YouVersion Logo
Search Icon

Марк 4

4
4–БОБ
Уруғ сепувчи ҳақида масал
1Исо яна кўл бўйида таълим берди. Унинг атрофида шу қадар кўп оломон тўпландики, У кўлдаги қайиққа тушиб ўтиришга мажбур бўлди. Оломон эса кўл қирғоғида турарди. 2Исо масал орқали халққа таълим бериб, шундай деди: 3“Қулоқ солинглар! Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди. 4Уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди. 5Баъзи уруғлар тупроғи кам тошлоққа тушибди. Тупроқ кам бўлгани учун уруғлар тез кўкариб чиқибди. 6Бироқ қуёш чиққач, қовжираб, илдизи бўлмагани учун сўлиб қолибди. 7Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Тиканлар ўсиб, уруғларни бўғиб қўйибди, уруғлар ҳосил бермабди. 8Яна бошқа уруғлар эса яхши тупроққа тушибди ва униб–ўсиб, ўттиз, олтмиш, ҳаттоки юз баробар кўп ҳосил берибди.”
9Кейин Исо яна деди: “Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”
Масалларнинг мақсади
10Исо ўн икки шогирди ва бошқа баъзи одамлар билан ёлғиз қолганда, улар Исодан бояги масални тушунтириб беришини сўрадилар. 11Исо уларга деди: “Худо Шоҳлигининг сирини билиш сизларга берилган. Ташқаридагиларга эса ҳамма нарсани масаллар билан гапираман, 12токи:
«Улар қараб туриб, англамасинлар,
Тинглаб туриб, тушунмасинлар.
Акс ҳолда, Худога қайтадилар,
Гуноҳларидан фориғ бўладилар.»”#4:12 Муаллиф бу ўринда Ишаё 6:9-10 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъноси
13Исо уларга деди: “Агар бу масални тушунмаган бўлсангиз, бошқа масалларни қандай тушунасиз?! 14Уруғ сепувчининг сепгани — Худонинг каломидир. 15Баъзи одамлар сўқмоқ йўл устига тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар каломни эшитадилар, аммо ўша заҳоти шайтон келиб, уларнинг ичига экилган каломни олиб кетади. 16Бошқа одамлар тошлоқ ерга тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар каломни эшитганда, уни дарров севинч билан қабул қиладилар. 17Лекин уларнинг илдизи бўлмагани учун узоққа чидамайдилар. Калом туфайли қайғу ёки қувғинга дучор бўлишса, дарров чекинадилар. 18Бошқа бирлари тиканлар орасига тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар Худонинг каломини эшитадилар, 19лекин дунёнинг ташвишлари, бойликка ўчлик ва бошқа ҳаваслар уларнинг юракларига кириб, каломни бўғиб қўяди, калом эса самарасиз қолади. 20Бошқа бирлари эса яхши тупроққа тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар каломни эшитиб, қабул қиладилар ва ўттиз, олтмиш, ҳатто юз баробар ҳосил берадилар.”
Идиш остидаги чироқ
21Исо уларга яна деди: “Чироқни олиб келиб, идишнинг ёки чорпоянинг тагига қўядими?! Аксинча, чироқпояга қўяди. 22Шу сингари, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади. 23Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”
24Кейин уларга яна деди: “Эшитаётганларингизни қулоғингизга қуйиб олинг! Сиз қандай ўлчов билан ўлчасангиз, худди шундай ўлчов билан сизга ҳам ўлчаб берилади. Сизга яна қўшиб берилади. 25Кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, бори ҳам ундан тортиб олинади.”
Униб чиққан уруғ ҳақида масал
26Исо яна шундай деди: “Худонинг Шоҳлигини шунга қиёсласа бўлади: деҳқон даласига уруғ экади. 27Кечаси бўлдими, ухлайди, кундузи бўлдими, туради. Аммо уруғ қандай униб чиқиб, ўсишини у билмайди. 28Ер ўз–ўзидан аввал пояни, сўнгра бошоқни, ундан кейин бошоқдаги тўлиқ донни етиштиради. 29Ҳосил пишгач, йиғим–терим вақти келди, деб ўша одам дарҳол ўроқни ишга солади.”
Хантал уруғи ҳақида масал
30Исо яна деди: “Худонинг Шоҳлигини яна нимага ўхшатсак бўлади?! Уни қандай масал билан ифодаласак бўлади?! 31Худонинг Шоҳлиги хантал уруғига#4:31 хантал уруғи — ўша замонда одамлар хантал уруғини энг майда уруғ деб билишарди. ўхшайди: у ерга сепиладиган уруғларнинг энг майдасидир. 32Лекин сепилгандан кейин кўкаради ва барча кўкатлардан баланд бўлиб ўсади. Катта шохлар чиқаради, осмондаги қушлар ҳам унинг паноҳида уя қуради.”
33Шундай қилиб, Исо халқнинг эшитиш имкониятига қараб, бу сингари, кўпгина масаллар орқали Худонинг сўзини ўргатарди. 34Уларга масалсиз гапирмас эди. Шогирдлари билан ёлғиз қолганда эса, уларга ҳаммасини тушунтирар эди.
Исо бўронни тинчлантиради
35Ўша куни кечқурун Исо шогирдларига:
— Кўлнинг нариги томонига#4:35 кўлнинг нариги томони — Жалила кўлининг шарқий қирғоғига ишора. ўтайлик, — деди.
36Улар оломонни қолдириб, Исони ўтирган қайиғида олиб кетдилар. Исонинг кетидан бошқа қайиқлар ҳам сузиб кетди. 37Шу орада кўлда кучли бўрон кўтарилди. Тўлқинлар қайиқни тебратиб юборди, қайиқ сувга тўла бошлади. 38Исо эса қайиқнинг қуйруқ томонида ёстиққа бош қўйиб, ухлаб ётган эди.
Шогирдлар Исони уйғотиб:
— Устоз! Ҳалок бўляпмиз! Наҳотки Сизга барибир бўлса?! — дейишди. 39Шунда Исо туриб, шамолга: “Жим бўл!” ва кўлга: “Бас қил!” деб буюрди. Шу онда шамол тинди, чуқур сукунат бўлди.
40Исо шогирдларига:
— Нега қўрқасизлар? Нега ҳалигача ишончингиз йўқ? — деди. 41Улар эса ваҳимага тушиб, бир–бирига шундай дейишди:
— Бу Ким бўлди экан–а? Шамол ҳам, кўл ҳам Унга бўйсунади–я!

Currently Selected:

Марк 4: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in