Марк 10
10
10–БОБ
Никоҳ ва ажралиш ҳақида
1Исо у ердан кетиб, Яҳудия ўлкасига, сўнг Иордан дарёсининг шарқ томонига борди. Унинг атрофига яна кўп халқ йиғилди. У Ўз одатига кўра, одамларга яна таълим берди. 2Баъзи фарзийлар келдилар ва Исони синамоқчи бўлиб, сўрадилар:
— Қонунга кўра, эр ўз хотинидан ажралиши мумкинми?#10:2 Қонунга кўра, эр ўз хотинидан ажралиши мумкинми? — ўша даврда яҳудийлар, ажрашиш мумкин, деб айтардилар. Аммо ажрашишга қандай сабаблар бўлиши мумкинлиги ҳақида кўп баҳс–мунозаралар бор эди. Матто 19:3 изоҳига қаранг.
3Исо бунга жавобан:
— Мусо сизларга нимани амр қилган? — деб сўради.
4— Эркак талоқ хатини ёзиб, хотинидан ажралишига Мусо ижозат берган эди#10:4 Эркак…хотинидан ажралишига Мусо ижозат берган эди — Қонунлар 24:1 га қаранг., — дейишди. 5Исо уларга деди:
— Бағри тошлигингиз учун Мусо сизларга бу амрни ёзиб қолдирган. 6Аслида Худо дунёни яратганда одамларни эркагу аёл қилиб яратди#10:6 …одамларни эркагу аёл қилиб яратди — Ибтидо 1:27, 5:2 га қаранг.. 7“Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, 8хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.”#10:7-8 Ибтидо 2:24 га қаранг. Бунга кўра, улар энди икки эмас, балки бир тан ҳисобланадилар. 9Худо бирга қўшганни бандаси ажратмасин.
10Уйга келганларида, шогирдлар яна шу ҳақда Исодан сўрадилар. 11Исо уларга деди:
— Ким ўз хотини билан ажрашиб бошқасига уйланса, у хотинига нисбатан зино қилган бўлади. 12Хотин ҳам агар ўз эри билан ажрашиб бошқасига тегса, зино қилган бўлади.
Исо болаларни дуо қилади
13Исо болаларимизга қўл теккизсин деб, одамлар Унинг олдига болаларини олиб келишарди. Шогирдлар эса ўша одамларни койишарди. 14Исо буни кўрганда, ғазабланиб деди:
— Болаларга йўл беринглар, Менинг олдимга келишларига тўсқинлик қилманглар! Зеро, Худонинг Шоҳлиги бундайларникидир. 15Сизларга чинини айтайин: ким Худонинг Шоҳлигини бола каби қабул қилмаса, унга ҳеч қачон киролмайди.
16Кейин болаларни қучоқлаб, уларга қўл қўйиб, дуо қилди.
Бойлик ва абадий ҳаёт
17Исо йўлга чиқаётганда, бир одам югуриб келиб, Унинг олдида тиз чўкди–да:
— Валинеъмат Устоз! Абадий ҳаётга эга бўлиш учун нима қилишим керак? — деб сўради. 18Исо унга деди:
— Нега Мени валинеъмат дейсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас–ку! 19Сен амрларни биласан: “Қотиллик қилма. Зино қилма. Ўғрилик қилма. Ёлғон гувоҳлик берма. Бировнинг ҳақини ема. Ота–онангни ҳурмат қилгин.”#10:19 Чиқиш 20:12-16, Қонунлар 5:16-20 га қаранг.
20У киши Исога деди:
— Устоз! Буларнинг ҳаммасига ёшлигимдан амал қилиб келаман.
21Исо унга меҳр билан қараб, деди:
— Сенга бир нарса етишмайди. Бориб, бор нарсангни сот, пулини камбағалларга тарқат. Шунда самода хазинанг бўлади. Кейин келиб#10:21 Кейин келиб… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Кейин келиб, хочни кўтариб (8:34 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг)., Менга эргашгин.
22Бу сўзлардан бойнинг таъби хира бўлди. У ғамгин бўлиб қайтиб кетди, чунки унинг мол–мулки кўп эди.
23Исо атрофга разм солиб, шогирдларига деди:
— Мол–дунёси бор одамларнинг Худо Шоҳлигига кириши нақадар қийин!
24Бу сўзларни эшитиб, шогирдларнинг ақли шошди. Исо эса такрорлаб деди:
— Болаларим, Худонинг Шоҳлигига кириш нақадар қийин!#10:24 …Худонинг Шоҳлигига кириш нақадар қийин! — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида бойликка умид боғлаганлар учун Худонинг Шоҳлигига кириш нақадар қийин! 25Бой одамнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир.
26Шогирдлар ҳаддан ташқари ажабланиб ўзларича:
— Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан? — дейишди. 27Исо уларга кўз тикиб деди:
— Инсон учун бу имконсиздир, лекин Худо учун эмас. Худо учун ҳамма нарсанинг имкони бор.
28Шунда Бутрус Исога деди:
— Мана, биз уй–жойимизни ташлаб, Сизнинг орқангиздан эргашиб келдик.
