Нохум 2
2
2–БОБ
1-2Душманлар Исроил юртини хароб қилган,
Узумзорларини пайҳон этган.
Бироқ Эгамиз тиклар Ёқуб наслининг улуғворлигини,
Ҳа, Исроил халқининг буюклигини.
Босқинчи сенга ҳужум қилди, эй Найнаво!#2:1-2 Найнаво — Ниневия номи билан ҳам маълум.
Қани бўл, қўриқла қўрғонларингни,
Йўлдан узма сен кўзингни.
Йиғиб олгин бор кучингни,
Жангга боғла белингни.
3Душман сипоҳларининг қалқони қизил,
Жангчиларининг кийими алвон,
Жанг куни аравалари оловдай чақнар,
Беҳисоб найзалари бош узра тебраниб турар.
4Шаҳар ичида аравалар қутуриб елар,
Майдонларни кесиб у ёқдан–бу ёққа ўтар,
Машъалаларга ўхшаб ёниб турар,
Яшин тезлиги билан учар.
5Найнаво шоҳи амр берар лашкарбошиларига,
Олға босиб қоқинар улар йўлда.
Қалқонлари паноҳида#2:5 Қалқонлари паноҳида… — бу ўриндаги ибронийча сўз сипоҳларнинг қалқонларини ёки махсус қурилмани билдиради. Шаҳарга ҳужум қилган сипоҳлар кўчириладиган бундай қурилма ёрдамида ёки қалқонлари билан ўзларини шаҳар деворлари устидаги ҳимоячилардан асрар эдилар. Улар шаҳарни босиб олиш учун шаҳар деворларини тешардилар ёки деворга қиялатиб тупроқ уярдилар. босқинчилар
Шаҳар деворига ёпирилар.
6Дарё тўғонларини#2:6 Дарё тўғонлари — шаҳар ичидан оқиб ўтадиган сувни назорат қилиб, уни бошқариш учун ишлатиладиган, шаҳар ташқарисида жойлашган тўғонлар назарда тутилган. Босқинчилар мана шу тўғонларни бузиб, шаҳар деворларига зиён келтирган бўлишлари мумкин. Ёки Нохум мажозий маънода босқинчиларни Худо томонидан юборилган кучли селга ўхшатаётган бўлиши мумкин (1:8 га қаранг). улар бузиб ташлар,
Сарой ивиб, қулай–қулай деб турибди.
7Шаҳар аҳлини сургун қилишга қарор қилинди,
Чўрилари ўз кўксига уриб,
Мусичадай нола қилмоқда.
8Найнаво дарз кетган ҳовузга#2:8 ҳовуз — Найнаво шаҳри шоҳ боғларига сув етказиб берадиган ҳовузлари билан машҳур эди. Матндаги киноя билан муаллиф шаҳар аҳолисини дарз кетган ҳовуздан оқиб кетадиган сувларга ўхшатади, чунки одамлар ўзларини қутқариш учун Найнаводан қочиб кетади. ўхшайди,
Ёриқларидан сув оқиб кетгандай,
Унинг аҳолиси қочиб кетяпти,
Ортидан “Тўхтанглар!
Тўхтанглар!” деган қичқириқлар эшитилар,
Лекин ҳеч ким ортига қайтмас.
9Босқинчилар бақирар:
“Талон–тарож қилинг кумушу олтинни!
Битмас–туганмасдир Найнавонинг хазинаси!
Серобдир унинг қимматбаҳо нарсаси!”
10Шип–шийдам, вайрон, талқон бўлди Найнаво!
Қўрқувдан юраклар орқага тортиб кетди,
Тиззалар қалтиради, баданни титроқ босди,
Бўздай оқарди ҳамманинг юзи!
11Нима бўлди Найнаво шаҳрига?!
Ўхшар эди–ку у шернинг уясига.
Ҳа, ўхшар эди Найнаво шер болаларини боққан бир инга.
Шер ва она шер изғиган пайтда,
Болалари хатарсиз эди у ерда!
12Шер ўз болалари учун
Етарлича ўлжа тилка–пора қилган,
У она шер учун ҳам овини бўғизлаган,
Мурда билан тўлдирган ўз инларини,
Ўлжа билан — уяларини.
13Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Мен сенга қаршиман, эй Найнаво! Жанг араваларингни тутатиб ёндираман. Ёш шерларинг қиличдан ҳалок бўлади. Сен энди ер юзида талончилик қилмайсан. Ўлпончиларингнинг овози ўчади.”
Currently Selected:
Нохум 2: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020