YouVersion Logo
Search Icon

Левилар 2

2
2–БОБ
Дон назри
1Агар бирортангиз Эгамизга дон назрини келтирмоқчи бўлсангиз, сифатли буғдой унини назр қилинг. Буғдой унига зайтун мойини қўшиб, устига хушбўй тутатқидан қўйинг. 2Сўнг ўша буғдой унини Ҳоруннинг руҳоний ўғилларига олиб келинг. Руҳоний мой қўшилган сифатли уннинг бир ҳовучини ва устидаги тутатқининг ҳаммасини олиб, қурбонгоҳ устида куйдирсин. Бундай қилиш назрнинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Оловда куйдирилган бу назрдан Эгамизга ёқимли ҳид боради. 3Дон назрининг қолгани эса Ҳорун ва унинг ўғиллариники бўлсин. Назрнинг руҳонийларга тегишли бу қисми ғоят муқаддасдир, чунки у Эгамизга аталган, оловда куйдириладиган назрлардан қолган қисмидир.
4Агар тандирда ёпилган нонни дон назри сифатида келтирмоқчи бўлсангиз, зайтун мойига қорилган нонларни ёки юзига зайтун мойи суртилган чалпакларни назр қилинг. Уларни сифатли ундан ёпиб, хамиртуруш қўшманг. 5Агар товада пиширилган нонни назр қилмоқчи бўлсангиз, нонингиз зайтун мойига қорилган сифатли ундан ёпилган бўлсин. Унга хамиртуруш қўшманг. 6Нонни синдириб, устига зайтун мойидан қуйинг. Бу дон назридир. 7Агар назрингиз қозонда тайёрланган бўлса, у сифатли ундан тайёрланган бўлиб, зайтун мойида қовурилган бўлиши керак. 8Дон назрингизни қайси усулда тайёрлаганингиздан қатъи назар, уни Эгамизга олиб келиб, руҳонийга беринг. Руҳоний эса уни қурбонгоҳга олиб борсин. 9Руҳоний дон назрингизнинг бир қисмини олиб, қурбонгоҳда куйдирсин. Бундай қилиш назрнинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Оловда куйдирилган бу назрдан Эгамизга ёқимли ҳид боради. 10Дон назрингизнинг қолгани эса Ҳорун ва унинг ўғиллариники бўлсин. Назрнинг руҳонийларга тегишли бу қисми ғоят муқаддасдир, чунки у Эгамизга аталган, оловда куйдириладиган назрлардан қолган қисмидир.
11Эгамизга келтирадиган дон назрингизнинг бирортасига хамиртуруш қўшманг. На хамиртурушни, на қиёмни оловда куйдириб, Эгамизга назр қилманг. 12Хамиртуруш ва қиёмни илк ҳосил назрингизга қўшиб, Эгамизга келтиришингиз мумкин. Лекин Эгамизга ёқимли ҳид борсин деб, буларни қурбонгоҳ устида куйдирманг. 13Дон назрингизнинг ҳаммасига туз қўшинг. Зотан, туз Худойингиз сизлар билан тузган аҳдни билдиради#2:13 …туз Худойингиз сизлар билан тузган аҳдни билдиради — туз барқарорлик ва ўзгармаслик рамзидир, чунки қадимда туз баъзи озиқ–овқат маҳсулотларини ачиб қолишдан сақлаш учун ишлатилган. Бу ўринда туз аҳднинг барқарорлигини билдиради (Саҳрода 18:19, 2 Солномалар 13:5 га қаранг). Шу аҳдга кўра, Худо ҳеч қачон Унга сажда қилганларни тарк этмайди, сажда қилувчилар эса Худонинг қонунларига доимо риоя қилишлари шарт.. Шундай экан, бирорта назрингиз тузсиз бўлмасин.
14Агар Эгамизга илк ҳосилингиздан дон назри келтирмоқчи бўлсангиз, қовурилган янги буғдой бошоқларини туйиб, олиб келинг. 15Бу дон назри бўлгани учун унга зайтун мойини қўшиб, устига хушбўй тутатқидан қўйинг. 16Руҳоний туйилган буғдойнинг бир қисмини, устидаги мой ва ҳамма тутатқи билан бирга қурбонгоҳ устида куйдирсин. Бундай қилиш назрнинг ҳаммаси Худога тегишли эканини билдиради. Эгамизга атаб, оловда куйдирилган дон назри шудир.

Currently Selected:

Левилар 2: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in

Video for Левилар 2