29Исо бунга жавобан деди:
— Сизларга чинини айтайин: ким Мен учун ва Хушхабар учун уй–жойини, ака–укаларини, опа–сингилларини, ота–онасини, болаларини ёки далаларини ташлаб кетса, 30у бу дунёнинг ўзидаёқ юз ҳисса ортиқ уй–жойларга, ака–укаларга, опа–сингилларга, оналарга, болаларга ва далаларга эга бўлади, шу билан бирга қувғин ҳам қилинади. Нариги дунёда эса абадий ҳаётга сазовор бўлади. 31Аммо биринчи бўлганларнинг кўплари охирги бўладилар, охиргилар эса биринчи бўладилар.
Исо Ўз ўлими тўғрисида учинчи марта гапиради
32Исо билан шогирдлари Қуддусга қараб кетаётган эдилар. Исо йўл бошлаб борарди. Шогирдлар хавотирда эди, Исонинг ортидан эргашган халқни эса ваҳима қамраб олганди. Исо ўн икки шогирдини четга олиб, Ўзи билан юз берадиган воқеаларни айта бошлади:
33— Мана, биз Қуддусга кетяпмиз. У ерда Инсон Ўғли бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари қўлига тутиб берилади. Улар Уни ўлимга маҳкум қилиб, ғайрияҳудийларга#10:33 ғайрияҳудийлар — ўша даврда Яҳудияда ҳукмронлик қилган Рим империяси амалдорларига ишора. топширадилар. 34Ғайрияҳудийлар Уни ҳақорат қиладилар, юзига тупурадилар, қамчилайдилар ва Уни ўлдирадилар. Лекин учинчи куни У тирилади.
Ёқуб билан Юҳаннонинг тилаги
35Забадиё ўғиллари Ёқуб билан Юҳанно Исонинг олдига келиб:
— Устоз, бизнинг бир тилагимиз бор, уни биз учун бажо келтиришингизни истаймиз, — дейишди.
36— Сизлар учун нима қилишимни истайсизлар? — деб сўради Исо. 37Улар:
— Сиз улуғвор тахтингизда ўтирганингизда, биримиз Сизнинг ўнг томонингизда#10:37 Сизнинг ўнг томонингиз — ўнг томон мурувват ва барака ўрни деб ҳисобланган., бошқамиз эса чап томонингизда ўтиришимизга рухсат беринг, — дейишди. 38Исо уларга деди:
— Сизлар нима сўраётганингизни билмайсизлар. Мен ичадиган азоб косасидан#10:38 азоб косаси — юнонча матнда коса, Исонинг азоблари ва хочдаги ўлимига ишора (шу бобнинг 32-34–оятларига қаранг). “Косадан ичмоқ” ибораси азоб–уқубат тортиб, жазо олиш маъносини билдиради (мисол учун, Забур 74:9, Ишаё 51:17, Еремиё 25:15 га қаранг). сизлар ича оласизларми? Мен бошдан кечирадиган қайғу–аламларга ботиб чидай оласизларми?
39Улар:
— Чидай оламиз, — деб жавоб беришди. Исо уларга деди:
— Сизлар–ку Мен ичадиган азоб косасидан ичасизлар, бошдан кечирадиган қайғу–аламларимга ўзингиз ҳам дучор бўласизлар. 40Аммо Менинг ўнг ёки чап томонимда ўтиришга рухсат бериш Менинг ихтиёримда эмас. Бу ўрин кимларга аталган бўлса, уларники бўлади.
41Қолган ўнта шогирд буни эшитиб, Ёқуб билан Юҳаннодан аччиқланиб кетишди. 42Исо эса уларни ёнига чақириб, деди:
— Бутпарастларга қаранглар, улар ҳукмдорларига иззат кўрсатадилар, ҳукмдорлари эса уларга ўз ҳукмини ўтказадилар, катта амалдорлари элга зўравонлик қиладилар. 43Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Аксинча, орангизда ким катта бўлишни истаса, сизларга хизмат қилсин. 44Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, ҳаммангизга қул бўлсин. 45Ахир, Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи бошқаларга хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни озод қилиш учун келган.
Исо Ерихо шаҳрида кўр одамнинг кўзини очади
46Исо билан шогирдлари Ерихо шаҳрига келдилар. Улар шаҳардан чиқиб кетаётганларида бир талай халойиқ уларга эргашди. Тимеюс ўғли Бартимеюс исмли бир кўр тиланчи йўл чеккасида ўтирган эди. 47У Носиралик Исо ўтиб кетаётганини эшитиб:
— Эй Довуд Ўғли#10:47 Довуд Ўғли — яҳудийлар шоҳ Довуд наслидан келиб чиқадиган Масиҳни шундай ном билан аташар эди. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги МАСИҲ сўзига қаранг. Исо, менга раҳм қилинг! — деб бақира бошлади. 48Кўп одамлар эса:
— Жим бўл! — деб унга дўқ қилишди. Лекин у:
— Эй Довуд Ўғли, менга раҳм қилинг! — деб янада қаттиқроқ бақирди.
49Исо тўхтаб:
— Уни чақириб келинглар, — деди. Одамлар келиб, кўр одамга:
— Дадил бўл, ўрнингдан тур. У сени чақиряпти, — деб айтишди.
50Кўр тўнини ечиб ташлаб, ўрнидан сакраб турди–да, Исонинг ёнига келди. 51Исо ундан сўради:
— Сен Мендан нима истайсан?
— Устоз, кўзларим кўрсин! — деди кўр. 52Исо унга:
— Боравер, ишончинг сени соғайтирди, — деди.
Ўша заҳоти у кўра бошлади. Сўнг Исонинг ортидан эргашиб кетди.
Currently Selected:
Марк 10: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020