҳаммаси 186.400 тадир. Биринчи бўлиб улар йўлга чиқишсин.
Жанубий қароргоҳ
10Учрашув чодирининг жануб томонида чодир тикадиган қабилалар Рубен қароргоҳида гуруҳ–гуруҳ бўлиб жойлашсинлар. Рубен қабиласининг йўлбошчиси Шадувор ўғли Элизурдир. 11Унинг саноққа кирган сипоҳлари 46.500 тадир.
12Унинг ёнида Шимўн қабиласи чодирларини ўрнаштирсин. Шимўн қабиласининг йўлбошчиси Зуришадай ўғли Шалумиёлдир. 13Унинг саноққа кирган сипоҳи 59.300 тадир.
14Кейин Гад қабиласи чодирларини жойлаштирсин. Гад қабиласининг йўлбошчиси Дувел#2:14 Дувел — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти Рувел. Унинг Дувел деган шакли 1:14 дан олинган (яна 7:42, 47, 10:20 га қаранг). ўғли Элиасафдир. 15Унинг саноққа кирган сипоҳи 45.650 тадир.
16Рубен қароргоҳидаги ҳисобга кирган сипоҳларнинг ҳаммаси 151.450 тадир. Иккинчи бўлиб улар йўлга чиқишсин.
Қароргоҳларнинг маркази
17Дастлабки иккита қароргоҳ ва кейинги иккита қароргоҳ ўртасида левилар Учрашув чодири билан бирга йўлга чиқишсин. Қабилалар қай тартибда қароргоҳда жойлашган бўлса, яна ўша тартибда йўлга чиқишлари лозим. Ҳар бири ўз ўрнида, ўз қароргоҳи сафида борсин.
Ғарбий қароргоҳ
18Учрашув чодирининг ғарб томонида чодир тикадиган қабилалар Эфрайим қароргоҳида гуруҳ–гуруҳ бўлиб жойлашсинлар. Эфрайим қабиласининг йўлбошчиси Омиҳуд ўғли Элишамадир. 19Унинг саноққа кирган сипоҳи 40.500 тадир.
20Ундан кейин Манаше қабиласи чодирларини ўрнаштирсин. Манаше қабиласининг йўлбошчиси Падозур ўғли Гамалиёлдир. 21Унинг саноққа кирган сипоҳлари 32.200 тадир.
22Сўнгра Бенямин қабиласи чодирларини жойлаштирсин. Бенямин қабиласининг йўлбошчиси Гидўнах ўғли Авидондир. 23Унинг саноққа кирган сипоҳлари 35.400 тадир.
24Эфрайим қароргоҳидаги саноққа кирган ҳамма сипоҳлар 108.100 тадир. Учинчи бўлиб улар йўлга чиқишсин.
Шимолий қароргоҳ
25Учрашув чодирининг шимол томонида чодир тикадиган қабилалар Дан қароргоҳида гуруҳ–гуруҳ бўлиб жойлашсинлар. Дан қабиласининг йўлбошчиси Омишадай ўғли Охазардир. 26Унинг саноққа кирган сипоҳлари 62.700 тадир.
27Унинг ёнида Ошер қабиласи чодирларини ўрнаштирсин. Ошер қабиласининг йўлбошчиси Охрон ўғли Пахиёлдир. 28Унинг саноққа кирган сипоҳлари 41.500 тадир.
29Сўнгра Нафтали қабиласи чодирларини ўрнаштирсин. Нафтали қабиласининг йўлбошчиси Энан ўғли Охирдир. 30Унинг саноққа кирган сипоҳлари 53.400 тадир.
31Дан қароргоҳидаги саноққа кирган ҳамма сипоҳлар 157.600 тадир. Улар гуруҳ–гуруҳ бўлиб охирида йўлга чиқишсин.”
32Шундай қилиб, бутун Исроил халқи хонадонлари бўйича саноқдан ўтди. Қароргоҳларда гуруҳ–гуруҳ бўлиб жойлашган лашкарнинг умумий сони 603.550 та чиқди. 33Мусога Эгамиз амр этгандай, Леви қабиласи Исроил халқига қўшиб ҳисобланмади.
34Хуллас, Мусога Эгамиз нима амр этган бўлса, Исроил халқи шуни қилди. Улар қароргоҳи бўйича жойлашган, ҳар бири ўз уруғи, хонадони бўйича йўлга чиққан эди.
Currently Selected:
Саҳрода 2: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020