YouVersion Logo
Search Icon

Матто 25

25
25–БОБ
Келиннинг ўнта дугонаси ҳақида масал
1Охирзамон яқинлашганда Осмон Шоҳлигини қуйидагига ўхшатса бўлади: келиннинг ўнта дугонаси мойчироқларини олиб, куёвни қаршилагани чиқишибди. 2Улардан бештаси нодон, бештаси доно экан. 3Нодонлари мойчироқларни олишибди–ю, аммо чироқ учун мой олишмабди. 4Донолари эса мойчироқлари билан бирга идишларда мой ҳам олибдилар. 5Куёв кечикибди, шу сабабдан ҳаммалари мудраб, ухлаб қолибдилар.
6Ярим кечаси: «Ана, куёв келяпти! Уни кутиб олгани чиқинглар!» деган бир овоз янграбди. 7Шунда қизларнинг ҳаммаси ўрнидан туриб, мойчироқларини тайёрлай бошлабдилар. 8Нодонлари доноларига айтибдилар:
— Бизга ҳам мойингиздан озгина беринглар, чироқларимиз ўчяпти!
9Донолари эса шундай жавоб берибдилар:
— Йўқ! Бизга ҳам, сизларга ҳам мой етмай қолади. Яхшиси, сотувчиларга бориб, ўзларингизга мой сотиб олинглар.
10Улар мой сотиб олгани кетишганда, куёв келиб қолибди. Тайёр турган қизлар куёв билан бирга тўйхонага кириб кетишибди. Орқаларидан эшик ёпилибди.
11Кейин қолган қизлар келиб:
— Ҳазрат! Ҳазрат! Бизга эшикни очинг! — дейишибди. 12Лекин У:
— Сизларни умуман танимайман, — деб жавоб берибди.
13Хуллас, ҳушёр бўлинглар, чунки қайси куни, қайси соатда келишимни билмайсизлар.
Учта хизматкор ҳақида масал
14Яна Осмон Шоҳлигини сафарга жўнаб кетаётган одамга ўхшатса бўлади. У кетишидан олдин хизматкорларини чақириб, ўз мол–мулкини уларга топширибди. 15У ҳар бирига қобилиятига яраша: бирига беш минг тилла, иккинчисига икки минг тилла, учинчисига эса минг тилла#25:15 …беш минг тилла…икки минг тилла…минг тилла… — юнонча матнда …беш талант…икки талант…бир талант… (шу бобнинг 16-28–оятларида ҳам бор). Бир талантнинг қиймати мардикорнинг ўн беш йиллик иш ҳақидан ҳам кўпроқ эди. бериб, жўнаб кетибди. 16Беш минг тилла олган хизматкор вақтни бой бермай, пулни ишга солибди ва яна беш минг тилла даромад олибди. 17Икки минг тилла олган хизматкор ҳам худди шундай йўл тутиб, икки минг тилла орттирибди. 18Минг тилла олган хизматкор эса бориб, чуқур қазибди–да, хўжайин берган пулини кўмиб қўйибди.
19Орадан анча вақт ўтибди. Хўжайин қайтиб келиб, хизматкорларидан ҳисобот сўрабди. 20Беш минг тилла олган хизматкори орттирган беш минг тиллани ҳам олиб келиб, шундай дебди:
— Хўжайин! Менга беш минг тилла берган эдингиз. Мана, қаранг, мен булардан ташқари яна беш минг тилла ишладим.
21Хўжайини унга:
— Баракалла! Сен яхши ва ишончли хизматкорсан! — дебди. — Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун сенга катта ишларни ишониб топшираман. Кел, менинг хурсандчилигимга шерик бўл.
22Икки минг тилла олган хизматкор ҳам келиб:
— Хўжайин! Менга икки минг тилла бергандингиз. Мана, қаранг, мен булардан ташқари яна икки минг тилла ишладим, — дебди. 23Хўжайини унга:
— Баракалла! Сен яхши ва ишончли хизматкорсан! — дебди. — Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун сенга катта ишларни ишониб топшираман. Кел, менинг хурсандчилигимга шерик бўл.
24Минг тилла олган хизматкор ҳам келиб шундай дебди:
