Левилар 20
20
20–БОБ
Итоатсизлик учун жазолар
1Эгамиз Мусо орқали 2Исроил халқига шундай деди: “Ўз боласини Мўлахга қурбонлик қилган ҳар қандай одамга, Исроил халқидан ёки юртингизда яшаган мусофир бўлишидан қатъи назар, ўлим жазоси берилсин. Бутун жамоа уни тошбўрон қилсин. 3Мен Ўзим бундай одамга қарши чиқиб, уни халқ орасидан йўқ қилиб юбораман, чунки у фарзандини Мўлахга қурбонлик қилиб, Муқаддас чодиримни булғаган бўлади, Мен, Муқаддас Худони бадном этган бўлади. 4Борди–ю, жамоа бу одамнинг қилмишидан кўз юмиб, уни ўлдирмаса, 5Мен Ўзим бу одамга ва унинг хонадонига қарши чиқаман. Уларни халқ орасидан йўқ қиламан. Менга бевафолик қилиб, Мўлахга сиғинадиган барча издошларини улар қатори қириб юбораман.
6Агар бирор одам Менга бевафолик қилиб, арвоҳ чақирувчига ва фолбинга маслаҳат солса, Мен ўша одамга қарши чиқиб, уни халқ орасидан йўқ қилиб юбораман. 7Ўзларингизни Менга бағишланглар, муқаддас бўлинглар. Мен Эгангиз Худоман. 8Қонун–қоидаларимни битта қолдирмай бажаринглар. Сизларни муқаддас қиладиган Эгангизман. 9Отасини ёки онасини хўрлаган ҳар қандай одамга ўлим жазоси берилсин. Унинг қони ўз гарданида қолади.
10Агар эркак қўшнисининг хотини билан зино қилса, иккови ҳам ўлдирилсин. 11Отасининг хотини билан ётган эркак отасининг шаънига доғ туширган бўлади. Бундай эркак ва аёл ўлдирилсин. Уларнинг қони ўз гарданида қолади. 12Агар эркак ўз келини билан ётса, иккови ҳам ўлдирилсин. Ахир, улар ўтакетган разиллик қилдилар. Уларнинг қони ўз гарданида қолади. 13Агар эркак аёл билан ётгандай бошқа эркак билан ётса, уларнинг иккови жирканч иш қилган бўладилар. Иккови ҳам ўлдирилсин, уларнинг қони ўз гарданида қолади. 14Агар эркак хотин олиб, хотинининг онасига ҳам уйланса, у бузуқлик қилган бўлади. Уларнинг учалови ҳам тириклайин оловга ташлансин. Орангиздан бузуқликни йўқ қилинг. 15Агар эркак ҳайвон билан жинсий алоқа қилса, у ўлим жазосини олсин. Ҳайвон ҳам ўлдирилсин. 16Агар аёл ҳайвоннинг олдига бориб жинсий алоқа қилса, аёлни ҳам, ҳайвонни ҳам ўлдиринг. Уларнинг қони ўз гарданида қолади.
17Агар эркак ўз синглисига — отасининг ёки онасининг қизига уйланиб, у билан қовушса, шармандаликка йўл қўйган бўлади. Уларнинг иккови ҳам халқнинг кўзи олдида йўқ қилинсин. У синглисининг шаънига доғ туширгани учун жазога тортилсин. 18Агар эркак ҳайз кўрган аёл билан ётса, иккаласи аёлнинг ҳайз манбаини очган ҳисобланади. Уларнинг иккови ҳам халқ орасидан йўқ қилинсин. 19Холангиз ёки аммангиз билан ётманг. Бундай қилган одам ўз қондошининг шаънига доғ туширган бўлади. Уларнинг иккови ҳам жазога тортилсин. 20Агар эркак амакисининг хотини билан ётса, у амакисининг шаънига доғ туширган бўлади. Эркак ҳам, аёл ҳам жазога тортилсин. Улар фарзанд кўрмай ўтиб кетишади. 21Агар эркак акасининг ёки укасининг хотинига уйланса, ярамас иш қилган бўлади#20:21 Агар эркак акасининг ёки укасининг хотинига уйланса, ярамас иш қилган бўлади — эркак ўз акаси ёки укасининг тириклиги пайтида унинг хотинига уйланиши қатъиян ман этиларди. Фақатгина акаси ёки укаси фарзанд кўрмай вафот этгандагина, у марҳумнинг бева қолган хотинига уйланишга бурчли эди. Бундан мақсад марҳум қондошининг наслини давом эттириш эди (Қонунлар 25:5-6 га қаранг).. У акасининг ё укасининг шаънига доғ туширгани учун, улар фарзандсиз ўтиб кетишади.
22Қонун–қоидаларимни битта қолдирмай бажаринглар, токи Мен сизларни олиб бораётган юрт сизларни қусиб юбормасин. 23Мен олдингиздан қувиб юбораётган халқларнинг одатларига тақлид қилманглар. Улар бу ишларнинг ҳаммасини қилганлари учун, Мен улардан жирканиб кетдим. 24Сизлар уларнинг сут ва асал оқиб ётган юртини#20:24 сут ва асал оқиб ётган юрт — ниҳоятда ҳосилдор ерни билдирувчи ибора. Мўл–кўл сут — мол учун кўм–кўк яйловларнинг кўплигини билдиради. Асал — хурмодан олинадиган қуюқ, ширин мураббога ишора бўлиши мумкин. Мураббонинг мўллиги яхши ҳосил берадиган ерни билдиради. мулк қилиб оласизлар, деб Мен сизларга ваъда қилган эдим. Ўша юртни сизларга Мен бераман. Мен Эгангиз Худоман. Сизларни халқлар орасидан ажратиб олганман. 25Шундай экан, сизлар ҳалол билан ҳаром ҳайвоннинг фарқига, ҳалол билан ҳаром қушнинг фарқига боришингиз лозим. Ҳаром ҳайвону қушларни ва ерда судралиб юрувчиларни еб ўзингизни булғаманг. Мен уларни ҳаром деб эълон қилганман. 26Ўзингизни Менга бағишлаб, муқаддас бўлинглар, чунки Мен, Эгангиз, муқаддасман. Мен сизларни бошқа халқлардан Ўзим учун ажратиб олганман.
27Арвоҳ чақирадиган ва фолбинлик қиладиган эркагу аёлнинг жазоси ўлимдир. Уларни тошбўрон қилинг, уларнинг қони ўз гарданида қолади.”
Currently Selected:
Левилар 20: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020