YouVersion Logo
Search Icon

Матто 4

4
4–БОБ
Исони иблис васвасага солади
1Иблиснинг синовидан ўтиши учун Муқаддас Руҳ Исони саҳрога бошлаб кетди. 2Исо қирқ кун ва қирқ кеча рўза тутди, охири оч қолди. 3Шунда иблис#4:3 иблис — юнонча матнда васвасага солувчи, иблисга нисбатан айтилган ибора. келиб, Исони васвасага солмоқчи бўлиб деди:
— Агар Сен Худонинг Ўғли#4:3 Худонинг Ўғли — Исо Масиҳнинг унвони. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ ЎҒЛИ иборасига қаранг. бўлсанг, бу тошларга буюр, нонга айлансин!
4Исо унга жавобан деди:
— Ёзилганки: “Инсон фақат нон билан эмас, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди.”#4:4 Қонунлар 8:3 га қаранг.
5Кейин иблис Исони муқаддас шаҳар Қуддусга олиб борди. Уни Маъбаднинг энг юқори жойига чиқариб, 6шундай деди:
— Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни пастга ташла. Ахир, ёзилган–ку:
“У Сен тўғрингда фаришталарига амр беради,
Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин дея,
Фаришталар қўлларида Сени кўтариб боради.”#4:6 Забур 90:11-12 га қаранг.
7Иблисга Исо деди:
— “Эганг Худони синама”#4:7 Қонунлар 6:16 га қаранг., деб ҳам ёзилган.
8Сўнг Исони иблис баланд бир тоққа олиб чиқди. Унга оламнинг барча шоҳликларини ҳамда уларнинг ҳашаматини кўрсатиб, 9деди:
— Агар тиз чўкиб менга сажда қилсанг, буларнинг ҳаммасини Сенга бераман.
10Шунда Исо деди:
— Йўқол кўзимдан, шайтон! Ахир: “Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил”#4:10 Қонунлар 6:13 га қаранг., деб ёзилган–ку!
11Шундан кейин Исони иблис тарк этди. Фаришталар келиб, Исога хизмат қилдилар.
Исо Жалилада хизматини бошлайди
12Исо Яҳёнинг ҳибсга олинганини#4:12 Яҳёнинг ҳибсга олингани — 14:3-5 га қаранг. эшитгач, Жалила ҳудудига қайтиб борди. 13У Носира шаҳрида қолмай, Кафарнаҳумга бориб ўрнашди. Кафарнаҳум шаҳри Забулун ва Нафтали ҳудудидаги#4:13 Забулун ва Нафтали ҳудуди — қадимги Фаластиннинг шимолида бўлиб, Эски Аҳд даврида Забулун ва Нафтали қабилалари шу ерларда яшарди, Исо даврида эса у ерларда кўплаб ғайрияҳудийлар истиқомат қиларди. Жалила кўли бўйида жойлашган эди. 14Шундай қилиб, Ишаё пайғамбарнинг айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлди:
15“Эй Забулун ва Нафтали юрти!
Эй денгиз бўйидаги ерлар ва Иорданнинг нариги томонидаги ўлка!
Эй ғайрияҳудийлар Жалиласи!
16Зулматда юрган халқ ёрқин зиёни кўрди,
Ўлим соя солган юрт аҳолиси устига нур сочилди.”#4:15-16 Ишаё 9:1-2 оятларга ва Ишаё 9:1 нинг изоҳларига қаранг.
17Шу кундан бошлаб Исо: “Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди”, деб ваъз қиладиган бўлди.
Исонинг дастлабки шогирдлари
18Исо Жалила кўли бўйлаб кетаётган эди, икки ака–укани кўриб қолди. Бирининг исми Бутрус деб аталувчи Шимўн, укасиники Эндрус эди. Улар балиқчи бўлиб, кўлга тўр ташлаётган эдилар. 19Исо уларга деди: “Ортимдан юринглар, Мен сизларга одамларни овлашни ўргатаман.” 20Улар ўша заҳотиёқ тўрларини ташлаб, Исога эргашдилар.
21Исо бир оз юргандан кейин, Ёқуб ва Юҳанно деган икки ака–укани кўриб қолди. Улар отаси Забадиё билан бирга қайиқда тўр ямаётган эдилар. Исо уларни ҳам чақирди. 22Улар ҳам дарҳол қайиқни ва отасини қолдириб, Исонинг орқасидан эргашдилар.
Исо халққа таълим беради ва хасталарни соғайтиради
23Исо бутун Жалила ҳудудини кезиб юрарди. У синагогаларда таълим бериб, Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қиларди, одамларнинг ҳар хил хасталиклари ва дардларига шифо берар эди. 24Исо ҳақидаги хабар бутун Сурияга#4:24 Сурия — Рим империясига қарашли бўлиб, Жалила ҳудудининг шимолида, чегарадош вилоят эди. ёйилди. Турли–туман дарду иллатлардан қийналиб юрганларни, жинга чалинганларни, тутқаноқ ва шол касалига йўлиққанларнинг ҳаммасини Исонинг олдига келтиришарди. Исо уларнинг ҳаммасига шифо берарди. 25Жалиладан, Декаполис ҳудудидан#4:25 Декаполис ҳудуди — Самария ва Жалиладан шарқда жойлашган. Юнончада Декаполис номининг маъноси — ўнта шаҳар. Декаполис ҳудудида Юнон ва Рим маданиятларининг маркази бўлган ўнта шаҳар бор эди., Қуддусдан, Яҳудиядан ва Иорданнинг нариги томонидаги ерлардан кўплаб одамлар Исога эргашиб келарди.

Currently Selected:

Матто 4: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in

YouVersion uses cookies to personalize your experience. By using our website, you accept our use of cookies as described in our Privacy Policy