— Хўжайин! Мен сизнинг қаттиққўл одам эканингизни билардим. Сиз экмаган ердан ўрасиз, ўзингиз етиштирмаган ҳосилни йиғиб оласиз. 25Шунинг учун мен қўрққанимдан бориб, берган тиллангизни ерга кўмиб қўйган эдим. Мана тиллангиз!
26Хўжайин унга шундай жавоб берибди:
— Эй ёмон, ялқов хизматкор! Мен экмаган ердан ўришимни, ўзим етиштирмаган ҳосилни йиғиб олишимни билар экансан, 27пулимни муомалага киритсанг бўлмасмиди?! Мен қайтиб келиб, пулимни фойдаси билан қайтариб олган бўлар эдим.
28Сўнг хўжайин дебди:
— Қани, ундаги минг тиллани олиб, ўн минг тилласи борга беринглар! 29Чунки кимда бор бўлса, унга яна берилади ва у мўл–кўлчиликда яшайди. Кимда йўқ бўлса, ҳатто бори ҳам тортиб олинади. 30Энди бу ярамас хизматкорни ташқарига, қоронғиликка улоқтириб юборинглар. У ерда бу ярамас қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекади#25:30 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Буларни айтиб, Исо хитоб қилиб деди: “Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”.
Қиёмат–қойим сўроғи
31Инсон Ўғли Ўзининг улуғворлигида, жамики фаришталари билан бирга келганда Ўзининг шоҳона тахтига ўтиради. 32Барча халқлар Унинг ҳузурига тўпланадилар. Чўпон қўйларни эчкилардан ажратгандай, У халқларни бир–биридан ажратади. 33У қўйларни ўнг томонига, эчкиларни чап томонига қўяди.
34Шундан кейин Шоҳ ўнг томонидагиларга айтади:
— Эй самовий Отамнинг баракасини олганлар, келинглар! Шоҳликни мерос қилиб олинглар! Бу шоҳлик олам яратилгандаёқ сизлар учун тайёрлаб қўйилган. 35Ахир, Мен оч эдим, Менга овқат бердингизлар. Чанқаган эдим, Менга ичимлик бердингизлар. Мусофир эдим, уйингиздан бошпана бердингизлар. 36Яланғоч эдим, Мени кийинтирдингизлар. Касал эдим, Менга ғамхўрлик қилдингизлар. Зиндонда эдим, Мени келиб кўрдингизлар.
37Бунга жавобан солиҳлар Унга шундай дейдилар:
— Ё Раббий! Қачон Сени оч ҳолда кўриб, овқат берибмиз?! Қачон чанқаганингни кўриб, бирон нарса ичирибмиз? 38Мусофир эканингни қачон кўриб, уйимиздан бошпана берибмиз? Яланғоч эканингни қачон кўриб, кийинтирибмиз? 39Касал ёки зиндонда бўлганингда қачон Сени йўқлаб борибмиз?
40Шоҳ уларга шундай жавоб беради:
— Сизларга чинини айтайин: сизлар энг кичик биродаримга қилган ҳар қандай яхшилигингизни Менга қилган бўласиз.
41Сўнг У чап томондагиларга ҳам айтади:
— Эй лаънатилар, кўзимдан йўқолинглар! Иблис ва унинг фаришталарига тайёрлаб қўйилган абадий оловга мубтало бўлинглар! 42Ахир, Мен оч эдим, овқат бермадингизлар. Чанқагандим, ичгани ҳеч нарса бермадингизлар. 43Мусофир эдим, уйингиздан бошпана бермадингизлар. Яланғоч эдим, Мени кийинтирмадингиз. Касал бўлдим, зиндонга тушдим, Мени келиб кўрмадингиз.
44Шунда улар айтадилар:
— Ё Раббий! Қачон Сени оч, чанқаган, мусофир, яланғоч, касал ҳолда ёки зиндонда эканингни кўрибмиз? Агар кўрганимизда эди, наҳотки Сендан хизматимизни аяган бўлардик?!
45У эса шундай жавоб беради:
— Сизларга чинини айтайин: сизлар энг кичик биродаримдан аяган яхшилигингизни Мендан аяган бўласизлар.
46Булар абадий жазога, солиҳлар эса абадий ҳаётга муяссар бўладилар.”

Currently Selected:

Матто 25: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in