YouVersion Logo
Search Icon

Матто 28

28
28–БОБ
Исо тирилади
1Шаббат кунининг эртасига, якшанба куни тонготарда Магдалалик#28:1 Магдала — Жалила кўлининг ғарбий қирғоғидаги қишлоқ. Марям билан бошқа Марям#28:1 бошқа Марям — 27:56 га қаранг. қабрни кўргани боришди. 2Шунда тўсатдан қаттиқ зилзила бўлди, чунки Эгамизнинг фариштаси осмондан тушиб, қабр оғзидаги тошни ағдариб юборди. Фаришта ўша тош устига ўтирди. 3Унинг қиёфаси яшиндай порларди, кийимлари қордай оппоқ эди. 4Уни кўриб соқчилар шунчалик қўрқиб кетдиларки, титраб, мурдадай қотиб қолдилар.
5Фаришта аёлларга деди:
— Қўрқманглар! Биламан, сизлар хочга михланган Исони қидиряпсизлар. 6У бу ерда йўқ. Ўзи айтганидай, У тирилди. Мана, келиб кўринглар, У шу ерда ётган эди. 7Энди тезроқ бориб, Унинг шогирдларига: “Исо ўликдан тирилди. У сизларни Жалилада кутяпти. Уни ўша ерда кўрасизлар”, — деб айтинглар. Сизларга айтадиган гапим шу эди.
8Аёллар шоша–пиша қабр ёнидан кетдилар. Қўрқув ва чексиз севинчга тўлиб, Исонинг шогирдларига хабар бергани югуриб кетдилар. 9Бирданига Исонинг Ўзи уларнинг қаршисидан чиқиб:
— Салом! — деди.
Аёллар Исонинг олдига бориб, оёқларига ёпишганча Унга сажда қилдилар. 10Исо уларга деди:
— Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга: “Жалилага борар экансизлар”, деб айтинглар. Улар Мени ўша ерда кўрадилар.
Соқчиларнинг хабари
11Аёллар кетганларидан кейин, соқчилар бўлинмасидан бир нечтаси шаҳарга кириб, юз берган воқеа тўғрисида бош руҳонийларга айтиб бердилар. 12Бош руҳонийлар билан йўлбошчилар учрашиб, режа туздилар. Улар соқчиларга катта миқдорда пул бериб, 13шундай дедилар:
— Сизлар ҳаммага: “Исонинг шогирдлари кечаси келиб, биз ухлаб ётганимизда жасадни ўғирлаб кетишди”, деб айтасизлар. 14Борди–ю, бу хабар ҳокимнинг#28:14 ҳоким — яъни Пилат (27:2 изоҳига қаранг). қулоғига етиб боргудек бўлса, уни ўзимиз ишонтирамиз, сизларни ҳар қандай кўнгилсизликдан халос этамиз.
15Шундай қилиб, соқчилар пулни олиб, айтилгандай қилдилар. Воқеанинг шу таърифи бугунги кунгача#28:15 бугунги кунгача — шу китоб ёзилган вақтга ишора. яҳудийлар орасида кенг тарқалган.
Буюк топшириқ
16Ўн бир шогирд Жалила ҳудудига, Исо уларга тайин этган тоққа бордилар. 17Шогирдлар Исони кўрганлари заҳоти, Унга сажда қилдилар, баъзилари эса иккиланиб қолдилар.
18Исо келиб, уларга деди: “Еру осмондаги бутун ҳокимият Менга берилган. 19Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. 20Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Зотан, Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан.”#28:20 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўз оятга қўшимча қилинган: омин.

Currently Selected:

Матто 28: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in